Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                           АЛЕКСЕЙ КОЗЛОВСКИЙ

(1905-1976)

Ўзбекистон халқ артисти, композитор, дирижёр ва профессор Алексей Фёдорович Козловский ёрқин ижодий, илмий, ижрочилик, педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан XX аср ўзбек мусиқа маданиятининг ривожига улкан ҳисса қўшган. У яратган опера ва симфоник асарлар, чолғу ҳамда вокал ижод намуналари республикамиз замонавий мумтоз санъатининг дурдоналари қаторидан ўрин олган. Рус миллатига мансуб ижодкорлар орасида ўз ҳаёти ва ижодини ўзбек мусиқа маданияти тараққиётига бағишлаган чинакам ижодкорлардан бири сифатида самимий хизмат қилди.

Козловский Алексей Федорович 1905 йил 15 октябрда Киев шаҳрида туғилди. Туғма истеъдод соҳиби бўлган Алексей фортепиано чалишни ўрганиш билан бирга мусиқа басталашга интилди. 1916 йили гимназияда таълим олди, 1917 йилдан Киев консерваториясининг тайёрлов бўлимида Б.Л.Яворский синфида фортепиано ва композициядан сабоқ ола бошлади. Алексей Федорович турли шакл ва жанрларда фортепиано учун пьесалар, сонатина, соната, хилма-хил рақс куйлари билан бир қаторда Т.Шевченко шеърларига кантаталар яратди. 1923 йили акаси билан Москвага келиб Б.Л.Яворский билан учрашади. Унинг маслаҳати билан 1923-1927 йилларда Биринчи Москва давлат мусиқа техникумида таълим олди. 1927 йилда эса Москва консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга кириб Н.С.Жиляев ва Н.Я.Мясковскийлардан сабоқ олди. Консерваториядан ташқари А.Б.Хессин раҳбарлигида дирижёрлик санъати сирларини ўзлаштира бошлади.

1931 йили катта симфоник оркестр учун «Қаҳрамонлик увертюра» си диплом ишини ёзиб, консерваторияни битирди. Ўша йили К.С.Станиславский номидаги опера ва балет театрига дирижёр лавозимига таклиф қилинади ва 14 июнда П.И.Чайковскийнинг “Евгений Онегин” операсига илк бор дирижёрлик қилади. 1933-1936 йилларда асосан ижод билан шуғулланиб, бир қатор асарлар яратди. 1936-йилда А.Козловский оиласи уч йилга Тошкентга сургун қилинади. Лекин, тақдир тақозоси билан бир умрга мана шу заминда яшади.

Алексей Фёдорович Козловский ва рафиқаси Галина Лонгиновна Герус-Козловскаялар учун Ўзбекистон иккинчи ватан бўлиб қолди. Тошкентга келган кундан бошлаб улар ўзбек зиёлилари ҳамда ўзбек мусиқа ва адабиёт аҳли билан яқиндан танишиб ҳамкорлик қила бошладилар. Хусусан, узоқ йиллардан буён Тошкентда истиқомат қилаётган, ўзбек мусиқа меросининг билимдонларидан Виктор Успенский билан дўстлашади ва у орқали атоқли санъаткорлар Шорахим Шоумаров, Домла Ҳалим Ибодов, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Абдуқодир Исмоилов, Уста Олим Комилов, Бобораҳим Мирзаев, Аҳмаджон Умрзоқов, Наби Ҳасанов, Ғуломқодир Ғаниев, Ҳалима Носирова, Тамарахоним, Лутфихоним Саримсоқова, Муҳиддин Қориёқубов, Тўхтасин Жалилов, Юнус ва Рисқи Ражабийлар билан яқиндан танишди. Шахсий мулоқотлардан ташқари тўй-ҳашамларда, чойхоналарда ўз санъатини намойиш қилиб юрган ҳофиз ва дарвешлардан 300 дан ортиқ ашула, куй ва қўшиқларни нотага ёзиб олиб, ўз ижодида кенг фойдаланди. Айни чоғда санъат усталаридан доира, най, дутор, ғижжак, танбур чалишни ҳам ўрганишга ҳаракат қилади. 1936-1938 йилларда асосан ижод билан шуғулланди.

1938-1977 йилларда консерваторияда композиция, полифония, чолғулаштириш, дирижёрликдан дарс берди. Кейинчалик композиторлик ва чолғулаштириш кафедраларига мудирлик қилди. Педагоглик фаолияти билан бирга 1941-1946 йилларда Ўзбек опера ва балет театрида дирижёр ва мусиқа маслаҳатчиси, 1949-1965 йилларда эса Ўзбек давлат филармониясининг симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри вазифаларида ишлади. Мусиқий хотираси кучли, юқори малакали, халқаро миқёсда машҳур бўлган дирижёр А.Ф.Козловский Европа ва рус классикаси, ўзбек композиторларининг симфоник асарларини тарғиб қилишда қизғин фаолият кўрсатди.

