Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                            АБДУСАИД НАБИЕВ

(1950)

Композитор Набиев Абдусаид Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1988 йили қабул қилинди. У ўзининг сара асарлари билан замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Набиев Абдусаид Сафиевич 1950 йилнинг 16 октябрида Тошкентда ўқитувчи оиласида туғилди. У 1957-1967 йилларда ўрта умумтаълим мактабда ўқиди, айни пайтда мусиқа мактабининг ўзбек халқ чолғулари бўлимида чанг чалишни ўрганди. 1967 йилдан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг мусиқа-педагогика факультетида сабоқ олди. Мусиқа басталашни ўрганиб, ҳар хил куйлар ёзди. Таниқли композитор Р.Вильдановдан композициядан бир неча дарс олди. Бунинг натижасида фортепиано учун «3 пьеса» пайдо бўлди. Ўқишни битиргач, Тошкент вилояти болалар мусиқа мактабида ўқитувчилик қилади. Бироқ, мусиқа басталаш иштиёқи кун сайин ортиб борди. А.Набиев 1971 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кирди. У мутахассисликдан аввал С.Жалилдан сабоқ олди, сўнгра Б.И.Зейдман синфида ўқишни давом эттирди ва 1977 йили консерваторияни муваффақиятли битирди. Ҳарбий хизматдан кейин у 6 ва 8-сон болалар мусиқа мактабида ўқитувчилик ишини давом эттирди. 1981-1983 йиллари Республика ҳарбийлаштирилган дамли чолғуларда тарбияланувчи мусиқа-интернатида фортепианодан дарс берди.

1984 йили Республика ўқувчилар саройи бадиий бўлимида жўрнавоз бўлиб ишлади. 1986 йилда миллий чолғулар ансамблига бошчилик қилди. Сўнгра ўқувчилар саройида «Юлдуз» рақс ансамблида концертмейстерлик қилди. У 1971-1987 йилларда фортепиано учун пьеса, сўзсиз қўшиқ, 2 та прелюдия, рақс, токката, алла, рондо, вариациялар, вальс-миниатюра, скерцо асарларни яратди. Айниқса, машҳур ўзбек халқ куйи «Тановар»ни дутор ва танбур жўрнавозлигига ўхшатиб қайта ишлаган фортепиано пьесаси республикамиз ва чет эл пианиночилари ижросида машҳур бўлиб кетди.

Шунингдек, муаллиф скрипка, виолончель ва фортепиано учун «Трио», скрипка ва фортепиано учун «Соната», флейта ва торли квартет учун «Тонг отиши» пьесаси, симфоник поэма, торли квартет, гобой ва фортепиано учун пьеса, флейта ва фортепиано учун пьеса, виолончелчилар квартетига «Сюита», хор, яккахон ва симфоник оркестр учун «Кантата», фортепиано ва симфоник оркестр учун бир қисмли «Концерт», халқ чолғулари оркестри учун пьеса, симфоник оркестр учун «Вальс», «Ўзбекча сюита», камер симфоник оркестр учун «Симфония», жўрсиз хор учун «Ёшлик қўшиғи» З.Обидов сўзи, болалар хори учун «Баҳор ҳақида қўшиқ» (А.Ҳожи сўзи) ва ўзининг шеърига «Спорт ҳақида қўшиқ», А.Носирова сўзига «Баҳор келди» қўшиғи, В.Саъдулла сўзига «Палов» қўшиғи, Ш.Одил сўзига «20-ёшим» романси, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Баёт рақси» ва «Дуторим» куйларини қайга ишлади. Республика қўғирчоқ театри учун «Фотиманинг саргузаштлари» (Н.Ҳабибуллаев пьесаси)га мусиқа басталади. Бу мусиқали эртак 1987 йил қўғирчоқ театрлари фестивалида биринчи ўринни эгаллаган. 1989 йили Сиэтл (АҚШ), 1990 йил Ҳиндистон, Покистон ва МДҲ мамлакатларида ижро этилган. 1993 йили Й.Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилган «Таронинг тоғлардаги саргузашти» (Миско Мабудо-«Япон эртаклари» асосида, 1991 й.) мусиқали эртак ҳам диққатга сазовордир. А.Набиев бу спектакль мусиқасини ёзишда япон фольклорига мурожаат этган. Ўзбекфильм буюртмаси билан «Ўғриям одам» кинокомедиясига мусиқа ёзди. (Режиссёр И. Эргашев). Бу фильм МДҲ мамлакатларида намойиш этилган. Турк халқи ҳаётидан олинганлиги учун композитор шу услубда мусиқа басталайди. 1994 йил камер оркестр учун ёзилган «Шабада» виртуоз асари эшитувчиларни ўзига тортиб шу пайтгача концерт залларида, ижодий учрашув ва байрамларда ижро этиб келинмоқда. Бу тоифадаги асар машҳур итальян созандаси ва композитори Н.Паганинининг «Абадий ҳаракат» услубида ёзилган. Бундай асарлар қаторига А.Набиевнинг камер оркестри учун 2000 йилда ёзилган «Шодиёна» ва 2002 йилда камер ансамблига ёзилган куйлар, «Мадҳия» (1999 й.) эстрада қўшиғи киради. 2001-2002 йиллари А.Набиев фортепиано ва камер оркестр учун «Муножот» пьесасини, дўмбира ва ХЧО учун Концерт (2007), ғижжак ва ХЧО учун Концерт (2008), чанг ва ХЧО учун Концерт (2009)ларни яратди. Муаллиф бу асарларида ҳам, соло чолғулари ва оркестрда миллий нола ва қочиримлар жарангдорлигидан моҳирона фойдаланган.

Композитор ўзбек мусиқаси табиатининг жаз услубига бўлган муайян яқинлигини топди. Натижада «Сайқал», «Сўзсиз қўшиқ», «Тановар», «Шабада», «Шодиёна», «Бахтиёр», «Навқирон ёшлар» каби асарлари пайдо бўлди.