Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                               СУЛАЙМОН ЮДАКОВ

(1916-1990)

Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофотлари совриндори, композитор Юдаков Сулаймон Александрович XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин ва теран из қолдирди. Бу нодир истеъдод соҳиби, атоқли композитор бутун ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўзбек мусиқа санъатини ривожлантиришга бағишлади.

Юдаков Сулаймон (Соломон) Александрович Қўқон шаҳрида 1916 йилнинг 14 апрелида таваллуд топди. Ўзининг болалик чоғларини эслаб, шундай ҳикоя қилган эди: «Онамга ёрдам бериш учун 7 ёшимдан бошлаб Қўқоннинг марказий кўчасида пойафзал тозаловчи бўлиб ишлар эдим. Оилавий аҳволимни ва кечки мактабга эндигина борганимни билиб, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мени 1928 йили етим болалар уйига жойлаштирди.

Болалар уйида дамли чолғулар оркестри тузилган бўлиб, оркестр раҳбари менга флейта чалишни ва нотани ўргатди. У мусиқий қобилиятимни сезган бўлса керак, менга Москвада ўқишга маслаҳат ва ёрдам берди. 1932 йили Москва давлат консерваторияси қошидаги мусиқа “Рабфак”нинг флейта синфига ўқишга кирдим. 1934 йили «Рабфак»ни бекитишди ва консерватория қошида Москва давлат мусиқа техникуми очилди. Мени композитор М.Ф.Гнесиннинг тавсияси билан техникумни назарий, тарихий, композиторлик бўлимини биринчи курсига қабул қилишди. Техникумда дамли чолғулар оркестрига ҳам қатнашиб турдим. Композициядан аввал М.О.Меснерда, икки йилдан сўнг М.Ф.Гнесинда сабоқ олдим. 1938 йили тухникумни муваффақиятли битирдим. Ўша йили Москва давлат консерваториясининг профессори, композитор Р.М.Глиэр синфида композиициядан таълим ола бошладим. Курсни тамомлаганимда 1941 йили иккинчи жаҳон уруши бошланди ва мен Тошкентга қайтиб келдим. Урушдан кейин, қария онамга қарайдиган одам бўлмаганлиги сабабли ўқишимни давом эттира олмадим. Лекин ўз устимда доим ишладим, ҳамкасабаларим билан ижодим ҳақида ўртоқлашиб турдим”.

С.Юдаков шу муҳитда яшади, ўқиди, дунёни таниди, мусиқа оламининг мўъжизакор сирларини ўрганди, композитор бўлиб шаклланди. Москва консерваториясида ўқиб юрган йиллари турли чолғу асбобларга, ансамблларга мусиқа яратди. Унинг фортепиано учун ёзган этюд, прелюдия, вариация, сонатина, флейта ва фортепиано учун ёзган «Рондо», «Лирик куй», этюд, скрипка ва фортепинао учун ёзган «Скердцо», «Сонатина», торли квартет каби Шарқ мусиқа оҳанглари билан суғорилган асарларини консерватория талабалари қизиқиб ижро қилишар эди. 1940 йили талаба-композитор С.Юдаков истисно тариқасида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига қабул қилинди.

     С.Юдаковнинг мустақил ижодий фаолияти Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошланди. У 1941-1945 йилларда ўзбек ўғлони, юрт қаҳрамони Қўчқор Турдиевга бағишлаб «Олдинга босинг, ўртоқлар» ва «Дўстлар» (А.Лоҳутий сўзлари); «Чавандозлар қўшиғи» (Миртемир сўзи), «Жонга жон, қонга қон» (Т.Фаттоҳ сўзи) каби ватанпарвар оммавий қўшиқларни, «Ҳабиби ту манам» (Ҳ.Юсуфи сўзи) романсини, «Фарзанад» (Исмоилзода пьесаси, 1942 й.) мусиқали драмасини, торли квартет учун 3 та пьеса ва сюита, симфоник оркестр учун «Сюита» асарларини яратди. Ижод билан бирга С.Юдаков 1941-1942 йилларда Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий-тадқиқот институтида кичик илмий ходим бўлиб ишлади. 1943-1944 йилларда Тожикистон Давлат филармониясида бадиий раҳбар лавозимида ишлади. Тожик шоирларининг сўзларига бир қатор қўшиқ ва романслар яратди. 1945 йили Тожикистон Давлат мадҳиясини ёзиш учун кўрик-танлов эълон қилинди. Мазкур танлов учун бошқа композиторлар қаторида С.Юдаков ҳам А.Лоҳутий сўзига мадҳия ёзди. С.Юдаковнинг мусиқаси танлаб олиниб тасдиқланди, ҳозирга қадар сўзи ўзгартирилган ҳолда С.Юдаковнинг мадҳияси жаранглаб келмоқда.

