Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

                             САЙФИ ЖАЛИЛ

(1932-2003)

Ўзбекистон халқ артисти, Республика Давлат мукофоти совриндори, профессор Сайфи Жалилов (тахаллуси Сайфи Жалил) замонавий ўзбек мусиқа маданиятининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган. У лирик қўшиқ ва романс, мусиқали драма ва комедия, опера, симфоник, вокал-симфоник ва бошқа жанрларда яратган асарлари билан эл-юрт назарига тушган, халқ меҳрини қозонган атоқли ижодкордир.

Бўлажак композитор Самарқанд шаҳрида 1932 йил 20 июнда туғилди. Унинг оиласи 1935 йилда Тошкентга кўчиб ўтади.

Сайфи Жалил 1948 йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртига кириб аввал ғижжак синфида С.Габриэльянц ва М.Асиловда, бир йилдан сўнг композиторлик бўйича Б.Ф.Гиенкода таълим олади. Ёш С.Жалил 1949 йили М.Қориёқубов номидаги ўзбек давлат филармонияси қошидаги ўзбек халқ чолғулари оркестрига ғижжакчи бўлиб ишга киради. Мазкур жамоада у ижрочилик билан бирга ижод қилиб, ўзбек шоирларининг шеърларига қўшиқ ва ашулалар басталай бошлайди. Унинг бахтига шу оркестр концерт дастурларида Ҳалима Носирова, Саодат Қобулова, Коммуна Исмоилова, Клара Жалиловалар ҳам қатнашар эдилар. Сайфиддиннинг лирик қўшиқларини улар моҳирона ижро этишганда томошабинлар қизғин кутиб олишарди. Жумладан, «Эй ёр, хуш келибсиз» (Ҳамза сўзи), «Келмаса-келмасун нетай» (Завқий сўзи), «Сенга бир гап айтаман» (П.Мўмин сўзи), «Тўйга келдик, тўйларингиз муборак» (Ў.Рашид сўзи), «Хонуваслинг» (Атойи сўзи), «Пари рўйим» (Фурқат сўзи) каби қўшиқлар Ҳалима Носирова ижросида элга танилди. Ҳалимахоним Ҳиндистон, Покистон, Хитой, Албания ва араб мамлакатларида бўлган сафарлари чоғида ўрганиб келган халқ қўшиқларини С.Жалил қайта ишлаб, оркестр учун партитурасини тайёрлаб берар эди. Йиллар давомида С.Жалил анъанавий услубда, мумтоз ва замондош шоирлар шеърларига кўплаб қўшиқ ва романслар яратди. Масалан, унинг «Кечалар юлдуз санаб», «Ватанимга қўшиқлар айтай» (З.Обидов сўзи), «Кўзим тушди ўша оҳуга» (М.Каримов сўзи), «Ноз этма» (Чустий сўзи), «Куйида», «Ўзингсан» (Я.Қурбон сўзи), «Бенаво қилдинг мени» (Атойи сўзи), «Тош қизлари» (Тўлқин шеъри), «Боғ кўчада» (Ғ.Ғулом сўзи), «Ойдин кечалар» (Уйғун сўзи), «Биринчи ваъда», «Қор ёғар» (Т.Тўла шеъри), «Оташ қалблар» (Э.Воҳидов сўзи) замонавий қўшиқчилик санъатимизни бойитди.

1952 йили Сайфи Жалил мусиқа билим юртини ўзбек халқ чолғулари ва 1953 йилда композиция бўйича битириб, қадрдон оркестрида ғижжакчи-концертмейстер, кейинчалик дирижёр бўлиб ишлади. Бастакорлик профессионал маҳорати етарли эмаслигини сезиб, 1959 йили Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетига ўқишга киради. У дастлаб Б.Надеждин синфида, сўнгра Б.Ф.Гиенкодан композициядан, А.Ф.Козловскийдан чолғулаштириш бўйича таълим олади.

