Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                                НЕЪМАТЖОН ҚУЛАБДУЛЛАЕВ

(1930-2002)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли бастакор, хонанда ва созанда Неъматжон Қулабдуллаев ўзининг бетакрор санъати билан халқ дилидан чуқур жой олган.

Неъматжон Қулабдуллаев 1930 йили Чимкент вилоятининг Қўштегирмон қишлоғида туғилган. 1948 йилда Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртини, 1956 йилда Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимининг вокал синфида доцент Д.Муллақандов ва дутор синфида доцент Ф.Васильевлардан сабоқ олди. Н.Қулабдуллаев 30 йил давомида Қори Ёқубов номидаги ўзбек давлат филармониясида меҳнат қилди. Н.Қулабдуллаев дутор созандалиги ва хонандалик санъати билан 60 йил давомида нафақат республикамизда, балки Хитой, Миср, Араб амирликлари, Эрон, Туркия, МДҲ давлатларида ижодий учрашувлар ва концертларда қатнашиб, ўзбек мумтоз ва замонавий мусиқа санъатини кенг тарғиб қилди.

Н.Қулабдуллаев ижро этган «Индамади», «Ўйнасин», «Қўлда раъноси билан», «Жон бўлибди, жонон бўлибди», «Розиман», «Эй юрак», «Соғиндим, соғиндингми», «Она юртим Ўзбекистон», «Онадур ул онадур», «Кулгай» каби қўшиқ ва ашулалар хонандага шуҳрат келтирди.

Бастакор Н.Қулабдуллаев ўтган давр мобайнида қўшиқчилик жанрида ижодий изланди, анъанавий халқ услубида, турли мавзуларда, классик ва замондош шоирларнинг шеърларига 200 га яқин ранг-баранг қўшиқ ва ашулалар яратди. Бастакор яратган куйлар, қўшиқ ва ашулалари ўзи ва бошқа машҳур хонанда ва созандалар томонидан концерт дастурларида ижро этилган, радио тўлқинларида мунтазам жаранглайди. Хусусан, «Соғиндингми», «Ўзбеклар иши», «Интизор этма», «Дилда бормисан», «Зеболигингдан», «Кулиб, кулиб», «Эй юрак», «Дилором», «Билгайсиз», «Кунларим», «Бўлмоғил», «Овора бўлма», «Минг йил наззора қилсам», «Дуторим», «Ўзбекистоним», «Ўзбегим хазинаси» асарлари бастакор ижросида, «Ўзбекистон гуллари», «Хаёл», «Ўтмасмикан» ашулалари Олмахон Ҳайитова ижросида, «Кулгай», «Топмадим» асарлари Д.Қаюмова ижросида, «Эй соҳиби дил» К.Исмоилова ижросида, «Ўргилайин ёр бўйидан» Ҳ.Юсупова ижросида янграган.

Н.Қулабдуллаев дутор, най асбоблари ва халқ чолғу ансамбллари учун бир қатор куйлар басталаган. Бастакор яратган ва ижро этган асарлари Ўзтелерадиокомпаниясининг «Олтин фонди»да сақланмоқда.

Ўзбек мусиқа санъатининг ривожланишида ва тарғиб этилишида муносиб ҳисса қўшган бастакор, созанда ва меҳрибон устоз Неъматжон Қулабдуллаев «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони ва «Эл юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.