     1946 йили С.Юдаков Тошкентга қайтиб келади ва ижодини давом эттиради. Т.Тўла сўзига хор, солист ва симфоник оркестр учун «Ғалаба» (1945 й.) кантатасини ёзди. А.С.Пушкин сўзига ўзбек, тожик ва рус оҳангларини пайваста қилган ҳолда «Куйлама соҳибжамол», «Гуржистон тепаликларида», «Булбул», «Тунги майин шабада», «Инозилья, мен бу ердаман» (1945 й.), А.Лоҳутий сўзига «Афсонаи дил» ва «Тасфири ту» каби романсларини, скрипка ва фортепиано учун «Шарқ поэмаси» (1946 й.)ни яратди. Композиторнинг “Шарқ поэмаси” ва «Куйлама соҳибжамол» романси ижрочиларнинг турли авлодлари репертуарларидан муносиб ва мустақил ўрин олган бўлиб, ҳозирга қадар ижрочи ва тингловчиларни мафтун этиб келмоқда.

     Скрипка, виолончель ва фортепиано учун «Сюита» (1946); иккита фортепиано учун «Сюита» (1948 й.) симфоник оркестр учун «Тантанавор увертюра» (1949 й.); торли квартет учун «Сюита» (1949 й.), А.Навоий сўзига «Басандаст» (1949 й.) романси, М.Миршакар сўзига «Алла» ва «Янги ғалабалар учун» қўшиқлари, М.Турсун сўзига хонанда, хор ва симфоник оркестр учун «О, қиз бола» қўшиғи ўлкамизнинг замонавий мусиқа санъатига яна бир истеъдодли, забардаст композитор мустақил равишда кириб келганидан дарак берган эди. С.Юдаков асарларида ўзбек ва тожик халқлари мусиқасининг таъсири бўлса-да, аммо ўз услубига хос мусиқалар яратишга катта эътибор бергани ҳам яққол сезилади. 1951-1953 йилларда С.Юдаков Ўзбекистон  Бастакорлар уюшмаси ҳайъатининг махсус котиби бўлиб ишлади.   

      С.Юдаков касб маҳоратини бадиий жиҳатдан етилиб бориши муҳим даври 1950-1980-йилларга тўғри келади. А.Мухтор сўзига ёзилган «Жон Ўзбекистон»,  «Меҳнат шодлиги», Ғ.Ғулом сўзига «Қирғизистон пахтакорларига», Ш.Рашидов сўзига «Дугоналар», «Оламда гуллар яшар», Т.Тўла сўзига «Карнавал вальси», А.Сурков сўзига «Ҳинди-руси бхай-бхай», «Тинчликсеварлар марши» каби жозибали, жўшқин қўшиқлар фикримизнинг далилидир. Айниқса бу ўринда композиторни 1950 йили Ғ.Ғулом сўзига ёзган, 1951 йилда эса Давлат мукофотига сазовор бўлган 6 қисмли «Мирзачўл» номли вокал-симфоник сюита, 1955 йилда Т.Тўла сўзларига ёзилган: «Менинг Ватаним» 4 қисмли кантата, «Висол» (1965 й.) вокал поэмаси, 1972 йил Ҳ.Ғулом сўзига ёзилган «Муборакбод» 5 қисмли кантата (болалар хор жамоаси ҳам қатнашади), 1972 йил  Миртемир сўзига солист, хор ва рақс жамоалари учун ёзилган «Альёр» вокал хореографик сюитаси, 1973 йил Э.Воҳидов сўзига солист, хор ва симфоник оркестр учун «Ўзбекистон» поэма-контатаси, 1975 йили  Т.Тўла сўзига «Ғалаба» ораторияси ёрқин мисол бўла олади. Шу номли 1945 йилда ёзилган мусиқа асосида яратилган мазкур оратория биринчи гал А.Навоий номидаги опера ва балет жамоаси томонидан кўтаринки руҳда муваффақиятли ижро этилди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, 1950-1970 йилларда Республикада ҳар йили оммавий хор, қўшиқ байрамлар ўтказилар эди. Байрамни ўтказишда хор жамоаларидан ташкил топган бир неча минг кишилик хор бошқа композиторлар асарлари қаторида С.Юдаковнинг «Мирзачўл» ва «Менинг Ватаним» (1955 йилдан) асарларини мунтазам ижро этар эди. 1972 йилдан бошлаб «Алёр» вокал-хореографик сюита ҳам энг кўп ижро этиладиган асарлар қаторидан муносиб ўрин олди.

