Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                            СОБИР БОБОЕВ

(1920-2004)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, атоқли композитор Собир Бобоев ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан республикамиз замонавий мусиқа маданиятига катта ҳисса қўшган. С.Бобоевнинг опера, мусиқали драма ва комедиялари, симфоник, вокал-симфоник ва хор асарлари, ўзбек халқ чолғулари оркестри учун асарлари, қўшиқ ва романслари маънавий мулкимизга айланди.

Собир Бобоев 1920 йил 30 декабрда Тошкентда туғилди. 1931 йили отаси вафотидан сўнг Собир болалар уйида тарбияланади. У ерда ҳаваскорлик тўгарагига қатнаб, дутор ва танбурда чалишни ўзлаштиради. Тошкент индустриал техникумида, кейин педагогика институтининг тайёрлов курсида таҳсил олади.

1943 йилда С.Бобоев Тошкент консерваторияси профессори, мусиқашунос Е.Е.Романовская маслаҳати билан консерваторияда очилган композиторлик тайёрлов бўлимига ўқишга киради. Асосий босқичда профессор Б.Б.Надеждин синфида таълим олиб, 1949 йилда Т.Тўла либреттоси асосида «Зумрад» номли бир пардали операси билан консерваторияни муваффақиятли битиради.

Талабалик йиллари С.Бобоев Ўзбекистон радиосининг хорида хонанда, бош хормейстер ёрдамчиси, 1947-1949 йилларда Ўзбекистон филармониясининг ашула ва рақс ансамблида бадиий раҳбар бўлиб ишлади. Бу даврда ёзган мусиқа асарларининг бадиийлиги ва профессионаллигини ҳисобга олиб С.Бобоев 1946 йили Ўзбекистон бастакорлар уюшмасига аъзоликка қабул қилинди. 1948 йили эса уюшманинг биринчи қурултойида у ҳайъат раиси лавозимига сайланди ва 1955 йилга қадар фаолият кўрсатди. Шу билан бирга у 1951-1952 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида ва консерваторияда мусиқий назарий фанлардан дарс берди. 1958-1959 йилларда Ўзбекистон хор жамияти ҳайъат раиси, 1960-1965 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси, 1966-1969 йилларда Самарқанд опера ва балет театри дирижёри ва бадиий раҳбари, 1972-1976 йилларда М.Қориёқубов номидаги ўзбек давлат филармонияси бадиий раҳбари; 1969-1978 йилларда консерватория муаллими, 1982-1985 йилларда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси вазифаларида ишлади.

Композитор фортепиано учун пьеса, сонатина, рақс; кларнет ва фортепиано учун «Рапсодия», симфоник оркестр учун иккита сюита, хор жамоаси учун: Муқимий сўзига «Навбаҳор», Т.Тўла сўзига «Алла», «Халқимга» (Т.Фаттоҳ сўзи), «Ўзбекистон» (Р.Бобожон сўзи), хор қўшиқлар: «Булбул сайраганда» (Т.Тўла сўзи), «Ватан» (Н.Тошпўлат сўзи), «Сендадур» (Шуҳрат сўзи), «Гул сочар» ва «Оразинг» (Навоий сўзлари) асарлари, «Ишонмайман» (М.Бобоев сўзи), «Эй сабо» (Навоий сўзи), «Бу ҳол» (Уйғун сўзи), «Дўстимга» (Ҳ.Олимжон сўзи), «Гўзал водий» (Т.Тўла сўзи), «Сенинг қўшиғинг» (Ҳ.Ғулом сўзи) каби қўшиқ ва романслар; Р.Бобожонов сўзига бешта, Т.Мирзо сўзига болалар учун учта қўшиқ басталади.

Ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Поэма», «Байрам увертюра»си (1950 й.) ўзининг шодиёна оҳангдор кўтаринки руҳи, миллийлиги, шаклининг ихчам, мукаммал профессионаллиги, оркестрнинг ранг-баранг жаранглаши билан ажралиб туради. Бу асар композиторни элга танитди. «Байрам увертюра»си, чанг ва ўзбек халқ чолғулари оркестри учун «Концертино» (1952 й) ҳам созанда ва тингловчиларнинг севимли асарларидан биридир. Бундай ижодий ютуқ композиторни ўз касб-ҳунари устида янада жиддий ишлашга, йирик ва мураккаб мусиқа асарлари яратишга илҳомлантирди. Тез орада унинг қалами остидан қуйидаги симфоник ва вокал-симфоник асарлар бунёдга келди: симфоник оркестр учун иккита сюита (1952, 1953 й.), мумтоз халқ куйи «Сегоҳ» асосида симфоник поэма (1956 й.), Т.Тўла сўзларига «Оқ олтин» вокал-хореографик сюита ва «Байрам куни» (1955 й.) вокал-симфоник поэма, айниқса, пахтакор деҳқонлар ҳаётига бағишланган 4 қисмли «Ҳосил байрами» (Р.Бобожон сўзи, 1955 й.) кантатаси ўзининг миллий оҳангдорлиги, ранг-баранг хор қўшиқлар билан мироббошининг лирик ашуласи, якунловчи тантанавор руҳда оммавий хор садолари билан ажралиб туради. Биринчи ижросидаёқ ижодий ютуғи ва асарнинг бадиий таъсирчанлиги эътироф этилди.

 

С.Бобоевнинг бутун ижодий фаолиятида саҳна асарларига мусиқа басталаш асосий ўринда туради. У биринчи мусиқали комедия «Далада байрам» ва мусиқали драма «Менинг соҳилларим» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулинлар пьесаси, 1954 ва 1957 й.) Д.Зокиров билан ҳамкорликда яратган бўлса, мустақил равишда 1957 йил «Катта муҳаббат» (Б.Раҳмонов пьесаси) мусиқали драмани яратди. 1958 йил Муқимий номидаги мусиқали театрда саҳналаштирилган «Ватан ишқи» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулинлар пьесаси) мусиқали драма композиторнинг катта ижодий ютуғи десак муболаға бўлмайди. Келгуси йилларда С.Бобоев «Икки билагузук» (Ш.Саъдулла пьесаси, 1962 й.) мусиқали комедия, «Майна Ҳасанова» (А.Раҳмат пьесаси, 1972 й.), «Олтин камар» (Тўлқин пьесаси, 1978 й.), «Муҳаббат қўшиғи» (Т.Тлегенов пьесаси, 1980 й.) мусиқали драмалар, «Темир қафас» (Х.Расулов пьесаси, 1982 й.) мусиқали комедия ва «Шаҳрисабз маликаси» (Л.Гладких пьесаси) мусиқали комедиясини (1986 й.) яратди.

С.Бобоев К.Яшин билан ҳамкорликда «Ҳамза» операсини яратди. Атоқли шоир, драматург, бастакор, жамоат арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг сиймосига бағишланган «Ҳамза» операси 1961 йил 27 май куни саҳна юзини кўрди ва томошабинлар томонидан қизғин кутиб олинди. «Ватан ишқи» мусиқали драмаси асосида 1973 йили (иккинчи таҳрир 1985 й.) «Фидойилар» (Ш.Саъдулла ва З.Фатхулин либреттоси) ва болалар учун 1969 йили ўзбек халқ эртаги асосида «Ёрилтош» (Ш.Саъдулла либреттоси) операларини яратди.

С.Бобоев ижодий фаолиятида доимий равишда қўшиқ, романс, жўрли ва жўрсиз хор қўшиқлар басталадики, уларнинг ҳар бирини санаб ўтиш мушкул. Айниқса, у романс жанрига катта аҳамият бериб, ўзига хос услубни топа олди, композитор ҳар бир шеърнинг мазмунидан келиб чиқиб, декламацион оҳангларга эътибор берди. Бундай ҳол, айниқса, «Ёр кетди» (Ойбек шеъри), «Қалб» (С.Зуннунова шеъри), «Мерос» (А.Саъдулла шеъри), А.Мухторнинг 4 та шеърига, Ҳ.Худойбердиеванинг шеърларига басталаган романсларида яққол сезилади. Булардан ташқари 90-йилларда Навоийнинг 3 та, Машрабнинг 11 та, Фурқатнинг 5 та ва Нодиранинг ғазалларига романслар басталади. Жўрсиз хор учун яратган хор қўшиқлари, айниқса, ўзбек халқ ашула ва қўшиқлари асосида қайта ишлаган: «Галдир», «Тановар», «Сегоҳ» каби асарлар диққатга сазовор.

Собир Бобоев ёрқин, кўп қиррали ва серунум ижоди билан Ўзбекистон мусиқа маданиятининг ривожланишига қўшган хизматлари учун 1967 йилда  «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони,  1998 йили «Эл- юрт ҳурмати» ва бошқа орденлар билан тақдирланган.