Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                        АНАТОЛИЙ ВАРЕЛАС

(1950)

ХХ асрнинг 70-йиллари охирида Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси сафига истеъдодли композитор Анатолий Советович Варелас кириб келди. У турли жанрларда яратган мусиқа асарлари ва скрипкада ижрочилиги билан республикамизнинг кўп миллатли мусиқа санъати ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Варелас Анатолий Советович Тошкентда 1950 йил 27 февралда дунёга келди. У болалигидан бошлаб мусиқа муҳитида тарбияланди: отаси — композитор Совет (Сергей) Афанасьевич Варелас ва онаси Головянц Тамара Аванесовна фарзандлари Анатолий ва Еленаларга касб таълимини бердилар. Анатолий 1957 йили В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабда композициядан профессор Б.И.Зейдман синфида ўқиди.

1968 йили А.Варелас Тошкент давлат консерваториясининг оркестр чолғулари ва композиторлик факультетларида скрипкада Рейдер ва композицияда профессор Б.Зейдманлардан сабоқ олди. Композиторлик мутахассислигидан давлат комиссияси ҳайъатига «Поэма о сыне» (Антакольский сўзларига) номли кантата диплом ишини симфоник оркестр, хор ва солистлар ижросида тақдим этди ва аъло даражали диплом олишга сазовор бўлди. Талабалик даврида 1971-1973 йилларда ўзи ўқиган мусиқа мактабида композициядан дарс берди. Консерваторияни битиргач, Ўзбекистон миллий симфоник оркестрида скрипкачи лавозимида ишлади. 1973 йилнинг ноябридан 1989 йилнинг ноябригача А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтининг оркестр дирижёрлиги факультетида чолғулаштиришдан дарс берди. 1989-2010 йилларда консерваторияда скрипкадан, 2010 йилдан бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси профессори сифатида фаолият юритмоқда.

У скрипка ва фортепиано учун ёзган сюита, вариация, сонатина, лирик пьесалар, иккита скрипка учун иккита соло, виолончель ва фортепиано учун андантино, сонатина, альт-скрипка учун 30 та пьеса, фортепиано учун 7 та пьеса, 8 та прелюдия, «Вечное движение» фугатто; тромбон ва фортепиано учун «Сўзсиз қўшиқ», ўзбек ва қорақалпоқ халқ оҳангларини пайваста қилиш асосида яратган, қашқар рубоби ва фортепиано учун «Рондо», ғижжак ва фортепиано учун «Рақс», най ва фортепиано учун «Элегия» ва «Шарқ рақси», ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Рақс» ва «Концерт пьесаси» созандалар репертуарини бойитди. Булардан ташқари турли чолғу ансамбллар учун ҳам мусиқа яратмоқда. Улар орасида торли «Квартет», «Сюита», 4 та пьеса, скрипка, виолончель ва фортепиано учун «Трио», дамли чолғулар ансамблига 3 та пьеса ҳам ижрочилар репертуаридан жой олди.

А.Варелас яратган симфоник «Увертюра» (1969 й.) «Симфоник поэма» (1970 й.), симфония №1 (1977), №2 (1983), №3 (2002), №4 (2005), №5 (2012), скрипка ва симфоник оркестр учун концертлар №1 ва №2 (1972, 1986 й.), альт ва оркестр учун Концерт (2008), скрипка ва камер оркестр учун Concerto grosso (2001), най ва халқ чолғулари оркестри учун Концерт (1993)  ижодкорнинг энг катта ютуғидир.

А.Варелас шоирлардан А.Исаакян, С.Ципачев, А.Блок, А.Ахматова, Зулфияларнинг шеърларига романслар яратди. Улар хонандаларнинг репертуар дастурларидан жой олди ва концертларда ижро этиб келинмоқда. Композитор қўшиқлар, хор жамоалари ва болалар учун оммавий қўшиқлар яратди.

А.Варелас “Задачи по инструментовке” (1996), “Произведения для скрипки и фортепиано” (2007), “12 каприсов для скрипки” (2011) ўқув қўлланмалари муаллифидир.

А.Варелас 2007 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.