Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

                    ЯН ПЕККЕР

(1906-1993)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, жамоат арбоби, мусиқашунос Пеккер Ян (Яков) Борисович XX аср ўзбек мусиқаси тарихида ёрқин из қолдирди. У замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнида туғилган муаммо ва зиддиятларни ечишда, ёш ўзбек композитор ва мусиқашуносларни тарбиялашда, мусиқа санъатини тарғиб қилишда миллий мақом санъатини ҳимоя қилишда астойдил хизмат қилиб, катта ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

Пеккер Ян (Яков) Борисович Россиянинг Астрахан шаҳрида 1906 йил 4 сентябрда туғилди. 1912 йили уларнинг оиласи Самара шаҳрига кўчади. Ян 7 ёшидан гимназияда, сўнгра умумтаълим мактабда ўқийди. У болалигидан мусиқага қизиқади ва 1920 йили мусиқа мактабида фортепиано чалишни ўргана бошлайди. Бу мусиқа мактаби 1924 йили мусиқа техникумига айлантирилади. Ян техникумда ўқишини давом эттириб, уни 1928 йили битиради. Ўша йили Москвадаги Гнесинлар номидаги мусиқа техникумида фортепиано бўйича ўқишни давом эттиради. 1931 йили техникумни битириб, Москва давлат консерваториясининг мусиқа тарихи ва назарияси факультетига ўқишга киради.

Москва консерваториясини 1936 йили битириб, Халқ маорифи буйруғига асосан янги ташкил топган Тошкент давлат консерваториясига ишга келди. Консерваторияда дарс беришдан ташқари Ўзбекистон радио комитетида бадиий раҳбар лавозимига тайинланди. Мазкур даргоҳда ўзбек адабиёти ва мусиқа санъати намояндалари билан яқиндан танишди ва Тошкентда умрининг охиригача ишлашга қарор қилди.

1941 йили Я.Б.Пеккер радиодан бўшаб, ўқитувчилик ва илмий иш билан шуғулланди. 1944-1948 йилларда у Ўзбек давлат филармониясига бадиий раҳбар лавозимига тайинланди. Филармониянинг директори М.Қориёқубов билан ҳамма ижро жамоаларининг фаолиятларини жонлантирдилар. Лекторий бўлими ташкил этилиб, ўзбек ва жаҳон халқлари мусиқасини тарғиб қилиш яхши йўлга қўйилган эди. Айниқса, Я.Б.Пеккер ўқиган маърузалари жуда қизиқарли ўтар эди, минглаб мусиқа мухлисларининг олқишларига сазовор бўлар эди.

Я.Б.Пеккер педагоглик ва раҳбарлик меҳнат фаолияти билан бирга илмий иш билан ҳам шуғулланди. У ўзбек халқи ўтмиш тарихини, маданият ва санъатини, адабиёт ва унинг намояндалари ижодларини ўрганишга ҳаракат қилади. Замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнини кўздан кечириб борди. Санъатнинг турли мавзу ва муаммоларига бағишланган мақолалари матбуот ва мусиқий-энциклопедияларда чоп этилиб келди. Масалан: Филармония қошида 1938 йилда ташкил топган ўзбек халқ чолғулари оркестри фаолияти тўғрисида, санъат арбоблари орасида тортишувлар, ечилмаган муаммоларнинг муҳокамаси авжига чиққан пайтида Я.Б.Пеккер «Сов.музыка» журнали 1949 йил №5 сонида «Узбекский оркестр народных инструментов» номли оркестрнинг 10 йиллигига бағишланган илмий мақоласи чиқди ва тортишувлар анча пасайди. Мазкур журналнинг 1949 йилги №11 сонида шоир, драматург ва бастакор Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг бастакорлик фаолиятига бағишланган илмий мақоласи чоп этилди. 1967 йили «Сов.литература» журналида инглиз ва немис тилларида «Узбекская опера» илмий мақолалари чоп этилди. Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти, композитор ва этнограф В.А.Успенскийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида монографик китоб икки марта 1952, 1959 йиллар рус тилида, 1952 йили ўзбек тилида Тошкентда чоп этилган. 1966 йили нашрдан чиққан китобда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Г.А.Мушель ҳаёти ва ижодий фаолияти ёритилган. «Узбекская опера» мавзуида номзодлик диссертациясини ёзиб, 1956 йили ёқлаган ва шу диссертация асосида 1963 йили «Узбекская опера» китоби «Мусиқа» нашриётида Москвада чоп этилди. Мазкур китобни қайтадан кўриб чиқиб, янги қўйилган операларни таҳлил қилиб, 1984 йили «Сов. композитор» нашриётида Москвада чоп эттирди. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1942 йилдан аъзоси, мусиқашунос олим Я.Б.Пеккер республикамиз замонавий мусиқа санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун 1956 йили унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони берилган.