Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                            ШОҲИДА ШОЙМАРДОНОВА

(1938-2020)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, уйғур аёллари орасидан етишиб чиққан биринчи профессионал композитор Ш.Шоймардонова Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига 1968 йили қабул қилинди. У уйғур ва ўзбек халқларининг мусиқий меросига таяниб, Оврупа ва рус классик мусиқа санъатининг жанр ва шакл қонун-қоидаларини ўзлаштириш орқали композитор сифатида шаклланди.

Шоймардонова Шоҳида Алиевна Шарқий Туркистоннинг Қашқар шаҳрида 1938 йилнинг 26 ноябрида таваллуд топди. Унинг болалиги Ғулжада ўтди. Бу шаҳарда ўқиди, мусиқага меҳр қўйди ва болалар мусиқа мактабида таълим олди. 1952 йили Урумчи шаҳар университетининг санъат факультетида сабоқ олди ва 1954 йили ўқишни битирди. Ўзи мактабда мусиқадан дарс бера бошлади. У йиллар давомида университетда уйғур халқининг машҳур созанда ва хонандаларидан 12 уйғур муқомларини, маҳаллий фольклорни ўзлаштирди ва келгусида ўзи ҳам шу йўналиш услубида ижод қила бошлади, куй ва қўшиқлар басталади. Профессионал композитор бўлиб етишиш ниятида Ш.Шоймардонова 1957 йили Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга кирди. 1959 йили тайёрлов бўлимини битириб, асосий босқичда профессор Б.Зейдман синфида композициядан сабоқ ола бошлади.

Илк асарлари орасида гобой ва фортепиано учун «Сонатина», торли квартет, фортепиано учун пьесалар, улуғ Алишер Навоий ва уйғур шоири Нимшаҳид шеърларига миллий руҳ билан суғорилган ашула ва романслар яратди. Скрипка ва симфоник оркестр учун яратган бир қисмли концерт диплом иши билан 1964 йили консерваторияни муваффақиятли битирди. 1964-1966 йилларда Ш.Шоймардонова Ўзбекистон радиоси Бош мусиқий таҳририятида мусиқа муҳаррири бўлиб ишлади.

Композиторлик малакасини ошириш ниятида Ш.Шоймардонова 1966-1970 йилларда консерваториянинг аспирантурасида профессор Б.И.Зейдман синфида таҳсил кўрди. Ана шу йилларда симфоник оркестр учун симфониетта ва симфония-поэма, турли жанрларда асарлар яратди. У 1970-1972 йилларда Ўзбекистон радиосининг чет эл таҳририятида катта муҳаррир лавозимида ишлади. 1972-1980 йилларда консерваториянинг Шарқ мусиқаси кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлади. Уйғур муқомини назарий ва амалий билимдони Ш.Шоймардонова 1981-1985 йилларда Ўзбекистон телерадиоси таркибидаги «Уйғур халқ мусиқаси ансамбли» бадиий раҳбари лавозимида ишлаган даврида уйғур муқомларининг олтитасини магнит тасмага ва грампластинкаларга ёздиришга эришди. 1987-1996 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг Халқ мусиқаси кафедрасида катта ўқитувчи ва доцент лавозимларида ишлади.

Виолончель ва фортепиано учун соната, симфониетта, симфония, «Тут сояси» номли мусиқали радио спектакль ва айниқса, 1978 йили Зулфия сўзига ёзган «Озод Шарқ аёли» номли кантата, 1986 йилда Олмаота Уйғур мусиқали театри буюртмаси асосида ёзилган «Салай чаққон» мусиқали комедияси тингловчиларга манзур бўлди. Сўнгги асар театрнинг гастроли туфайли Муқимий номидаги мусиқали театрда ҳам ўша йили саҳна юзини кўрди. Бундан илҳомланган композитор Ҳ.Ғулом билан ҳамкорликда «Муҳаббат навоси» мусиқали драмасини яратди. 1989 йили Муқимий номидаги мусиқа театрида саҳналаштирилди. Мазкур асарлар Ш.Шоймардоновага шуҳрат келтирди.

 

Ш.Шоймардонова уйғур ва ўзбек қўшиқчилиги равнақига ҳам баракали ҳисса қўшди. Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги эстрада-симфоник оркестри, дуторчилар ансамбли, ўзбек халқ чолғулари оркестри хонандалари учун 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди. Жумладан: «Келсам» ва «Келгин дўстим ўсакда» (Х.Ҳамроева сўзлари), «Кўклам ишқи» ва «Фарёд» (Л.Муталлиба сўзлари), «Нигоримга» ва «Деҳқон қизи» (Т.Содиқова сўзлари), «Кўрдим юзингни» (Машраб сўзи), «Уйғур қизи» (Х.Исломов сўзи), «Фарзандим» (И.Барагов сўзи), «Тарим қизига» (Х.Илахунова сўзи), «Ватаним» (Абдураҳмонов сўзи), «Сенга» (П.Собитова сўзи), «Юлдузлар» ва «Олтин балдоқ» (Т.Тўла сўзлари), «Гул қишлоғим» (А.Исроилов сўзи), «Муҳаббат вальси», «Роялда қиз бола» (М.Қориев сўзи), «Навбаҳор чорлайди» (З.Обидов сўзи), «Дуторингни қўлга ол» (Зулфия сўзи), «Тинчлик боладек азиз» ва «Толе ёр бўлсин» (Г.Жўраева сўзлари), «Ватаннинг эрка қизи» ва «Шодлик қўшиғи» (Усмон Носир сўзлари) каби қўшиқлари ижрочилар репертуаридан мустаҳкам жой олди.

Шоймардонова Шоҳида Алиевна 1993 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, 2000 йилда «Шуҳрат» медали ва бир неча фахрий ёрлиқлар билан мукофотланган.