Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

                                ФАЙЗУЛЛА КАРОМАТЛИ

(1925-2014)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, профессор, мусиқашунос Файзулла Кароматли республикамиз мусиқа маданиятига ва мусиқашунослик фани ривожига катта ҳисса қўшган олимлардан. У 1955 йилдан Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси аъзоси, кўп йиллар давомида мусиқий-этнографик, илмий-тадқиқот, педагоглик ва жамоатчилик соҳаларида кенг қамровли фаолият олиб бориб, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлди.

Кароматли (Кароматов) Файзулла Музаффар ўғли Бухоро шаҳрида 1925 йили 14 декабрда туғилди.

У 6 ёшидан умумтаълим мактабида ва 1934 йилдан Бухоро мусиқа мактабининг ғижжак синфида таълим ола бошлади. 1936 йили эса шу мактабнинг скрипка синфига ўтди.

Ўз қобилияти билан ўқитувчилар диққатини ўзига жалб эттира олган Файзулла 1939 йили Тошкентдаги М.Глиэр номидаги мусиқа мактаб-интернатига кўчиртирилади. Давлат имтиҳон комиссияси уни консерваторияда ўқишни тавсия этади. Бироқ, бошланган Иккинчи жаҳон уруши ўқишни давом эттиришга имкон бермади. Бир неча ойдан сўнг консерваториянинг 1-курс талабаси Файзулла Бухорога қайтади ва Педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультети 2-курсига қабул қилинади. Ушбу йиллари Бухоро мусиқали драма театрида скрипкачи сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлайди. Худди шу аснода Аёллар педагогика техникумида ҳам ўзбек тилидан дарс беради.

1943 йили Ф.Кароматли Тошкентга қайтиб келади ва ўқишини консерваторияда тиклайди. Айни вақтда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг 4-курсида ўқишини давом эттиради ва филармониянинг симфоник оркестрида скрипкачи созанда бўлиб ишлайди.

1944 йили Ф.Кароматли педагогика институтининг тил ва адабиёт ихтисослиги бўйича давлат имтиҳонларини топшириб дипломга эга бўлади. Шунга қарамасдан у консерваторияда скрипка бўйича ўқиш билан бир вақтда, 1946 йилдан бошлаб мусиқашунослик факультетида ҳам ўқий бошлади. Шунингдек, симфоник оркестрда 1943-1948 йиллари ўз меҳнат фаолиятини давом эттиради. Кейин эса Ҳамза номидаги Ўзбек драма театри кичик оркестрида (1948), Ўзбекистон радиоси ҳузуридаги симфоник оркестрида (1948 йил охири - 1950) ва Санъатшунослик илмий-тадқиқот институтининг мусиқа кабинетида илмий ходим сифатида (1949-1950 й.) ишлади. 1950 йили профессор Ю.Н.Тюлин олиб борган назарий машғулотлар негизида ёзилган диплом ишини ёқлаб, консерваторияни мусиқа назарияси ва фольклоршунос малакаси билан тугатади. Айни вақтда Илмий кенгашнинг тавсияси билан П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваториясига бориб кириш имтиҳонларини топширади.

 

1950-1954 йиллар давомида Москва консерваториясининг аспиранти сифатида Файзулла Кароматли таниқли мусиқашунос олим, профессор В.М.Беляевдан сабоқ олади. 1955 йили «Ўзбек замонавий қўшиқлари» мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлади.

Санъатшунослик институтида илмий ходим сифатида ишлашни давом этган Файзулла Кароматли 1956 йилдан ушбу даргоҳнинг Мусиқа кабинети мудири ва Тошкент давлат консерваториясининг Мусиқа тарихи кафедраси доценти лавозимларида ишлайди.

1957-1964 йиллари Файзулла Кароматли мазкур институтнинг бўлим мудири ва директори лавозимида фаолият кўрсатди. 1960-1972 йилларда Санъатшунослик институти муаммолари ва илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланди. Айни вақтда турли илмий анжуманларда фаол қатнашиб, докторлик диссертацияси устидаги ишини жадаллаштирди. Натижада 1971 йили Москва Санъатшунослик илмий тадқиқот институти ҳузуридаги Ихтисослашган кенгашда «Ўзбек чолғу мусиқаси. Мерос» мавзуида докторлик диссертациясини ёқлаб, санъатшунослик фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди.

