Бугун 28-октябрь куни Ўзбекистон давлат консерваторияси Катта залида Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ўзаро ҳамкорлигида "Давр садолари - IV" Республика мусиқа фестивали доирасида, Республика ва Халқаро танловлар совриндори, доцент, моҳир композитор Муҳаммад Отажонов таваллудининг 60 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди. Концертда Ўзбекистон халқ артисти Шермат Ёрматов раҳбарлигидаги "Булбулча" болалар ва дирижёр, хормейстер Гулбаҳор Мансурова раҳбарлигидаги Р.Глиэр номли РИМАЛ қизлар хор жамоалари, "Шуҳрат" медали соҳиби, дирижёр Дилшод Муталов раҳбарлигидаги Ўзбекистон давлат Академик халқ чолғулари оркестри, Республика танловлари совриндори Зулхорбек Турапов раҳбарлигидаги "Регистон" ансамбли ҳамда бошқа кўплаб нуфузли танловлар совриндорлари бўлмиш моҳир ижрочилар қатнашдилар. Тадбирда табрик учун композиторнинг яқин дўстлари ва ҳамкасблари билан бир қаторда ижодий кеча меҳмони - Қозоғистон композиторлари лигаси раиси, Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Ортиқ Тўқсонбоев ҳам сўзга чиқди.