Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

                            ДИЛОРА МУРОДОВА

(1955-2020)

Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси аъзоси (1998 йилдан), санъатшунослик фанлари номзоди, профессор Дилора Муродова Ўзбекистонда етакчи мусиқашунослардан бири. Унинг илмий-ижодий қизиқишлари асосан Марказий Осиё мусиқали театр тарихи ва назарияси билан боғлиқ бўлиб, илмий, оммабоп ва ўқув-услубий йўналишдаги тадқиқот, мақола, тақриз, маъруза ва телерадио чиқишларида намоён бўлди. Шу билан бир қаторда Д.Муродова ўз фаолиятини Ўзбекистон давлат консерваториясининг педагогик, маънавий-маърифий жамоатчилик ва раҳбарлик ишларига бағишлади.

Муродова (Одилхўжаева) Дилора Аҳмедовна Тошкент шаҳрида 1955 йил 16 июнда туғилди. Ёшлигидан мусиқага ихлос қўйган Дилора 1962 йили Р.Глиэр номидаги Республика ўрта махсус мусиқа мактаб-интернатининг фортепиано бўлимига қабул қилинди. Мусиқий-назарий фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, мусиқа назарияси бўлимида ҳам таҳсил олди. Мазкур мактабни иккита йўналиш бўйича битиргандан сўнг, 1973 йили Дилора Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетига ўқишга қабул қилинди.

1978 йили Тошкент давлат консерваториясини имтиёзли диплом билан тугаллаган Дилора Муродова П.Чайковский номидаги Москва давлат консерваториясининг аспирантурасига ўқишга киради. Таниқли мусиқашунос, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Марина Сабинина раҳбарлигида у «Становление и эволюция оперного жанра в Республиках Средней Азии и Казахстана» мавзуидаги номзодлик диссертациясини ёзди ҳамда 1989 йили ҳимоя қилиб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлади.

1982 йилдан Д.Муродованинг фаолияти Тошкент давлат консерваторияси билан чамбарчас боғлиқ. У мусиқа тарихи кафедраси ўқитувчисидан доцент, профессор (2003й.) лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Ташкилий ва жамоат ишларида жонбозлик кўрсатиб, 1982-1986 йилларда у факультетлараро талабалар илмий-тадқиқот ва ижодий ишлари бўйича масъул, 1989-1999 йилда аспирантура бўлими бошлиғи, 2000-2005 йилларда консерваториянинг илмий-ижодий ишлар бўйича проректори, 2005-2013 йилларда ректор вазифаларида фаолият кўрсатди.

Дилора Муродованинг илмий-ижодий ишлари республикамиз мусиқа санъати ва маданияти, шунингдек, Ўзбекистон композиторлик ижодиёти, ўзбек мусиқали театри тарихи, олий таълим масалалари каби долзарб мавзуларга бағишланган бўлиб, ўзбек ва рус тилларида битилган турли жанрдаги мақолаларда ўз аксини топди. Жумладан, «К проблеме возникновения камерной оперы в Узбекистане» (Вопросы музыки и эстетики. Т., 1980), «К вопросу об общих закономерностях развития оперного жанра в республиках Средней Азии и Казахстане» (Актуальные проблемы современной музыки. Т., 1981), «Опера и музыкальная драма: изоляция или взаимодействие?» (Взаимообогащение музыкальных культур стран СНГ. Проблемы музыкального театра. Т.2. М., 1994), «Мусиқа театрининг анъаналарига доир» (Ўзбекистон санъати, 1981, № 11), «Опера ва мусиқали драма» (Ўзбекистон санъати, 1982, № 11), «Марказий Осиёда мусиқали театр тараққиёти муаммолари» (Шарқ тароналари. Халқаро фестиваль йўлдоши. Самарқанд, 1997, № 3 - ўзбек ва инглиз тилида), «Шарқ халқлари мусиқа санъатининг муштараклиги» (Шарқшунос, 1997, № 3), Мусиқа санъатидан нурланган маскан» (Таълим тизимининг маънавий-маърифий масалалари. Т., 2001), «Мустақиллик даври Ўзбекистон композиторлик ижодиёти тўғрисида» (Мусиқа ижодиёти масалалари. 2-китоб. Т., 2002 й.). Д.Мурадованинг замонавий мусиқа масалаларига бағишланган ва илмий асосланган фикрлари «Театр» журналидаги «Санъаткорнинг сирли калити», «ХХ аср Ўзбекистон санъатининг Истиқбол тимсоллари» китобидаги «Санъат ғунчалари» бобида, «Шашмақом анъаналари ва замонавийлик» Халқаро илмий амалий конференция материалларида «Шашмақом ва замонавий мусиқий таълим» мақоласи (2005 йил), «Мусиқа санъати ва замонавийлик» Ўзбекистон давлат консерваторияси илмий амалий конференцияси материалларида «Создание учебно-методической литературы – веление времени» (2008 йил) мақоласида кенг ўрин олган.

 

1982-йилда “Ўзбекистон совет санъати” журнали эълон қилган “Ёш тадқиқотчилар” танловида иштирок этиб, 1-даражали дипломга эга бўлди. 2007-йилда МДҲ мамлакатлари ёш олимлари ўртасида ўтказилган танловда муваффақиятли иштирок этиб, махсус грант ютди ва унинг асосида Москва санъатшунослик институти таҳрири остида кўп жилдли нашрда унинг “Опера и музыкальная драма” тадқиқоти монография сифатида нашр этилди. 2007-йилда илмий фаолият натижалари ҳисобга олиниб, Д.Муродовага “Йил лауреати” унвони берилган ва 2009 йилда лауреатлар ўртасида танлов асосида “Antic world” Халқаро академияси томонидан фан доктори унвонида тасдиқланди.

Д.Муродова талайгина тадқиқот, номзодлик ва докторлик диссертацияси, дарслик, мақолалар тўплами, ўқув қўлланмаларига муҳаррир ва тақризчи сифатида жалб қилинган. Мустақиллик даврида унинг илмий изланишлари фаоллашиб, республика ва халқаро миқёсда ўтказилган конференцияларда, янги нашрларда ўз ифодасини топди.

Д.Муродова 2008 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.