Маълумки, 1971 йилнинг октябрида ЮНЕСКО тасарруфидаги халқаро Мусиқа Кенгашининг навбатдаги VII конгресси Москвада “Халқлар мусиқа маданияти, анъаналар ва ҳозирги замон” мавзуида ўтказилган эди. Мусиқий меросимиз ўзлаштирилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилган вазиятда Тошкент консерваториясида Халқ мусиқа ижодиёти кабинети ташкил этилди. Файзулла Кароматов (Кароматли)нинг янги йўналишдаги Шарқ мусиқаси кафедрасини ҳам ташкил этиш масаласи жиддий таклиф сифатида ўртага ташланган эди. Ушбу масалани Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси маъқуллади. Бу кафедрани очишдан мақсад нафақат минтақамиздаги мусиқий мерос, балки кенг қамровли ўрта аср мусиқий рисолалари, яъни илмий-назарий тадқиқотларни бевосита араб, форс, ҳинд, урду, туркий тилларда мутолаа этишга қодир мусиқашунос-шарқшуносларни тайёрлашдан иборат бўлиб, бу жаҳон консерваториялари учун ўрнак бўлишда илк қадам эди. Айни вақтда ушбу кафедра доирасида мусиқий меросимизнинг устозона анъанавий ижрони талаб этувчи мураккаб турлари (мақомлар ва бш.)ни амалий ўзлаштириш, аниқроғи ушбу соҳа учун хонанда ва созандаларни тайёрлаш ҳамда Халқ ижодиёти кабинети фаолиятини фольклор экспедициялари ила талабалар чиқишларини таъминлаб, улар диққатини йиғилган дурдоналарни нотага олиш, тартиблаштириш, тадқиқ этиш услубларига қаратиш жуда муҳим аҳамиятга эга қадамлардан бўлганди, албатта. 1972 йилнинг сентябрида Ф.Кароматли кафедра мудири (1972-1980; 1992-1997) ва профессори (1980-1990) сифатида бу масалада талабаларни йўналтириб турди. Биринчи йилларданоқ ушбу кафедрага хос ихтисосликлар бўйича ўзбекистонлик талабалар, аспирантлар билан бир қаторда қардош Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжондан ҳамда кейинчалик Германия, АҚШ, Польша, Чехославакия, Судан, Иордания каби хорижий давлатлардан келиб таҳсил олгандилар. Англиядан Л.Пиккен, Германиядан Ю.Эльснер, Эрондан Баркешли ва Пуртураб, АҚШдан М.Слобин, ироқлик Шахризода Ҳассан ва бошқалар бу даргоҳда таълим олдилар. Шарқ мусиқасининг турли масалалари, унинг ривожланиш тарихи ва мусиқий-назарий асослари ҳақида маъруза ўқиганлари алоҳида аҳамият касб этганди.

Мусиқашунос олим Файзулла Кароматли 1949-1950 йиллари ўз илмий-тадқиқий ишларини Санъатшунослик институтида бошлаган бўлса, 1954 йилдан тадқиқотлари, кенг қамровли экспедициялари билан бирга аспирант ва докторантларга раҳбарлик қилди. Унинг кўмагида 30 дан ортиқ докторлик ва номзодлик диссертациялари ёзилиб ҳимоя қилинди. Ф.Кароматлининг шогирдлари орасида ўзбекистонликлар билан бир қаторда Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва чел эл мамлакатларидан келиб, унинг бевосита раҳбарлигида стажировка ўтказдилар.

Профессор Файзулла Кароматлининг илмий-тадқиқий фаолияти мусиқий меросни ўрганиш, нодир намуналарини нотага ёзиб нашр этиш йўли билан тарғибот қилиш чегараланмай, замонавий ўзбек мусиқа санъати муаммолари, жумладан композиторларнинг ижодиётидаги долзарб масалаларга ҳам қаратилган. 1955 йилдан Санъатшунослик институти режаларига биноан унинг раҳбарлигида ва бевосита иштирокида ўтказилган ўттиздан ортиқ мусиқий-фольклор экспедициялари ҳар йилга мўлжалланган Ўзбекистоннинг барча вилоят, туман, қишлоқлари ҳамда Марказий Осиё минтақаларида яшовчи ўзбекларни ўрганишга сафарбар қилинди. Тадқиқотчининг (Н.Нуржонов билан бирга) Помирни катта экспедициялар давомида деярли пиёда оралаб ўтгани ва умуман Тожикистоннинг ҳамма минтақалари бўйлаб ўтказган ўндан ортиқ экспедициялари улкан натижалар берди. Мазкур минтақаларда истиқомат қилувчи истеъдодли хонанда ва созандалар ижросида кўпгина мусиқий жанр намуналарини магнит тасмаларига ёзиб олиб, келгусида уларни нотага олиб, таснифлаб, турли тўпламлар чоп этиш билан бир қаторда бир турга хос хусусиятларини ўрганиб қолишини амалда таъминлаб, фольклоршунослик фани таркибига киритишга эришди. Файзулла Музаффар ўғли Кароматли (Кароматов) қуйидаги китоб ва тўпламларни нашрдан чиқарди: «Хамза и узбекская музыка» (1959 й.); «Узбекская домбровая музыка» (1962 й.), «Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Етакчи мусиқа арбоби ва бастакор» (Т. 1965 й.); «Ўзбек халқ мусиқасининг локал услублари ҳақида» (рус тилида, Москва, 1964 й); «Ўзбек чолғу мусиқаси. Мерос» (рус тилида, Т. 1972 й); «Ўзбек халқ мусиқа мероси XX асрда» 1 том. «Қўшиқ» (ўзбек ва рус тилларида, Т. 1978 й); «Помир мусиқа санъати» (Ҳаммуаллиф Н.Нуржонов); 1-китоб (тожик ва рус тилларида, М. 1978 й.); «Ўзбек халқ мусиқа мероси XX асрда» II том; «Терма, ялла, қарсак» (ўзбек ва рус тилларида. Т. 1985 й.); «Помир мусиқа санъати» (ҳаммуаллиф Н.Нуржонов) II-китоб (тожик ва рус тилларида. М., 1985 й.); «Мусиқа тарихи тасвирларда. Ўрта Осиё» (Т.Вызго, В.Мешкерис ҳамкорликларида. немис тилида. Лейпциг. 1988 й., Япон тилидаги таржимаси. Токио, 1990 й.); «Алпомиш» (достондан парчалар. М.Афзалов матни ва С.Габриэлян нота ёзувлари, Тўраҳожи Мирзо ҳамкорлигида нашрга тайёрланган. Т. 1999 й.) Мазкур нашрлардан ташқари ўзбек ва тожик мусиқа меросига, яъни унинг назарий ва тарихий муаммоларига, ижро этилиш ва тарғиб этиш масалаларига ҳамда замонавий ижодий ва ижровий мавзуларга бағишланган илмий-тарғибот, илмий-тадқиқий мақолалар сони ҳам кўп[1]. Улар турли тўпламларда ҳамда «Общественные науки в Узбекистане», «Фан ва турмуш», «Ўзбекистон санъати», «Сов. музыка», «Музыкальная академия», «Гулистон» каби журналлар, рўзномалар ва «Большая Сов. энциклопедия», ўзбек, қозоқ, тожик, украин, молдован тилларида мазкур республикалар энциклопедияларида чоп этилган.

