Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                         ДИЛОРОМ АМАНУЛЛАЕВА

(1959)

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор, композитор Дилором Амануллаева Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сафига 1989 йили эстрада қўшиқлари ва йирик симфоник асарлари билан кириб келди. У ўзининг ижодий фаолияти билан республика мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига самарали ҳисса қўшиб келмоқда.

Амануллаева Дилором Дарвиновна Тошкентда 1959 йилнинг 1 октябрида мусиқачилар оиласида туғилди. Дилоромнинг қалбига она аллалари билан мусиқий мўъжизалар кириб келди. Қобилиятли қизча В.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабининг фортепиано синфи бўйича профессор А.М.Литвинов синфида ўқий бошлади. 12 ёшидан эса профессор Б.И.Зейдман синфида композициядан ҳам сабоқ олди. Илк асарлари орасида торли оркестр, урма чолғулар ва фортепиано учун 5 қисмли сюитасини (1977 й.) миллий симфоник оркестри ижро этди. В.Неймер дирижёрлигида янграган асарни мусиқа жамоатчилиги яхши кутиб олди.

Дилором Амануллаева 1978 йили мактабни муваффақиятли битириб, Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультетида профессор Б.И.Зейдман синфида ўқишни давом эттирди. Талабалик даврида ёзган асарлари орасида Ҳамза хотирасига бағишланган фортепиано учун: «Соната №1» (1978 й.), “Болалар альбоми (1989 й.),  «Самарқанд манзаралари» - 5 қисмли сюита (1980й.), Соната № 2 (1983й.); Б.Бойқобуловнинг шеърларига 1981 йили бир неча романслар ва 3 қисмли торли квартет (1982й.), флейта ва фортепиано учун «Помир эскизлари» полифоник пьесаси мавжуд. Б.И.Зейдман вафот этганидан сўнг Д.Амануллаева Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Румиль Вильданов синфида ўқишни давом эттирди. 1984 йил симфония № 1 ва фортепиано учун соната № 2 тақдим этиб, консерваторияни имтиёзли диплом билан битирди.

Ёш мутахассис йўлланма билан Гулистон санъат билим юртида 1984-1986 йилларда мусиқа фанларидан дарс бера бошлади. 1985 йилнинг июль ойида Москвада ўтган XII халқаро ёшлар фестивалида композиторнинг фортепиано учун “Бибихоним” асари, флейта ва фортепиано учун ёзган «Помир эскизлари» пьесаси ижро этилди. 1986-1990 йилларда Д.Амануллаева консерваторияда профессор Т.Қурбонов синфида ассистент-стажёр сифатида сабоқ олди. Ўша йилларда Симфония №2 (1987 й.), фортепиано ва оркестр учун 3 қисмли Концерт асарлари яратилди. Сўнгра 1990-1993 йилларда консерваторияда «Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси»да ўқитувчи бўлиб ишлади. 1993-2002 йилларда В.А.Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида ўқитувчи, композиторлик бўлими бошлиғи, 2002 йилдан Ўзбекистон давлат консерваторияси “Эстрада хонандалиги” кафедраси мудири (2002-2016 йиллар), доцент (2008 й.), профессор (2016 й.) лавозимларида ишлаб келмоқда.

