Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28

                           БОРИС ГИЕНКО

(1917-2000)

Ўзбекистон халқ артисти, профессор Борис Гиенко бутун ижодий ва муаллимлик фаолиятини республикамиз мусиқа маданиятининг ривожланишига бағишлади. Деярли барча шакл ва жанрларда баркамол асарлар яратиб, ўзбек мусиқа санъатининг равнақига катта ҳисса қўшди.

Гиенко Борис Фёдорович 1917 йил 8 августда Орджоникидзе (Шимолий Осетиянинг Дзауджикау) шаҳрида туғилди. Борис 6 ёшидан бошлаб фортепиано чалишни ўргана бошлаган. Отаси вафотидан сўнг 1935 йилда Гиенколар оиласи Тошкентга кўчиб ўтади. 1936 йили Тошкент давлат консерваторияси очилгач, Б.Гиенко композиторлик факультетига биринчилардан бўлиб ўқишга кириб Г.Мушель ва Б.Б.Надеждин синфларида таълим олди.

Б.Гиенко консерваторияда ўқиб юрган йиллари ўзбек халқ мусиқаси хусусиятлари билан қизиқди, ўрганди, куй ва қўшиқларни нотага олди. Айримларини кўп овоз услубида қайта ишлаб, ҳар хил чолғулар ансамбли ва оркестрлар учун пьеса, поэма, увертюра ва сюиталар ёзди. Айниқса, 1938 йили Ўзбек филармонияси қошида Н.Н.Миронов ва А.И.Петросянцлар томонидан ташкил қилинган «Ўзбек халқ чолғулари оркестри»га Б.Гиенко ишга таклиф қилиниб, оркестрнинг репертуарини бойитишга хизмат қилди.

1941 йилда  Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши билан ҳарбий хизматга чақирилди ва ҳарбий округ қошидаги ашула ва рақс ансамблида созанда ва композитор сифатида қатнашди. Ҳарбий хизматдан қайтгач Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида дарс берди. 1948 йили Тошкент давлат консерваториясида ўзбек халқ чолғулари кафедраси ташкил топади ва Б.Гиенко дарс беришга таклиф этилди. 1961-2000 йилларда консерваториянинг композиция кафедрасида кафедра мудири, доцент, профессор лавозимларида фаолият юритди.

Б.Гиенко ижодида якка чолғулар учун ёзилган асарлар, айниқса, камер ансамблларга, симфоник ва ўзбек халқ чолғулари оркестрлари учун ёзган асарлар устуворлик қилади. Унинг уч қисмли 1 - симфонияси (1941 й.), «Ўзбекистон» номли иккинчи симфонияси (1950 й.), тўрт қисмли учинчи симфония (1962 й.), тўртинчи симфония (1973 й.), фортепиано ва симфоник оркестр учун уч қисмли концерт (1976 й.), виолончель ва симфоник оркестр учун қорақалпоқ халқ мусиқаси асосида «Концертино» (1978 й.), Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган камер оркестр учун беш қисмли драматик эскизлар (1972 й.), «Тошкентнинг 2000 йиллиги»га бағишланган камер оркестр учун симфониетта (1983 й.), виолончель ва камер оркестр учун икки қисмли Концерт (1085 й.), симфоник оркестр учун: «Хоразмча сюита», «Ўзбекистон лирик манзаралари» сюитаси, «Мирзачўл» симфоник поэмаси, увертюра, скрипка ва камер оркестр учун концерт, труба ва камер оркестр учун концерт пьесалар ёзган.

Композитор меросида вокал-симфоник мусиқа ҳам мавжуд: овоз ва оркестр учун «Новелетта» сюита-вокализ (1967 й.); «Ташвишли йиллар аро» вокал поэма (1970 й. Б.Сингаевский сўзи). Б.Гиенко Р.Глиэрга бағишлаб 1972 йили овоз ва оркестр учун «Концерт» ёзди. 1973 йили овоз ва камер оркестр учун «Фрески» асарини яратди.

