Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                          ЗУМРАД ТЎЙЧИЕВА

(1944)

“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”, композитор Зумрад Тўйчиева Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1979 йили қабул қилинган. У симфоник, вокал-симфоник, камер-чолғу асарлари, қўшиқ-романслари ҳамда ўқитувчилик фаолияти билан республикамиз мусиқа санъатининг ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

З.Тўйчиева 1944 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида таваллуд топди. Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида Б.Мирзааҳмедов синфида қашқар рубоби чалиш сирларини ўрганди, композиторлик амалиётидан дарс олди. 1961-1966 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Б.Зейдман синфида таҳсил олди. Диплом иши сифатида Э.Воҳидов шеърига ёзилган хор, яккахон ва симфоник оркестр учун «Нидо» вокал-симфоник туркумини тақдим этди. Ассистент-стажёрликда касб малакасини оширди.

З.Тўйчиева 1966-1970 йилларда Республика халқ ижодий уйида услубчи, 1970-1974 йилларда консерваториянинг мусиқа назарияси кафедрасида ўқитувчи, 1974-2000 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида мусиқий-тарихий ва назарий фанлар кафедраси мудири, доцент лавозимларида ишлади. 2000 йилдан Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатида ўқитувчи, бўлим мудири лавозимларида фаолият олиб бормоқда.

З.Тўйчиева ўтган йиллар давомида мусиқанинг турли жанр ва шаклларида миллий руҳ билан суғорилган катта ҳажмли мураккаб асарлар яратди. Симфоник оркестр учун «Байрам увертюра»си, Ҳ.Шарипов сўзига «Табаррук тупроққа қасида» вокал-симфоник поэмаси (1964 й.), «1- Симфония» (1969 й.), яккахон, хор ва симфоник оркестр учун Зулфия шеърлари асосида «Хотин-қизларга қасида» вокал-симфоник туркуми (1986 йили ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ҳам ишланган), 1970 йили 6 қисмли симфоник сюиталар шулар жумласидандир. У қуйидаги камер чолғу мусиқа асарларини яратди: скрипка ва фортепиано учун «Ария вариациялари билан» (1965 й.), торли квартет учун учта Пьеса (1972-1978 й.), фортепиано учун «Сонатина» (1963й.), «6 та прелюдия»; 4 та пьеса. Бу асарлар 1980 йили «Болалар учун фортепиано альбоми»да нашр этилган. Композитор замондош шоирларнинг сўзларига қуйидаги романс ва қўшиқларни яратди: «Эслайсанми» (Т.Тўла сўзи), «Сайёралар кутганда» (Ҳ.Шарипов сўзи), «Не балога этдинг мубтало» (Зулфия сўзи), ўзбек халқ чолғу оркестри ва хонанда учун «Аёл мадҳияси» (Зулфия сўзи), жўрсиз хор (акапелла) учун «Алла» қўшиғи, болалар учун «Капалак» (М.Туропова сўзи), «Навбаҳор куйчиси» (Ё.Мирзо сўзи), «Ёз келди» (А.Орипов сўзи) қўшиқлари, фортепиано учун 10 та пьеса ва иккита фуга тўпламда нашр этилган.

З.Тўйчиева кўп йиллик педагоглик малакасининг маҳсули сифатида ўзбек композиторлари асарлари асосида 1989 йили «Полифониядан таҳлилий машқ ва масалалар» ўқув қўлланмасини, 1996 йили «Полифоник сольфеджио» дарслигини чоп этди.

Зумрад Тўйчиева 2014 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси”  фахрий унвони билан тақдирланди.