Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                        НУРИЛЛА ЗОКИРОВ

(1942-2003) 

Нурилла Зокиров замонавий профессионал композитор бўлиб шаклланиши учун анъанавий ўзбек халқ мусиқа меросини ўзлаштириш билан бирга Европада вужудга келган кўп овозли мусиқа ёзув техникасини пухта ўрганди.

Нурилла Абдуллаевич Зокиров Тошкент шаҳрида 1942 йилнинг 2 майида туғилди. У 1961 йили Р.Глиэр номидаги махсус мусиқа мактаб-интернатини чангчи Э.Тошматов синфида битириб, Тошкент давлат консерваторияси профессори Н.М.Яблоновскийнинг фортепиано синфида таҳсил кўра бошлайди. 1962 ўқув йилидан бошлаб профессор Б.И.Зейдман синфида композиторлик мутахассислигидан сабоқ олди. У фортепианодан 4-курсда бутунлай композиторликка ўтади. 1967 йили тўрт қисмли симфония билан консерваторияни битирди.

Н.Зокиров меҳнат фаолиятини консерваторияда ўқиб юрган йилларидан бошлаган. У 1963-1964 йиллари Чирчиқ шаҳар бо-лалар мусиқа мактабида, 1964-1967 йиллари Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида, 1967-1971 йиллари Тош-кент давлат консерваториясида ўқитувчи бўлиб ишлади. 1971-1977 йиллари Ҳамза номидаги мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимини бошқарди. 1977-1982 йиллари Ўзбекистон композиторлар уюшмасининг ҳайъат раиси ўринбосари вазифасида ишлади. 1982-1984 йиллари фақат ижод билан шуғулланди. 1984-1987 йиллар Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг директори лавозимида ишлади. 1987-1990 йилларда фақат ижод билан шуғулланди. 1990-1993 йиллари Ўзбекистон телерадиокомпанияси қошидаги бадиий ижрочи жамоаларнинг директори бўлиб ишлади. 1995 йилдан умрининг охиригача ижодий иш билан шуғулланди.

Н.Зокиров Навоий ғазалига басталанган «Истадим» номли вокал-симфоник поэмасини 1968 йили мусиқа аҳли илиқ кутиб олди ва ижрочилар репертуаридан муносиб ўрин олди. «Менинг Ўзбекистоним» (Э.Охунова сўзи) ва «Муҳаббат қўшиғи» (У.Умарбеков сўзи) вокал-симфоник поэмалари 1971 йили; А.Орипов сўзи билан иккинчи симфония 1971 йили; камер оркестри учун «Концерт» 1977 йили; торли оркестр учун «Симфония №3» 1981 йили; скрипка ва симфоник оркестр учун «Концерт» 1984 йили; симфоник оркестр учун «Концерт» 1989 йили; тўртинчи симфония ва А.Орипов сўзига «Муножот» номли вокал-симфоник поэма 1996 йили; 3 та симфоник поэма 1992-1994 йилларда яратди.

Камер-чолғу асарларидан 2 та торли квартет; 7 та фортепиано учун соната; скрипка ва ф-но учун соната-импровизация; виолончель учун соло соната-импровизация; фагот ва фортепиано учун соната; фортепиано учун пьесалар, виолончель учун пьесалар; скрипка ансамбли учун «Скерцо»; чанг учун концерт-фантазия; чанг ансамбли учун «Тантана» пьесаси ва бошқалар.

Н.Зокиров М.Бойжиевнинг пьесаси асосида Э.Охунова ёзган либреттога 1972 йили «Соҳилда тўқнашув» номли опера-мунозара композиторнинг ижодида ва республикамиз мусиқий ҳаётида катта воқеа бўлди. Операнинг премьераси Навоий номидаги катта академик опера ва балет театрида 1974 йили ўтган. Самарқанд давлат опера ва балет жамоаси Н.Зокировнинг Ойбекнинг «Бой ила хизматчи» романи асосида (М.Раҳмонов либреттоси) «Уйғониш» номли операсини 1983 йили томошабинларга ҳавола қилди. Ҳамзанинг «Фарғона Автономияси» асари асосида Н.Зокиров ўзи либретто ёзиб, «Автономиячилар» операсини 1993 йили яратди ва В.Шекспирнинг «Ҳамлет» ва «Макбет» фожиаси асосида композитор режиссёр А.Слоним билан ҳамкорликда либретто ёзиб, шу номли операни 1994 йили яратди. 1989 йили Ч.Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романи асосида «Манқурт», 1995 йили «Орол фожиаси», «Амир Тошкентда» ва 1996 йили Улан-Батор опера ва балет театри билан ҳамкорликда «Чингизхон» балетларини яратди.

Н.Зокиров 50 та драматик спектаклларга мусиқа басталади, «Ўзгалар учун» 1978 йили, «Қачонки дарахтлар катта бўлганда» 1982 йили ўзбек кинофильмларига ва 1992 йили «Мазмун» қозоқ кинофильмига мусиқалар басталади, 8 та романс ёзди. Композитор 2000 йилдан бошлаб Атланта шаҳридаги Жоржиния университети (АҚШ) буюртмасига биноан спектаклларга мусиқа басталади.

Н.Зокировнинг симфоник ва камер-чолғу асарлари Москва, София, Бухарест, Париж, Лондон, Вильнюс, Тбилиси каби шаҳарларда ижро этилган. У «Варшавская осень», Руминия ва Ҳиндистонда ўтказилган «Ўзбекистон мусиқаси кунлари»да қатнашган.

Н.Зокиров Ўзбекистон ва Озарбайжон республикалари фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. «Ўзбекистон ёш композитори» кўрик-танлови совриндори.