Б.Гиенко ижодида ўзбек халқ чолғулари оркестри мусиқаси алоҳида ўрин тутади. Дарҳақиқат, Ўзбекистонда бу жамоани ундан яхшироқ биладиган, севадиган, унинг имкониятларидан моҳирона фойдалана оладиган ва бу қадар кўп асарлар яратган рус миллатига мансуб композитор бўлмаган деса муболаға бўлмайди. «Ўзбекча марш» (1944 й.), овоз ва домбра секстет ансамблига «Бешта Помир халқ қўшиқлари» (1946 й.), оркестр учун симфониетта ва 9 та ўзбек халқ куйларини оркестрга мослаштирди (1947 й.). 1949-1951 йилларда иккита Хоразм халқ қўшиқларини овоз ва фортепиано учун; учта ўзбек халқ рақс куйларини фортепиано учун мослаштирди; Ҳ.Олимжон сўзига учта романс; учта ўзбек халқ куйларини ўзбек халқ чолғу ансамбли ва фортепиано учун ёзди. Оркестр учун Украин халқ мусиқаси асосида «Сюита» (1954 й.); оркестр учун «Ноэл» ва «Бозатау» қорақалпоқ халқ қўшиғини қайта ишлади. Бастакор А.Султонов билан ҳамкорликда оркестр учун уч қисмли «Қорақалпоқча сюита» (1955 й.), оркестр учун Помир халқ куйи асосида «Увертюра» (1958 й.) яратди, бастакорлар Н.Ҳасанов ва С.Калоновларнинг куйларини оркестрга мослаштирди (1959 й.), оркестр учун «Пахта ҳақида поэма», «Айланиб келинг» ва «Ул пари» каби ўзбек халқ куйларини  овоз ва оркестр учун мослаштирди (1961 й.), оркестр учун тоғли Бадахшон халқ куйи асосида «Увертюра» (1953 й.), оркестрга учта қорақалпоқ халқ куйларини қайта ишлади ва ўзбек халқ куйи асосида «Шонли байрам» увертюрасини (1967 й.) яратди. Ҳамза куйлари асосида оркестр учун «Фантазия», рубоб ва оркестр учун «Концертино», 1983-1985 йилларда оркестр учун «Гулдаста» сюитаси, бастакор Н.Ҳасановнинг ўзбекча, қирғизча, қозоқча, тожикча, туркманча куйлари асосида «Ўзбекистон дўстлиги», «Сўзана» сюиталари, «Йўл бўлсин» ва «Азим дарё» куйларини оркестрга мослаштирди, оркестр учун «Симфониетта» ва «Концертино» асарларини яратди. Талабалар учун ўзбек халқ чолғулари оркестрига чолғулаштириш ўқув қўлланмасини (1959 й.) ёзди.

Республикамизда камер-чолғу мусиқаси жанрлари ривожланишига Б.Гиенко катта ҳисса қўшди. Шуни айтиш керакки, Б.Гиенко илк квартетидаёқ (1949 й.) маҳоратини намоён қилди. Келгусида мазкур жанрга қайта-қайта мурожаат қилди ва жами 9 та квартет яратди (2- 1959, 3- 1961, 4- 1963, 5 -, 6 - ва 7 - 1965 й, 8- 1987, 9- 1994 й.). 2-4- квартетлар нашр этилиб, республикамиздан ташқарида ҳам ансамбллар репертуаридан жой олди. Камер-чолғу мусиқа асарлари орасида иккита скрипка, альт, виолончель ва фортепиано учун квинтет, Триптих (1964 й.), фортепиано учун 24 та прелюдия (1959 й., 1969 ва 1962 йилларда нашр этилган), фортепиано учун 12 та концертли миниатюра, иккита фортепиано учун концертино, «Масхарабозлар» (1979 й. Т., 1981 й.) ва бошқа асарларини айтиб ўтиш жоиз.

Б.Гиенко театр учун ҳам мусиқа яратди. Г.Собитов билан ҳамкорликда «Хуш келибсиз» (Озарбайжон драматурги С.Раҳмонов пьесаси, 1952 й.) ва «Тоҳир ва Зуҳра» (С.Абдулло пьесаси. 1953 й.), Д.Зокиров билан ҳамкорликда «Сўнмас чироқлар» (А.Бобожонов ва М.Муҳамедовлар пьесаси, 1953 й.) мусиқали драмаларини, «Ойниса» балети (Т.Литвинова либреттоси, 1956 й.), Ф.Содиқов билан ҳамкорликда «Ота ўғли» (Ҳ.Шарипов пьесаси, 1966 й.), Д.Соатқулов билан ҳамкорликда «Махтумқули» (Б.Кербобаев пьесаси, 1966 й.) каби мусиқали драмалар ҳамда Й.Охунбобоев номидаги болалар театрида саҳна юзини кўрган «Гердайган қуён» (С.Михалков пьесаси), «Икки қайрағоч» (Е.Шварц пьесаси), «Четда», «Павлик Морозов» (Любимова пьесалари); «Сирли сандиқ» (Толипов ва Аҳмедовлар пьесаси) ва қўғирчоқ театрида қўйилган «Василиса прекрасная» (А.Пушкин асари асосида Преображенскийнинг пьесаси) спектаклларга ҳам мусиқа басталади.

Б.Гиенко болалар мусиқа мактаблари ўқувчилари учун ҳар бир синф босқичларига мўлжаллаб, турли чолғулар ва ансамблларга куй ва қўшиқлар яратди. Айниқса, фортепиано учун «7 та пьеса тўплами», «10 та пьеса тўплами» туркумлари; Ю.Коринц сўзига «Мусиқали топишмоқлар» туркуми, скрипка ва виолончель учун куйлар диққатга сазовордир.

Б.Ф.Гиенко «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвони, орден ва медаллар билан тақдирланган.