Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                                ҚАҲРАМОН КОМИЛОВ

(1948-2017)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, моҳир ғижжакчи, композитор Қаҳрамон Комилов, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1992 йили қабул қилинган. У ўзбек халқ чолғулари оркестри учун яратган увертюра, поэма, оратория, чолғу сюита, кантата ва турли мавзулардаги қўшиқлари билан эл-юртга танилди ва ҳурмат эътиборга сазовор бўлди.

Комилов Қаҳрамон Садриддинович Тошкент шаҳрида 1948 йилнинг 21 мартида туғилди. Қаҳрамон 1962-1966 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг ғижжак синфида таҳсил олади. Қ.Комилов 1970 йилда Тошкент давлат консерваториясига композиторлик ихтисослиги бўйича тайёрлов бўлимига ўқишга кирди. Профессор Б.Ф.Гиенконинг шогирди Қ.Комилов 1993 йилда композиторлик факультетини муваффақиятли битирди. 1964-2001 йиллар мобайнида Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги ўзбек халқ чолғулари оркестрида ғижжакчи созанда, 1996-1998 йилларда Ғанижон Тошматов номидаги «Дуторчи қизлар» ансамблининг бадиий раҳбари, 2001-2012 йилларда Ўзбекистон давлат санъат институтида доцент вазифасида фаолият юритди.

Қ.Комилов ижодий фаолияти давомида турли жанр ва шаклларда жозибали, миллий руҳда суғорилган, ранг-баранг оригинал мусиқий асарлар яратди. Тошкентнинг 2000 йиллик юбилейига бағишланган, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ёзган «Тошкент ҳақида поэма»; яккахон, хор ва оркестр учун О.Матчон сўзига ёзган «Менинг муҳаббатим» сюитаси, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун учта увертюра; сопрано ва оркестр учун Н.Нарзуллаев сўзига «Ишонади она юраги» балладаси, тенор, хор, бадиий ўқиш ва оркестр учун «XX аср нидоси» (Э.Воҳидов сўзи) балладаси, виолончель ва фортепиано учун «Элегия», акапелла хори учун «Юртим» (М.Али сўзи) қўшиғи; хор ва оркестр учун «Жон тасаддуқ», «Эл мадҳи» (У.Рашид сўзлари), «Нур қўйнида диёрим» (Н.Нарзуллаев сўзи) номли қўшиқлар яратди.

Композитор ижодида қўшиқ жанри устувор туриб 400 дан зиёд турли мавзуларда қўшиқлар яратди. Улар орасида «Хаёлда суратинг, Дилдор» (Назармат сўзи); «Оқ йўл тиланг, онажон» (Р.Содиқов сўзи); «Кўнгил» (Миртемир сўзи); «Сенсан ўзинг» (Э.Воҳидов); «Ҳаёт билан сўзладинг» (Шорахўжаев сўзи); «Оҳу» (А.Орипов сўзи); «Турналар» (Н.Нарзуллаев сўзи); «Ўзбекистон куйлаган» (М.Муҳамедова сўзи); «Менга не бўлди», «Ассалом», «Гули Раъно», «Пахтакор Ўзбекистон», «Жиззах чўллари», «Тинчлик учун» (Қ.Саидмуродов сўзлари); «Қизларжон» (О.Ҳакимов сўзи); «Гулчи боғбон» (Э.Шукуров сўзи); «Афғон она алласи» (Н.Аминжонов сўзи); «Келмади» (Халқ сўзи), “Наврўзим”, “Ёрим демасанг”, “Юлдуз сочган кечалар” ва бошқалар.

Қ.Комилов «Симфония» (1993 й.); «Далварзинтепа» сюитаси (1995 й.); қўшнай ва оркестр учун «Кўклам таровати», ғижжак ва оркестр учун «Диёрим мадҳи», рубоб ва оркестр учун «Дўстлик», ғижжак ва оркестр учун «Алла» каби пьесалари, хор учун «Ўзбекистон қўшиғи» (Ҳ.Ғулом сўзи); «Озод юрт» (М.Али сўзи) номли ораторияларини, «Жалолиддин Мангуберди» ва «Она фарёди» (К.Аваз сўзлари) вокал-поэмаларини, мусиқали театр учун «Диёнатга хиёнат» (К.Аваз пьесаси 1999 й.), «Отабек ва Кумушбиби» (Ж.Жабборов пьесаси, 1999й.), “Ой онам-қайнонам”, “Муҳаббатим қисматим”, “Гаровдаги муҳаббат” каби мусиқали драма ва комедияларга мусиқа басталади.

Қаҳрамон Комилов республикамизнинг мусиқий санъатини ривожлантиришдаги хизматлари учун 1990 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони, 2000 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.