Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                          УЛУҒБЕК СОЛИҲОВ

(1945-2019)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, композитор Улуғбек Солиҳов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1985 йилда қабул қилинган. У ўзининг эстрада куйи ва қўшиқлари билан мусиқа жамоатчилигига танилди.

Улуғбек Солиҳов Урганч шаҳрида 1945 йилнинг 14 июнида туғилди. 1956 йилда ҳарбий билим юртига ўқишга кирди. Шу ерда у мусиқага қизиқди ва 1962 йили Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди, композициядан дарс олди ва 1967 йили ўқишни битирди. Ўша йили Улуғбек Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига қабул қилинди. У консерваторияда мутахассислик бўйича аввал Р.Вильданов, кейинчалик профессор Ф.М.Янов-Яновский синфида таҳсил кўрди ва 1973 йили фортепиано учун концерт диплом иши билан ўқишни битирди. Унинг скрипка ва симфоник оркестр учун ёзган концерти, фортепиано учун прелюдияси, япон шоирлари шеърлари, романс ва хор асарлари шунчаки талабалик машқлари бўлиб қолмасдан, балки бадиийлиги билан мусиқа жамоатчилигида яхши таассурот қолдирди ва ижрочилар репертуаридан жой олди.

У.Солиҳов меҳнат фаолиятини талабалик давридан бошлаган. 1964-1970 йилларда у Тошкент вилоят Зангиота болалар мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади, 1972 йили электро-техника заводи клубида эстрада оркестрига раҳбарлик қилди. Консерваторияни битиргач, 1973-1977 йиллари Ўзбекконцерт қошидаги Вокал-чолғу ансамблида созанда, 1977-1982 йилларда эстрада жамоалари учун ташкил этилган махсус курслар бошлиғи, 1983-1984 йилларда эстрада ансамбли раҳбари, 1984-2000- йилларда «Ўзбекконцерт»нинг бадиий раҳбари лавозимларда ишлаб келди.

У.Солиҳов фортепиано ва камер оркестр учун концерт-кино, виолончель ва симфоник оркестр учун концерт, симфония, фортепиано учун сонаталар, болалар альбоми, скрипка ва фортепиано учун соната, 100 дан ортиқ эстрада қўшиқларини яратди. Шунингдек, қуйидаги кинофильмларга мусиқа басталади: икки қисмли «Бахт гуллари» (режиссёр М.Зокиров), ўн қисмли «Тошкент манзаралари» ҳужжатли фильмлар ҳамда драматург М.Зокировнинг «Упавший с неба», «Сюрприз» оперетталарини яратган.

У.Солиҳов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони, “Дўстлик” (2010) ва “Меҳнат шуҳрати” (2012) орденлари билан тақдирланган.