Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                     ЕЛЕНА РОМАНОВСКАЯ

(1890-1947)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, педагог ва мусиқашунос Е.Романовская илмий-ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У В.А.Успенский ва Н.Н.Мироновлар билан бирга ўзбек ва бошқа Марказий Осиё халқлари мусиқа меросини ўрганиш, нотага ёзиб олиш ҳамда замонавий композиторлик ижодиётини ривожлантириш соҳасига тамал тошини қўйганлардан биридир. Романовская Елена Евгеньевна Санкт-Петербург ёнидаги Царское село (ҳозирда Пушкин шаҳри) 1890 йилнинг 25 майида таваллуд топди. Елена аввал черков қошидаги мактабда, кейин Санкт-Петербургда Владимирский хотин-қизлар педагогика мактабида ўқиди. У ерда умумтаълим фанлардан ташқари пианино чалиш ва мусиқа назариясидан дастлабки маълумот олди. 1908 йилда ўқишни битириб, Новгород губерниясига қарашли Летутино қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1912 йилда Черсновик шаҳридаги хотин-қизлар гимназиясида машҳур фольклоршунос Е.Линева билан яқиндан танишади ва унинг таъсири остида фольклоршунос бўлишни орзу қилади. У 1912 йили бўлғуси математик олим Всеволод Иванович Романовскийга турмушга чиқади, Варшава университетида ишлаши муносабати билан у ерда машҳур мусиқачилар, ёзувчи ва рассомлар билан яқиндан танишадилар. Елена Евгеньевна консерваторияда таълим олишни орзу қилади. Лекин 1914 йилда биринчи жаҳон уруши бошланиши сабабли университет Ростов-Дон шаҳрига кўчиб келди. 1917 йилнинг охирида улар Тошкентга кўчиб келишади. В.И.Романовский 1920 йил Ўрта Осиё давлат университетида математикадан дарс берди, фан доктори, профессор, 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлди, бир қатор ўзбек математик олимларини тарбиялади, Е.Е.Романовская халқ консерваториясида мусиқа назариясидан дарс бера бошлайди, кўплаб санъаткорлар, жумладан, В.А.Успенский, Ш.Шоумаров, А.Ваҳобовлар билан яқиндан танишади. Ўзининг мусиқашунослик малакаси етарли эмаслигини сезган Е.Е.Романовская 1925 йилда Ленинград консерваториясига ўқишга киради. 1929 йил битириб, мусиқашунос сифатида Тошкент давлат мусиқа техникумида, 1936 йилдан эса умрининг охиригача Тошкент давлат консерваториясида ишлади. У мусиқа назарияси сольфеджио, гармония ва мусиқа тарихидан дарс бериш билан бирга, 1931 йилда педагогика техникумлари учун мусиқадан дарслик дастурини, 1933 йилда ёш талаба-мусиқашунос Илёс Акбаров билан ҳаммуаллифликда умумтаълим мактаблар учун «Нота саводи» методик қўлланмасини ёзди. 1934 йилда бошланғич мактаб хорлари учун ўзбек халқ қўшиқлари 6 та намунасини нотага ёзиб олди. 1935 йил биринчи босқич мактаб болалари учун 30 та ўзбек ва рус қўшиқларидан тўплам тузди, 1938 йили ўзбек халқ мусиқаси асосида «Сольфеджио» дарслигини яратди. Консерваторияда 1937-1938 ўқув йилидан бошлаб ўзи тайёрлаган ўқув дастури асосида «Ўзбек халқ мусиқа мероси» ва «Замонавий мусиқа тарихи» дан дарс берди.

Е.Е.Романовская консерватория ва мусиқа техникумидаги ўқитувчилиги билан айни пайтда Ҳамза номидаги Санъатшунослик илмий тадқиқот институти томонидан ташкил этилган фольклор экспедицияларида фаол қатнашди. Халқ ижрочиларидан куй ва қўшиқларни нотага ёзиб олиб, тўпламлар чоп эттирди. Масалан: 1931 йил машҳур композитор ва фольклоршунос В.А.Успенский ва унинг шогирдлари И.Акбаров ва Ҳ.Муҳамедовалар билан ҳамкорликда Фарғона водийси бўйлаб фольклор экспедицияларида қатнашиб, асосан ўзбек аёллари, жумладан, Л.Саримсоқова ижросида бир талай ўзбек халқ қўшиқларини нотага ёзиб олди. 1934 йили И.Акбаров билан Хоразм вилоятида ўтказилган фольклор-экспедиция сафарида ҳам кўплаб халқ куй ва қўшиқларини ёзиб келиб, 1939 йилда «Хорезмская классическая Музыка» номида китоб чоп эттирди. 1935 йил Тожикистоннинг Тоғли бадахшон бўйлаб фольклор экспедициясидан ҳам кўпгина халқ мусиқа намуналарини нотага олди. 1936 йил Бухоро вилояти бўйича ўтказилган фольклор экспедициясида қатнашиб, ёзиб олинган 90 та замонавий қўшиқлардан 55 тасини нотага олади. 1939 йили Фарғона водийси бўйлаб ўтказилган экспедицияда Ҳамза қўшиқларини ва Ҳамзага бағишланган халқ қўшиқларини нотага ёзиб, 1941 йилда нашрдан чиқарди. 1939 йили у охирги марта Тошкент вилоятида ўтказилган фольклор экспедициясида қатнашиб, бир талай куй-қўшиқларни ёзди. Е.Романовская 1930-йилларда ўтказилган фольклор-экспедицияларнинг натижаларида, юқорида зикр қилинган тўпламлардан ташқари 1939 йили икки китобдан иборат «Ўзбек халқ қўшиқлари»ни, 1941 йилда икки томлик «Узбекские частушки» нота тўпламларини нашрдан чиқарди.

Ўзбек халқ мусиқа ижодининг билимдони ва тарғиботчиси Е.Романовская мусиқа ва театр тўғрисида илмий-маърифий мақолалар ёзди, анжуманларда маърузалар ўқиди. Унинг ёзган газета мақолалари орасида «Наследие, которая требует заботы и внимания», «Опыты гармонизации узбекской музыки», «Макомы Хорезма» кабилар алоҳида ўрин тутади. Журнал «Сов Музыка» №9 1934 йилда, «Музыкальное творчество Узбекистана», шу журнални № 7, 1937 й., «Тошбек и Гул-Курбон» (Помир халқ эртаги), журнал «Литература и искусство Узбекистана» книга 4-я, 1940й., «Узбекская народная музыка»; брошюра «Композиторы Узбекистана в дни Отечественной войны» Тошкент, 1944 г.; журнал «Звезда Востока» №11, 1947й. «Узбекский оперный театр» илмий мақолалари чоп этилган.

Ўзбекистон Композиторлари уюшмасига 1938 йилда аъзо бўлган, 1940-1945 йилларда масъул котиб бўлиб ишлаган Е.Романовская 1937-1940 йилларда консерватория директори, 1938-1944 йилларда «Санъат» нашриётида муҳаррир, 1944-1947 йилларда Ҳамза номидаги Санъатшунослик илмий-тадқиқот институти директори лавозимларида ишлади. У 1944 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.