Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                           МУҲАЙЁ НАБИЕВА

(1978)

Муҳайё Набиева республикамизда композиторлик ижодиётини кенг тарғиб қилишда самарали ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли мусиқашунослардан.

Набиева Муҳайё Намаджоновна 1978 йилнинг 6 апрелида Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Мусиқа мактабида фортепиано синфида ўқиган, 1993-1997 йилларда Бухоро давлат санъат билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида таълим олган. 1997-2001 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси “Мусиқа тарихи” факультетининг бакалавр босқичида, 2001-2003 йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясининг магистратура босқичида, 2003-2007 йилларда “Мусиқа санъати” ихтисослиги бўйича аспирантурада профессор Д.Муродова синфида таҳсил олган.

М.Набиева меҳнат фаолиятини талабалик йилларидан бошлаган. 1998-2000 йилларда Тошкент шаҳридаги 7-сонли болалар мусиқа мактабида, сўнгра, Ҳамза номидаги мусиқа билим юртида, Р.Глиэр номидаги мусиқа мактаб интернатида ёш авлодга мусиқий-назарий фанлардан дарс берди. 2007-2010 йилларда Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Мусиқа тарихи ва танқид” кафедрасида катта ўқитувчи вазифасида ишлаб талабаларга “Жаҳон халқлари мусиқа тарихи” фанидан маърузалар ўқиди. 2002-2017 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси масъул котиби, 2018 йилдан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Ижодий шўъба” бош мутахассиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Мусиқашунос М.Набиеванинг илмий изланишлари йўналиши Ўзбекистонда балет санъати тарихи ва тараққиётига бағишланган. Унинг балет санъатини ўрганиш ва тадқиқ этишга йўналтирилган бир қатор илмий мақолалари Республика ва халқаро конференциялар мақолалар тўпламларида чоп этилган. «Ўзбекистонда замонавий балет санъати: ҳозирги ҳолати ва келажаги» («Ўзбекистонда замонавий мусиқа санъати муаммолари» илмий-амалий конференцияси тўплами, 11.05.2006), «Ўзбек телебалетлари ҳақида» («Мусиқа санъати ва замонавийлик» илмий-амалий конференцияси тўплами, 08.05.2007), «Ўзбекистон балетларида ижрочилик масалалари» («Мусиқий ижрочилик масалаларига» бағишланган Халқаро илмий-назарий, илмий-амалий конференция тўплами, Т., 30.11.2007), «Ўзбекистон балетида миллий анъаналарнинг ифода топиши» («Ўзбекистон санъати: анъаналар ва ижодий изланишлар» мавзуидаги ёш санъатшуносларнинг илмий-амалий конференцияси тўплами, 11.12.2007) шулар жумласидан.

М.Набиева Ўзбекистон мусиқа санъатини кенг доирада ўрганиш ва тарғиб этишда ҳам яхши натижаларга эришди. Ҳ.Раҳимов билан ҳаммуаллифликда Ўзбекистон халқ артисти, таниқли хонанда Назира Аҳмедова ҳаёти ва ижодига бағишланган монографиясини ёзди  (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2016), И.Азимовнинг “Дада-Али Соатқулов” монографиясини рус тилига таржима қилди (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2017). Шунингдек, “1990 йиллар композиторлик ижодида А.Навоий назми” (Мусиқа ижодиёти масалалари. Мақолалар тўплами, II китоб. “Янги аср авлоди”, Тошкент, 2002), Миллий опера асосчиларидан бири. (Т.Содиқов ижодига бир назар) («Театр» журнали, 2004 йил, 5-6 сонлар), «Хумо» - эзгулик рамзи («Театр» журнали, 2007 йил, 3-4 сонлар), “Б.Лутфуллаев ижодида Навоий назми” (А.Навоий таваллудига бағишланган “Навоий ва мусиқа” илмий – амалий конференцияси мақолалар тўплами, Т., 2011) “М.Ашрафийнинг “Севги тумори” балетида аёл образи” (Muxtor Ashrafiy va XXI asr. T., 2012), “Буюк алломалар: мусиқий бағишлов” (“Мозийдан садо” журнали, 2017 йил, 3/75-сон) олима қаламига мансуб.

М.Набиева бир қатор ўқув қўлланмалар ва адабиётларнинг мусиқа муҳаррири ва махсус муҳарриридир. А.Жабборовнинг “Ўзбекистон бастакорлари ва мусиқашунослари” маълумотномасининг 2-таҳрири (янги таҳрирда “Ўзбекистон композиторлари, бастакорлари ва мусиқашунослари”), Т.Головянц ва Е.Мейкенинг “Композиторы и музыковеды Узбекистана. Справочник” китобининг 2-таҳрири шулар жумласидан.

М.Набиева мусиқага оид янгиликлар, композиторларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган оммабоп мақолалари билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тошкент оқшоми”, “Ҳуррият” каби бир қатор рўзномаларда мунтазам чиқишлар қилиб келмоқда. Ўзбекистон ва жаҳон композиторларига бағишланган радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувларда интервьюлар бериб, кенг жамоатчиликнинг маънавий дунёқарашини бойитишда ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида фаолияти давомида М.Набиева Ўзбекистон мусиқа санъати намоёндалари, композиторлар ижодини тарғиб қилишда, Халқаро симфоник мусиқа фестивали (Тошкент-Самарқанд, 2002, 2005, 2007 йиллар), Н.Ахмедова номидаги Республика Халқаро хонандалар танловларини ташкил этилишида ва ўтказилишида жонбозлик кўрсатди. Бугунги кунда ҳам республика ва халқаро фестивалларни ўтказиш, уларни кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган йирик ижодий проектлар устида изланишлар олиб бормоқда. М.Набиеванинг ташкилий ва ижодий фаолияти мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, 2011 йилда уюшма аъзолигига қабул қилинди. 2016 йилда “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.