А.Ф.Козловский педагоглик ва жамоатчилик фаолияти билан банд бўлишига қарамасдан, мусиқанинг турли жанрларида жозибали асарлар яратди. В.Катаевнинг «Авангард» пьесасига мусиқа; «Дружная горка» номли оперетта, Украин халқ қўшиқлари асосида иккита акапелла хор қўшиғи, иккита симфония, тўрт қисмли «Хореографик симфония», Москва бадиий театрида ишлаган балетмейстер В.Кригшорнинг замонавий балетларига мусиқа басталаган. Дамли чолғулар оркестри учун маршлар, вальслар, сюиталар ва оммавий қўшиқлар асосида попуррилар яратди.

У Ўзбекистоннинг маданий – маърифий ҳаёти, тарихий сиймоларининг ҳаёти ва ижоди, мусиқий мерос намуналарини ўрганишга жиддий киришиб, ундан самарали фойдаланишга ҳаракат қилди ва беназир ютуқларга эришди. А.Козловский 1937 йилда симфоник оркестр учун яратган уч қисмли «Лола» Фарғона сюитаси ўз соҳасидаги биринчи асардир. Ўша йилларда Ҳалима Носирова ижросида машҳур бўлган халқ ашулаларидан “Тановор”, “Гул юз узра”, “Фиғон” ва “Ўзганча”лар симфоник оркестр учун қайта ишланган тўртта поэма композиторга шуҳрат келтирди. Овоз ва фортепиано учун мослаштирган «Аяжон», «Оҳа-ялли», «Ёр-ёр» ўзбек халқ қўшиқлари, «Танавор» симфоник поэмаси ҳам шулар қаторига киради. А.Козловский ватанпарварлик руҳида «Жанг» симфоник поэма-манзараси; ўзбек халқининг тарихий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди сиймосига бағишланган «Жалолиддин» (М.Шайхзода шеъри) номли ораторияси, Миртемир либреттоси асосида бир пардали «Бектошнинг жасорати» операси, Т.Содиқов билан ҳамкорликда «Даврон ота» (К.Яшин ва Ҳ.Олимжон пьесалари) ва М.Ашрафий, С.Василенколар билан «Шерали» (Ҳ.Ғулом пьесаси) мусиқали драмаларини яратишда иштирок этди. 1944 йили Тошкентда ўтказилган бешта Ўрта Осиё республикалари декада концертлари асосида ёзиб олинган «Фильм-концерт»га симфоник оркестр учун увертюра, Тошкент рус драма театрида саҳналаштирилган Л.Леоновнинг «Ҳужум», И.Гончаровнинг «Обрыв», Тирсо де Молинани «Благочестивая Марта» номли драмаларга мусиқа басталади. «Тоҳир ва Зуҳра», «Хўжа Насриддин», «Фарғона қизи» ва «Жарроҳ» номли кинофильмларга ҳам мусиқа ёзди.

 

А.Ф.Козловскийнинг саҳна асарлари орасида Г.Герус-Козловская либреттоси асосида яратилган «Улуғбек» операси 1942 йил (иккинчи таҳрири 1958 й.), «Тановар» балети (1971 й.) саҳна юзини кўрди. Композиторнинг бу шоҳ асарлари республикамиз маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. «Тановар» балети учун А.Козловский 1973 йили Ҳамза номидаги Давлат мукофотининг соҳиби бўлди.

А.Козловский симфоник оркестр учун «Достон» номли симфоник поэма (1954 й.), «Ўзбек рақс сюитаси» (1954 й.), «Ҳинд поэмаси», «Ўзбек симфоник сюита»си (1957 й.), «Самарқанд Ушшоғи» симфоник поэмаси (1959 й.), «Қорақалпоқ сюиталари» (1959, 1962 йй.), «Байрам тантанаси» (1963 й.) симфоник поэмаси «Суғд пештоқлари» симфоник сюитаси (1966й.), симфоник оркестр учун «Увертюра», «Рақс» (1967 й.), “Сараҳбори Наво”, «Маъбудаларнинг ўғирланиши» (1968 й.) поэмаларини басталаган. Композитор ўзбек халқ чолғуларига мўлжалланган: ғижжак ва фортепиано учун тўртта пьеса (1954-1955 йй.), «Ушшоқ» поэмаси (1957 й.), ғижжак альт ва фортепиано учун поэма (1958 й.), қашқар рубоби ва фортепиано учун сонатина (1970 й.), ўзбек халқ чолғулари оркестри учун иккита махсус пьесалар яратди. Шу билан бирга торли чолғулар учун пьесалар, соната, прелюдия ва фугалар, романслар, хор учун қўшиқ ва поэмалар ёзди.

А.Ф.Козловский педагогика соҳасида композитор ва дирижёрларни тайёрлашда жонбозлик кўрсатди. Унинг синфида таълим олганлар орасида композиторлардан И.Акбаров, И.Ҳамроев, Д.Зокиров, Д.Соатқулов, С.Жалил, С.Ҳайитбоевни, дирижёрлардан Б.Иноятов, Ф.Шамсутдинов, С.Алиевларни кўрсатиш мумкин.

А.Ф.Козловский «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1944), «Ўзбекистон халқ артисти» (1955) фахри унвонлари, Ҳамза номидаги Давлат мукофоти (1973), қатор орден ва медаллар билан тақдирланган.