Файзулла Кароматли йиллар давомида республикамизнинг турли шаҳарлари ва чет элларда турли мавзуларда ўтказилган халқаро илмий конференция, симпозиум ва семинарларда қатнашиб, минтақамиз мусиқа санъатининг диққатни алоҳида жалб этувчи қирралари, ўзига хос хусусиятлари ҳақида маърузалар қилди. Айрим давлатлар (Германиянинг Гумбольд номидаги Берлин университети, Лист номидаги Веймар Олий мусиқа ўқув юрти; Польшанинг Варшава ва Краков университетлари, Мусиқий институтлари, Жорданиянинг Джермук университети)да ўзбек ва тожик мусиқа мероси ва замонавий мусиқий ривож муаммоларига бағишланган суҳбатлар ўтказди ҳамда уларнинг мусиқий меросига хос диққатни жалб этарли хусусиятлари ҳақида маърузалар ўқиди.

Файзулла Кароматлининг бевосита иштироки ва ташаббускорлигида собиқ Иттифоқ ва республикамиз Бастакорлар уюшмалари ташкилий ҳамкорлигида ЮНЕСКОнинг халқаро Мусиқа Кенгаши томонидан 1978, 1983, 1987 йиллари ўтказилган Самарқанд халқаро мусиқашунослик симпозиумлари ва улар доирасидаги концертлар, ундаги маърузалар мақомот ва умуман Яқин ва Ўрта Шарқ мумтоз устозона мусиқий меросига эътиборни кучайтириб, юксак илмий аҳамият касб этди. Ушбу халқаро симпозиумлар муҳим натижаларидан бири сифатида «Мақом» халқаро тадқиқотчилар доимий гуруҳи бўлдики, унинг раисдошлари доктор Юрген Эльснер ва доктор Файзулла Кароматли ҳамкорликларида 1988-2002 йиллар давомида турли давлатларда уюштирилган конференциялар диққатни жалб этарли натижалар берди. Бу жиҳатдан Самарқанд «Шарқ тароналари» III халқаро фестивали доирасида 2002 йил августида «Мақом» гуруҳи 5-конференциясининг ҳам ўтказилиши мақомотнинг қиёсий тадқиқ этиш муаммоларини кенгроқ тадқиқ этилишини бошлаб берди.

Ўзбекистон мусиқашунослигининг йирик намоёндаси, олим ва мураббий Файзулла М.Кароматли ўз илмий-тадқиқий, мусиқий-этнографик ва мусиқий-жамоатчилик доираларидаги фаолияти билан республикамизнинг замонавий мусиқа санъати ривожланиши жараёнига катта ҳисса қўшди ва эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. У1981 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони, 1994 йили «Шуҳрат» медали ва 1999 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган.

 

[1] «Файзулла М.Кароматли» (Тошкент. 1996 й.) монографиясида мусиқашунос олим олиб борган илмий изланишларининг тўлиқ рўйхати  берилган.