    С.Юдаковнинг «Майсаранинг иши» номли биринчи ўзбек комик операси унга катта шуҳрат келтирди. 1958 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат катта Академик опера ва балет театрида саҳна юзини кўрган мазкур опера театрнинг асосий репертуарларидан бири бўлиб, ҳозирга қадар ижро қилинмоқда. Ҳамзанинг шу номли комедияси асосида С.Абдулла  ва М.Мухамедовлар либреттосини тайёрлашган. Бу опера 1959 йили Москвада ўтган Ўзбекистон адабиёт ва санъатининг ўн кунлигида Большой театрда саҳна юзини кўрган. Тез орада Москва давлат “РОМЭН” лўлилар театри рус тилида операни томошабинларга ҳавола этди ва узоқ йиллар давомида театр репертуарида сақланиб келди. 1960-йилларда мазкур опера Бошқирдистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Самарқанд опера ва балет театрларида ҳам саҳна юзини кўрди ва катта муваффақият қозонди. 1974 йили эса Польшани Лодзь шаҳри опера ва балет театрида ҳам томошабинлар қизғин кутиб олдилар. Операнинг биринчи ижрочилари: Ҳалима Носирова, Саодат Қобулова, Карим Зокиров, Саттор Ярашев, Жамол Низомхўжаев, Ҳусан Исмоилов, Михаил Давидовларнинг ижрочилик амплуалларида янгилик бўлди. Улар ижросида комплект граммофон пластинкалар миллион нусхада чоп этилди. Шуни айтиш жоизки, бутун дунёда яратилган энг машҳур опералар тўғрисида “Танланган 100 опера” номли китобда С.Юдаковнинг «Майсаранинг иши» операси ҳам тилга олинган. Мазкур опера биргина композиторга эмас, бутун Ўзбекистоннинг замонавий мусиқий маданиятига ҳам шуҳрат келтирди.

С.Юдаков 1970 йилларда Шарқда машҳур бўлган, латифа саркардаси Насриддин Афандига бағишлаб «Нариддин Афандининг ёшлиги» номли балет яратган эди. Балетнинг премьераси 1997 йилда Навоий номидаги Давлат академик катта опера ва балет театри жамоаси ижросида бўлиб ўтди ва томошабинлар олқишига сазовор  бўлди.

     Композитор С.Юдаков Р.Ҳамраев ва М.Мелькумовлар билан ҳамкорликда «Оқ йўл» мусиқали комедиясини яратди. «Шоҳи сўзана» (А.Қаҳҳор пьесаси), «Ганга қизи» (Р.Тагор асари), «Зуҳранинг мактуби», «Фурқат» драма спектаклларига, «Қачон атиргуллар очилади», «Темирчининг байроғи», «12-соатли ҳаёт» кинофильмларига мусиқа басталади. Унинг қалами остидан «Хоразмча байрам юриши», «Тантанавор увертюра», «Ёшлар поэмаси», «Фестиваль увертюраси», «Хореографик сюита» каби симфоник мусиқалари симфоник оркестрлар репертуарларидан муносиб ўрин олган. Композиторнинг симфоник мусиқий асарлари орасида она хотирасига бағишланган, мунгли «Поэма-рапсодия» алоҳида ўрин тутади. У бир талай камер-чолғу ансамбль ва оркестрларга ҳам асарлар яратди.

     С.Юдаков кўп қиррали ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланиш жараёнига улкан ҳисса қўшди ва бой мусиқий мерос қолдирди. Унинг буюк хизматлари орденлар, медаллар билан, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» ва «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонлар билан тақдирланган. С.Юдаков Давлат ва Республика давлат мукофотларининг совриндори.