ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                                АРКАДИЙ КОРАЛЬСКИЙ

(1918-1976)

Санъатшунослик фанлари номзоди, мусиқашунос Аркадий Коральский замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожига ўз ҳиссасини қўшди. У педагог ва моҳир лектор сифатида Ғарбий Оврўпа рус ва ўзбек мусиқа санъати намоёндаларини тарғиб қилди. Жаҳон ва ўзбек мусиқаси тўғрисида, турли мавзуларда мақолалар ёзди, анжуманларда маърузалар ўқиди. Билимдонлик ва инсоний фазилатлари билан мусиқа жамоатчилиги орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

Коральский Аркадий Яковлевич Ленинград шаҳрида 1918 йилнинг 25 декабрида туғилди. А.Коральский болалигидан фортепиано чалишни онасидан ўрганади, 1929 йили болалар мусиқа мактабининг фортепиано синфига кириб ўқийди. Ўқишни тугатгач, Аркадий М.П.Мусоргский номидаги Ленинград давлат мусиқа техникумининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга киради. 1941 йили А.Н.Римский-Корсаков номидаги Ленинград консерваторияси Тошкентга кўчиб келиши муносабати билан ўқишни шу ерда давом этади. А.Коральский 1946 йили консерваторияни профессор Ю.Н.Тюлин раҳбарлигида битириб, мусиқа мактабида ва ўзи ўқиган мусиқа техникумида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1947 йилда Тошкент консерваториясига ишга таклиф этилади ва умрининг охиригача сольфеджио, гармония, полифония каби фанлардан дарс берди, юқори малакали мутахассисларни тайёрлади, илмий изланишлар олиб борди. А.Коральский 1971 йилда «Ўзбекистон композиторлари ижодида ҳамда халқ мусиқа меросида полифония» мавзусида диссертация ёқлаб санъатшунослик фанлари номзоди бўлди, 1973 йили доцент илмий унвонга тасдиқланди.

А.Коральский Ўзбекистон композиторларининг ижодида полифониянинг ўрни масаласига асосий эътиборни қаратиб, «Ўзбекистон композиторларининг профессионал ижодида полифония», «Кантата ва оратория жанрлари Ўзбекистон композиторлари ижодида», «О некоторых элементах полифонии в узбекской народной музыке и их применение при обработках народных мелодий», «Путь в большое искусство» (М.Ашрафий хақида) илмий мақолаларни ёзади ва «Композиторы Узбекистана» (Ўзнашр. Т., 1951 й.); «Музыкальная культура сов. Узбекистана»), Ўзнашр, Тошкент 1955 й.); «О черте музыкальной культуры Узбекистана» (Тошкент 1968 й.); «Теоретические проблемы узбекской музыки» (Фан, Тошкент, 1968 й.); «Вопросы музыкознания» (2-нашр, Ўзнашр, Тошкент, 1971 й.); «История и современность» («Музыка», М., 1972 й.) тўпламларига киритади. Консерваторияда, филармонияда, ўқув юртларида, корхоналарда мусиқа санъатига оид турли мавзуларда 2000 дан ортиқ маъруза ўқиди.

Аркадий Яковлевич 1976 йили оғир касал бўлиб ётганда уни кўргани бордим. Ҳол-аҳвол сўрашганимиздан сўнг: «Мен бир воқеани сизга айтиб беришга қарор қилдим ва дунёдан кўз юмганимдан кейин ошкора қилишингиз мумкин. Чунки мен улуғ инсон Усмон Юсуповга сир сақлашга ваъда берган эдим. «... Кунлардан бирида, Ўзбекистон Марказий комитетининг биринчи котиби Усмон Юсупов 1942 йилнинг декабрида, кундузги ишларидан ҳориб, кечаси кабинетидаги радиони қўйса, шарқона симфоник мусиқа янграр экан. Мусиқани мириқиб тинглаб, ёрдамчисини чақириб «Отасига раҳмат, мен ҳозир ажойиб мусиқа тингладим. Радиога телефон қил, мусиқа муаллифини билиб, уларга айт, эртага у композиторни мукофотга ёки унвонга тавсия қилсинлар», деб вазифа берибди. Ёрдамчиси ҳам мусиқани тинглаган экан. Радиога телефон қилиб суриштирса, улуғ рус композитори Н.А.Римский-Корсаковнинг «Шаҳризода» симфоник асарини эшиттирдик, деб жавоб берибди. Ёрдамчиси Усмон Юсуповга айтайми ёки йўқми, деб иккиланиб, эсидан чиқиб кетса керак, деб ўйлабди. Анча вақт ўтгандан кейин у: «Суриштирдингми?» деб сўрабди. «Ҳа, суриштирдим. Мусиқанинг муаллифи улуғ рус композитори А.Н.Римский-Корсаков экан»,—деса, бир оз сукунатдан кейин: «Отасига раҳмат мана кўрдингми, мен ва сен ҳам дунё мусиқасидан бехабар эканмиз. Энди юзаки бўлса ҳам мусиқа тарихидан хабардор бўлишимиз даркор», — дебди. «Ленинград консерваториясининг директорига қўнғироқ қилиб айт, бирорта билимдон талабалардан бизнинг ҳузуримизга юбортирсин». П.Серебряков мени тавсия қилибди. Кечқурун мени машина келиб олиб кетди. Усмон Юсупов ва хотини самимий кутиб олишди. «Бизга мусиқа тарихи, айниқса, машҳур композиторларнинг асарлари билан оддий суҳбат қилиб таништирасиз, шу сабабли профессор домлаларни таклиф қилмадик. Сиз бизга бир ўғил сифатида хизмат қиласиз. Сизни фақат кечаси бўш вақтимда ҳайдовчи олиб келади. Менинг тириклигимда келишув ҳақида, ҳеч кимга айтмаслигингизни илтимос қиламиз”, дедилар. «Мен ваъда бердим, ҳаяжонландим бу учрашувдан. Эртасига машина келди. Дарсни улуғ рус классик композиторларининг шарқ мусиқасига муносабатлари ўз асарларида фойдаланишдан англашинишини айтдим, Н.А.Римский-Корсаковнинг «Шаҳризода»га тўхтаб, унинг хусусиятларини, мазмун-ифодасини тушунтириб, пианинода чалиб бердим ва пластинкада эшитдик. Усмон ака ва хотини жуда ҳам хурсанд бўлиб, менга омад тилашди. Шундай қилиб, бизнинг биринчи дарс-суҳбатимиз уларга маъқул келди ва 1943 йили ҳафтада икки марта учрашар эдик. 1944 йилда Ленинградга кетдим, ўқишимни битиргач, 1947 йили Тошкент консерваториясидан педагоглик ишига таклиф олдим. Яна жонажон Тошкентга келдим. Усмон ака билан учрашув дарсимиз 1949 йилга қадар давом этди. Бу инсонпарвар, довюрак, хуш-муомала, улуғ инсон менинг хотирамда абадийдир. 1966 йилда Усмон ака вафот этгани мен учун ҳам жуда оғир жудолик бўлди. Мана бугун эсга олганимдан ва сизга изҳор этганимдан мамнунман. Юрагимда сақлаб юрган гапни сизга етказганимдан хурсандман», — деб сўзни тугатди Аркадий Яковлевич.

Мусиқашунос А.Коральский ижодий педагогик ва жамоатчилик фаолияти билан замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъати таълими ва мусиқашунослик фани ривожланишига муносиб ҳиссасини қўшди.