Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                                   ТАМАРА ВИЗГО

(1906-1998)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, санъатшунослик фанлари доктори, мусиқашунос Тамара Визго узоқ йиллар давомида олиб борган илмий, ўқитувчилик ва жамоатчилик фаолияти билан республикамиз замонавий мусиқа маданиятининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшди. У ўзбек халқи мусиқа меросини, ижрочиларининг ҳаёти ва ижодий фаолиятини, мусиқа чолғуларини, бастакорларнинг ижоди ва муаммоларини ўрганиб, тарғиб қилди.

Визго Тамара Семёновна 1906 йил 12 (25) апрелда Россия империяси, Полша қиролигининг  Ломжа шаҳрида туғилди. 1907 йилда унинг оиласи Тошкентга кўчиб ўтди. Саккиз ёшида гимназияга ўқишга киради, мусиқага қизиқиб, фортепиано чалишни ўрганади. 1932-1936 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа техникумининг мусиқа назарияси бўлимида ўқийди. 1936 йилда Тошкент давлат консерваторияси ташкил топиши билан у биринчилардан бўлиб тарихий-назарий факультетига ўқишга кириб Москва консерваториясининг малакали ўқитувчилари - В.А.Цуккерман, Ю.А.Фортунатов, И.И.Мартинов, Я.Б.Пеккер, Л.В.Данилевич, А.Ф.Козловскийлардан таълим олади. Айниқса, уни ўзбек халқи мусиқа мероси ва замонавий композиторларнинг ижоди қизиқтирди. Талабалик давридаёқ унга консерватория тайёрлов бўлимида мусиқа назарияси ва тарихидан дарс бериш вазифаси топширилади. 1939 йилда эса уни Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа техникумига ишга таклиф қилишди. 1943 йили Т.Визго Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институтига ишга таклиф қилинди ва ҳаётининг сўнгги давригача мазкур институтда илмий ходим, 1947-1952 йиллар мусиқа бўлими мудири, 1952-1957 йиллар илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимларида ишлади. Мусиқа мероси ва айниқса, Ўзбекистон симфоник мусиқаси ва опера санъатининг ривожланишини ўрганишга катта аҳамият берди. 1944-1948 йиллар консерваторияда ўзи тузган дастур асосида «Ўзбек мусиқаси тарихи»дан дарс берди. 1947 йили ўзбек симфоник мусиқаси мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

1955 йилда унинг таҳрири остида «Музыкальная культура советского Узбекистана» номли тўплам нашр этилди. Унда Т.Визгонинг учта: «Пути развития узбекской музыки», «Узбекская опера», «Симфоническая музыка» каби йирик илмий мақолалари берилган. Йиллар давомида Тамара Семеновна ўзбек ва рус мусиқаси алоқаларига доир тарихий ҳужжаларни излаб, кекса санъаткорлар билан мулоқотда бўлиб, ҳозирги замон ўзбек ва рус композиторларнинг турли шакл ва жанрларда яратган асарларини таҳлил этиб «Развитие музыкального искусства Узбекистана и его связи с русской музыкой» мавзуида докторлик диссертациясини ёзди. Т.Визго беш жилдлик «Музыкальная культура братских народов» китоби ёзилишида қатнашди. Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институти ходимлари томонидан тайёрланган «История узбекской музыки» уч томлигида фаол қатнашган. «А.Ф.Козловский», «В.А.Успенский», «Музыкальные инструменты Средней Азии», «Узбекский оркестр народных инструментов» ва «Народная инструментальная культура современного Узбекистана» (А.И.Петросянц билан ҳамкорликда) йирик монографияларини ёзган, мусиқашунос Дилбар Рашидова билан ҳамкорликда «Музыкально-теоретическое наследие великих среднеазиатских мыслителей» мақоласи, 1972 йилда «Проблемы музыкальной культуры народов Узбекистана, Туркмении и Таджикистана» мақолалар тўплами чоп этилган.

Т.Визго уч юздан ортиқ турли мавзуларда илмий-оммабоп мақолалар, тақризлар ёзган. У республикамизда, халқаро конференция ва симпозиумларда маърузалар билан қатнашди. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Композиторлар уюшмасининг ҳайъат аъзоси ва мусиқий танқидчилик комиссияси раҳбари сифатида меҳнат қилди.

Т.Визго 1976 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони, 1986 йили «Халқлар дўстлиги» ордени ва медаллар билан тақдирланган.