Сайфи Жалил консерваторияни 1967 йилда симфоник увертюра диплом иши билан тугатгач, турли жанр ва мавзуларда миллий асосдаги асарлар ярата бошлади. У қўшиқ қаторида мусиқали драма, комедия, опера, кино мусиқаси ва бошқа мураккаб шакл ва жанрларда асарлар яратди. Унинг 1967 йилда «Тошкент манзаралари» 5 қисмли дастурли симфоник сюитаси мазмундорлиги, жозибадорлиги ва миллийлиги билан тингловчининг қалбини ўзига тортса, бундай ижодий ютуқлар бошқа симфоник асарларида ҳам сезиларлидир. Лирик туйғуларга бой скрипка ва симфоник оркестр учун концерти (1971 й.), виолончель ва симфоник оркестр учун концерти (1975 й.), «Самарқанднома» номли биринчи симфонияси (1977 й.), тўрт қисмли иккинчи симфонияси ва камер симфониялари унга катта шуҳрат келтирди. С.Жалилнинг скрипка учун «Ғазал» куйи, скрипка ва фортепиано учун «Экспромт» пьесаси, камер оркестри учун тўрт қисмли сюитаси, иккита уч қисмли торли квартети, скрипка ва виолончелчилар унисон ансамбли учун «Лирик вальс»и, яккахон ва симфоник оркестр учун «Мажнун монологи», симфоник оркестр учун «Хореографик сюита»си, «Муҳаббат синови» (К.Фридланд либреттоси) хореография фрескаси (1987 й,) М.Турғунбоева номидаги «Баҳор» рақс ансамбли учун рақс куйлари, Ғ.Тошматов номидаги «Дуторчилар» ансамбли учун қўшиқлар, ўзбек композиторлари орасида биринчилардан бўлиб, орган учун бир нечта пьесалари эътиборга сазовор. Фортепиано учун Амир Темурнинг 660 йиллига атаб саккиз қисмли «Темур дарвозаси», «Юлдузли осмон», «Қўшиқ», «Ой шуъласи», «Само», «Фикр» ва «Токката» номли миниатюралар (1996 й.) басталади. Жўрсиз хор учун «Тароналар», «Концерт», Б.Бойқобилов шеърига «Тўрт сонет» номли қўшиқлар туркуми ва қўғирчоқ театрида саҳналаштирилган «Фарҳод ва Ширин» (И.Ёқубов инсценировкаси), «Ширмонбулоқ» (М.Нурмуҳаммад пьесаси) ва «Качал полвон» (Ш.Саъдулла пьесаси) мусиқасининг муаллифидир.

1967 йили М.Карим билан ҳамкорликда «Қалам қошлигим» илк мусиқали драмасини яратганидан сўнг ўша йили «Тўлин ой» (Ғ.Жаҳонгиров ва Ж.Исомиддиновлар пьесаси) пайдо бўлди. Алишер Навоий юбилейига атаб Юнус Ражабий билан ҳамкорликда «Алишер Навоий Астрободда» (И.Муҳамедов пьесаси) номли мусиқали драмаси саҳна юзини кўрди. 1971 йили эса «Лақма» (Уйғун пьесаси) номли мусиқали комедияси томошабинларга тақдим этилди. 1973 йили Фарғона театрида «Анвар ва Раъно» (Ё.Мирзо пьесаси) мусиқали драмаси саҳнага қўйилди. 1974 йили Андижон театрида «Тонг қизи» (Р.Сафаров ва С.Исмоиловлар пьесаси) мусиқали драмаси саҳналаштирилди. «Юлдуз жамоли» (С.Азимов пьесаси) мусиқали драмаси (1984), «Шайтон муридлари» (О.Юсупов пьесаси) мусиқали комедияси; 1984 й. «Кампир кетармиш» (Я.Худойқулов) мусиқали комедияси; 1988-1989 йил «Заҳарли ҳаёт» (пьесаси) мусиқали драмаси, 1986 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат катта академик опера ва балет театрида «Зебунисо» (Уйғун либреттоси) операси саҳналаштирилди. Мазкур театрда С.Жалилнинг 1987 йили яратган «Муҳаббатнома» балети ва болалар учун 1991 йили ёзилган «Маликаи айёр» операси томошабинларга ҳавола этилган эди. Халқ чолғулари оркестри учун «Шодлик рақси», танбур ва оркестр учун «Қалбимда» куйи, оркестр учун «Юбилей марши», «Байрам марши», «Бинокорлар марши», най ва оркестр учун «Романс», сюиталар ва ўзбек мумтоз куйларини қайта ишлаб оркестрга мослаштирган.

Композитор С.Жалил Ш.Рашидовнинг «Икки дил достони» радиоспектаклига ва «Қора кўзим» (Т.Қосимова сценарийси) «О, муҳаббат» телепостановкаларига, «Азизахон» (реж. Муҳамедов) телефильмига, «Зулматни тарк этиб» ва «Ота васияти» (реж.Й.Аъзамов) бадиий фильмларига мусиқа басталаган.

С.Жалил 1967 йилдан умрининг охиригача Тошкент давлат консерваториясида кафедра мудири, профессор лавозимларида ишлади.

С.Жалил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» (1977 й.) ва «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонларига, 1979 йили Республика Давлат мукофотига, «Эл-юрт ҳурмати» орденига сазовор бўлган.