Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                            РАВШАН ҲАМРОҚУЛОВ

(1944)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, моҳир созанда, педагог-мураббий Ҳамроқулов Равшан Баҳромович ўзбек бастакорлик ижодиётининг анъаналарини давом эттириб келаётган истеъдодли бастакорлардан биридир. У 1996 йили Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолари сафига қабул қилинди. Ўзининг ёрқин ижоди ва ташаббускорлик фаолияти билан Самарқанд вилоятининг маданий ҳаётига самарали ҳиссасини қўшди.

Ҳамроқулов Равшан Бахромович Самарқанд шаҳрида 1944 йилнинг 4 апрелида таваллуд топди. У болалигидан мусиқага қизиқади. 1960 йилда Ҳожи Абдулазиз Расулов номидаги Самарқанд давлат мусиқа билим юртига рубоб синфига ўқишга киради. 1964 йилда мусиқа ўқув юртини муваффақиятли битириб Самарқанд давлат опера ва балет театрига ишга тайинланди. 1964-1965 йиллари Тожикистон давлат филармониясида созанда, 1965-1968 йиллари армия сафида, 1968-1971 йиллари «Лола» номли Тожикистон давлат ансамблида рубобчи-созанда бўлиб ишлади. 1972 -1976 йилларда С.Айни номидаги Самарқанд давлат педагогика институтининг мусиқа кафедрасида ўқийди. Мазкур олийгоҳда 1973 -1992 йилларда ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент лавозимларида, 1992-йилдан Самарқанд вилоят халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлари илмий методик марказида биринчи тоифали услубчи лавозимида ишлаб келмоқда.

Равшан Ҳамроқуловнинг бастакорлик ижоди 1972 йилдан бошланган. «Самарқанд» (В.Абдулло сўзи), «Самарқанд сеҳри», «Наргис кўзли», «Паризод» (Н.Нарзуллаев сўзлари), «Самарқанд жамоли» (А.Исроиловлар сўзи), «Ишим бордур ўша оҳуда» (Ҳ.Олимжон сўзи), «Мен эдим» (С.Сирожиддинов сўзи), «Этгали» (А.Орипов сўзи), «Бахтлар макони», «Зарафшон» (О.Икромов сўзлари), «Ор айлама» ва «Эй, улуғ шоир Навоий» (О.Гулханий сўзлари), «Бўлурму» (3.Обидов сўзи), «Онажоним» (Б.Юнусов сўзи) ва бошқа 100 дан ортиқ турли мавзуларда замондош шоирларнинг сўзларига қўшиқ, ашула, лапар ва яллалар яратди. У «Ўзбекистон — Ватаним маним» кўрик танловига бағишлаб ҳам жуда кўп қўшиқ яратди. «Ҳаққим борми сени Ватаним дейишга» (Х.Бобомуродов сўзи), «Ўзбекистоним» (Ж.Сувонов сўзи), «Номингдан айланай» ва «Чинор минорларига бор» (Х.Бобомуродов сўзлари), «Соз тутди элим» ва «Боламни асрагил» (Э.Шукуров сўзлари), «Сен сайқали жаҳондурсан, Самарқанд» (Д.Файзи сўзи), «Ўзбекистоним қўшиғи» (Б.Бойқобилов сўзи), «Истиқлол қўшиғи» (М.Зоир сўзи), «Кел, Самарқанд шаҳрига» ва «Бўлмағай» (А.Орипов сўзлари) шулар жумласидан.

2001 йилда унинг шоир О.Икромов шеърларига басталаган тўплами, “Рубоб тароналари”нинг биринчи қисми, 2003 йилда иккинчи қисми, шунингдек “Қашқар ва Афғон рубоби” учун 30 дан ортиқ этюдлар тўплами, 2004 йилда “Яхшиларни яхшиси” қўшиқлар тўпламини нашрдан чиқарди. 2006-2007 йилларда унинг “Билимдан топади қийматин инсон”, “Қўшиқ кўнгил мезони”, “Рубоб наволари”, 2013 йилда “Самарқанд мадҳи” ва “Қашқар ва Афғон рубоби” наволари услубий қўлланмаларини чоп этди.

1989 йили Р.Ҳамроқулов «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони билан мукофотланди.