Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                         ТОВУР ЖУМАЕВ

(1918-1983) 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, мусиқашунос Товур Жумаев турли мавзуларда ёзган илмий мақолалари, айниқса, мактаб болалари, талабалар, ҳарбийлар, ишчи ва деҳқонлар орасида мусиқа санъатини тарғиб этиш фаолияти билан танилди, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди.

Товур Жумаев кўҳна Бухоро вилоятининг Давлатобод қишлоғида 1918 йилнинг 6 ноябрида дунёга келди. 1921 йилдан мактабда ўқиди, мусиқага қизиқди. Товур жуда эрта отасидан айрилди. Онаси билан Бухоро шаҳрига кўчиб келишади. Товур 1929 йилдан бошлаб умумтаълим мактабда ўқишини давом эттиради. Мактабдаги ҳаваскорлик тўгарагида афғон рубобида чалишни ўрганишни бошлади. Бу қизиқиш уни 1931 йили Бухоро мусиқа техникумига чорлайди. Мазкур ўқув юртида таниқли созанда-устоз Н.Насриддиновдан рубоб чалиш сирларини ўзлаштирди. Мусиқа назариясини техникум директори А.М.Ихтиёровдан ўрганади. 1935 йили у Бухоро вилояти мусиқали драма театри чолғу ансамблида меҳнат фаолиятини бошлайди.

Маълумки, 1936 йилда Тошкентда Ўзбек давлат филармонияси ташкил этилади. Ўзбекистон халқ артисти, атоқли созанда ва бастакор Тўхтасин Жалилов раҳбарлигида 120 кишидан иборат ашула ва рақс ансамбли ташкил топади. Мазкур ансамблда ҳамма вилоятлардан моҳир созанда ва хонандалар таклиф этилади. Бухородан шу ансамблга келган 12 нафар ёш санъаткорлар орасида Т.Жумаев ҳам бор эди. 1937 йили Москвада ўтадиган Ўзбекистон адабиёти ва санъати декадасига катта тайёргарлик олиб борилади. 1937-1939 йилларда Т.Жумаев Тошкент давлат консерваториясининг тайёрлов бўлимида Б.Б.Надеждин синфида композициядан сабоқ олди.

Товур Жумаев 1939-1947 – йилларда Киевнинг ҳарбий қисмларида ҳарбий хизматни ўтади. 1940-1941-йилларда Киев консерваториясининг кечки бўлимида Л.Н.Ревуцкийдан ва Б.Н.Лятошинскийдан сабоқ олди. 1941-1945 йилларда урушда қатнашди, 1945-1947 йилларда Германияда намунали дамли чолғулар оркестри бошлиғининг ўринбосари лавозимида хизмат қилди.

1947 йилда Бухорога қайтиб вилоят мусиқали драма театри директорининг ўринбосари лавозимига тайинланади, театр чолғу ансамблида рубоб чалади. Икки йил ўтгач, у Ўзбек давлат филармониясига директор этиб тайинланади, тез орада ижодий жамоалар ишларини яхши йўлга қўяди. 1951-1956 йиллар мобайнида Т.Жумаев Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетида ўқийди. Профессор Я.Б.Пеккер раҳбарлигида “А.Н.Серов и некоторые вопросы оперного искусства в его музыкально-критических статьях” мавзуида диплом иши ёзиб, консерваторияни муваффақиятли битирди. Т.Жумаев 1954-1957 йилларда Навоий номидаги Ўзбек давлат опера ва балет театри директори, 1957-1958 йилларда филармония бадиий раҳбари, 1958-1961 йилларда Ўзбек эстрада театри бадиий раҳбари, 1961-1963 йилларда эса директори, 1963-1968 йилларда Ўзбек давлат филармонияси ва ўзбек эстрада бирлашмасининг бадиий раҳбари, 1968-1970 йилларда “Санъат саройи” директори, 1970-1972 йилларда филармония ва эстрада бирлашмаси бадиий раҳбари, 1972-1978 йилларда Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошидаги театр ва мусиқа муассасалари Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, 1978 йилдан умрининг охиригача Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юрти директори вазифаларида ишлади.

1959 йили Т.Жумаев Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси аъзолари сафига қабул қилинган. 1965 ва 1971 йилларда мазкур уюшма тафтиш комиссиясининг раиси вазифасига сайланган.

Мусиқашунос Т.Жумаевнинг 200 дан ортиқ мақола ва тақризлари асосан замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланиши жараёнидаги муаммоларга, композиторлар асарларининг ютуқ ва камчиликларини очишга қаратилган. Шу жумладан: “Ўзбек операси муаммолари”, “Абдуқодир найчи”, “Ўзбекистон композиторларининг янги асарлари”, “Ўзбекистон композиторлари 3-қурултой концерт дастурларидан таассурот” , “Ўзбекистон хор санъатининг ривожланиши”, “А.Ф.Козловскийнинг янги мусиқа асарлари”, “Ёшлар орасида мусиқий тарғиботнинг баъзи масалалари”, “Симфоник мусиқа мавсумининг очилиши”, “Д.Зокиров ижоди”, “М.Ашрафий 60 ёшда”, “Устоз хотираси” (бастакор Шоназар Соҳибов тўғрисида), “Симфоник мусиқа янграмоқда”, “Композитор Т.Содиқов 60 ёшда”, “Қўшиқ, куй, рақс маскани” (Ўзбек филармониясининг 30 йиллигига) ва бошқалар. Тақризлар композиторлар Қ.Қўжамёровнинг биринчи уйғур операси “Нозумгул”га, “Зайнаб ва Омон” операсига, С.Бобоевнинг “Ҳамза” операсига, Р.Ҳамроевнинг «Тонг олдидан» операсига, И.Ҳамроевнинг «Ойжамол» операсига, И.Акбаровнинг «Эпик поэмаси»га, «Қозоғистон халқ чолғулари оркестри Тошкентда», Г.Мушельнинг «Самарқанд афсонаси» балетига ва бошқалар. Муаллиф қаламига мансуб С.Юдаковнинг «Майсаранинг иши» биринчи ўзбек комик операси илмий таҳлилига бағишланган катта мақоласи 1961 йил «Вопросы музыкальной культуры Узбекистана» тўпламида чоп этилган.

Т.Жумаев 1967 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони билан мукофотланган, қатор орден, медаль ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.