Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                         ИРИНА ДУЛГАРОВА

(1919-2012)

Мусиқашунос Ирина Антоновна Дулгарова замонавий мусиқа санъати ривожи жараёнида туғилган муҳим масала ва муаммоларга бағишланган мақола, тақриз, таҳрир ва радиоэшиттиришлари билан мусиқа шинавандаларининг мусиқий-маънавий савиясини ошириш йўлида фаол хизмат қилди. Моҳир педагог ва тарғиботчи сифатида республикамиз замонавий мусиқа санъати ривожи жараёнига самарали ҳисса қўшди.

Дулгарова Ирина Антоновна 1919 йилнинг 15 мартида Туркманистоннинг Ашхабад шаҳрида дунёга келган. Отаси вафотидан сўнг унинг оиласи Тошкентга кўчиб келди.

Ирина 1928 йили Р.М.Глиэр номидаги болалар мусиқа мактабига ўқишга кирди. Мусиқа мактабининг 7-синфини битириб, Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртининг фортепиано синфига ўқишга кирди. 1941 йили Тошкент давлат консерваториясининг назарий-тарихий факультетига ўқишга кирди. Консерваторияда ўқиб юрган йиллари кечки мусиқа мактабида мусиқа адабиётидан дарс беради ва Ўзбекистон давлат радиоэшиттириш комитетининг мусиқа муҳарририятида муҳаррир лавозимида ишлайди. 1947 йили консерваторияни битириши билан ўзи ўқиган Р.М.Глиэр номидаги болалар мусиқа мактабига ишга юборилади. Шу билан бирга Ўзбекистон Бастакорлар уюшасининг масъул котиби қилиб тайинланади ва 1948 йили уюшма аъзолигига қабул қилинади. Ўша йили у консерваторияга ишга таклиф қилинди. Консерваторияда ишлаб юрган йиллари Ирина Антоновнага бўлғуси ўзбек бастакорлари Дони Зокиров, Ҳамид Раҳимов, Дада-Али Соатқулов, Абдураҳим Муҳамедов, Хайри Изомов, Фаттоҳ Назаровларга алоҳида мусиқа тарихидан дарс бериш  топширилди.

Мусиқашунос И.Дулгарова консерваторияда ишлаб юрган йиллари педагоглик ва илмий ишлар билан бирга консерватория илмий кенгаши котиби вазифасини ҳам бажарган. 1971-1989 йилларда Т.Содиқов номидаги Тошкент шаҳар болалар мусиқа мактабида мусиқа адабиётидан дарс берди. Ирина Антоновна бутун ижодий умрини консерватория ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг маъмурий ва жамоа ишларига бағишлади. Бу даргоҳларда банд бўлишига қарамасдан турли мавзуларда мақолалар, радиоэшиттиришлар ёзди ва илмий ишлар ҳам қилди. Унинг яратган «Туркестанская народная консерватория» («Туркистон халқ консерваторияси») номли монографик очерки, М.П.Дайн, М.С.Ковбас ва Т.Мирзаевлар билан ҳамкорликда «Библиографический указатель узбекской музыкальной культуры» илмий ишлари олқишга сазовордир. Чунки мазкур чоп этилган ишлар Ўзбекистоннинг мусиқа маданиятини ўрганувчиларга жуда қулай шароит яратади. Булардан ташқари у Ўзбекистон халқ артисти, композитор ва дирижёр Д.Зокировнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган монографик очерк ёзди (қўлёзма), Ўзбекистон композиторларининг якка хонанда ва хор жамоаларига ёзилган қўшиқ ва халқ қўшиқларини қайта ишлаган асарлари асосида «Пустыню в край цветущий превратим», «Узбекские хоры» ва «Обработки узбекских народных песен композиторами Узбекистана» тўпламларини тайёрлади ва чоп эттирди.