Д.Амануллаеванинг ижодий фаолиятида замонавий эстрада қўшиқчилик санъати устувор туради. У замондош шоирлардан У.Азимов, Н.Нарзуллаев,  Ж.Жабборов, А.Суюн, Ў.Рахмат, З.Обидов, П.Мўмин, З.Мўминова, Ҳ.Худойбердиева, И.Жиянов, Ш.Туроб, Қ.Ўтаев, М.Омон, С.Тўйчиева, Й.Суюнов, Э.Мадраҳимов ва бошқаларнинг сўзларига турли мавзуларда 250 дан ортиқ қўшиқлар яратди (шулар ичида 100таси болалар учун). Улар орасида «Мен сени ҳеч кимга бермайман», «Ёмғир ёғди», «Саратон», «Сиз ёққансиз менга ҳамиша», «Икки дарахт», «Сен қайдасан», “Болича”, “Яккадир Тошкент”, “Тошкентим ягонадир”, «Яшнайвер, Ўзбекистон», “Истиқлол кунинг муборак бўлсин”, “Унутмадим”, “Сен эдинг”, “Сен кетарсан”, «Ёлғон дунё», «Оташ замон», “Турналар қайтгунча омон бўлайлик”, “Бошим эгиб қўйма, дунё” ва бошқалар эстрада хонандалари К.Раззоқова, М.Тошматов, С.Назархон, К.Қаюмов, М.Ойнақулова, А.Раҳимова, Согдиана (Оксана Нечитайло), А.Шодиева, Р.Бўронова, ака-ука Саидориповлар ижроларида машҳур бўлди. Композитор турли ёшдаги болалар учун ҳам кўп қўшиқлар басталади. П.Мўмин шеърларига “Топишмоқ қўшиқлар” – 16та қўшиқлар  туркуми (1991 й), “Алифбо қўшиқлари” – 29 та қўшиқлар туркуми, “Хумо қуши”, “Этикчам” (Қ.Ўтаев шеъри), “Дилоромнинг қўшиғи” (И.Дониш шеъри) - телерадио тўлқинларида доимо янграб келмоқда: 1994 йили шоира Нодира ғазалларига фортепиано ва овоз учун 2 та романс: “Ёр керак ошиққа”, “Жаҳондин кеч”  яратилди.

Д.Амануллаева мусиқа санъатининг бошқа жанр ва шаклларида ҳам самарали ижод қилди. Жумладан, 1986 йили У.Хайём шеърларига “Хайём рубоийлари” – а капелла хори, яккахон, най ва доира учун; 1987 йили симфоник оркестр учун Симфония № 2; 1989 йили фортепиано ва симфоник оркестр учун Концерт; 1993 йил «Бахтномамиз таронаси» ва 1994 йил «Истиқлол мадҳияси» яккахон, хор ва симфоник оркестр учун Қасидалари, Суғдиёна халқ чолғулари камер оркестри учун турк халқ қўшиқлари асосида 5 қисмли “Сюита” (1995 й.), С.Саййид шеърларига  а капелла хори, солистлар,  флейта ва дойра учун  5 қисмли “Кўнгил соҳили” – Учинчи Симфонияси (2002). У қуйидаги камер-чолғу мусиқа асарлари муаллифидир: 1982 йили Б.И.Зейдман хотирасига бағишлаб торли квартет яратди. 1983 йили торли квартет № 2; 1992 йили фортепиано учун соната №3, 1990-1995 йиллари фортепиано учун «Болалар альбоми», бешта кичик пьеса; «Речитатив ва токката»; Токката №2; «Ёмғир», «Бекинмачоқ ўйин»; «Карвон» ёш пианиночилар иккинчи тўпламига киритилган. 1985-1993 йилларда «Кичкинтойлар учун мусиқа» болалар боғчалари учун 20 та қўшиқ ва 30 та рақс куйлари киритилган тўплам; 1992 йили «Топишмоқ айтишув» 6 та қўшиқдан иборат туркум, шоир П.Мўмин шеърларига боғча болалари учун ва худди шундай «Топишмоқ қўшиқлар» 10 та қўшиқдан иборат туркум; 1994 йили «Алифбо қўшиқлари» биринчи синф учун лотин алифбосининг ҳар бир ҳарфига 30 та қўшиқ тўплами П.Мўмин шеърларига ёзилган. Зикр қилинган асарларни Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг «Булбулча» хор жамоаси эстрада симфоник оркестри жўрлигида ижро этиб келади. Шу билан бирга уларнинг клавирлари нашр этилган.

         Мусиқа санъатида мураккаб жанрлардан ҳисобланган Мадҳия Д.Амануллаева ижодида муҳим ўрин эгаллайди. Миллий ва замонавий руҳда яратилган Миллий «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалининг Мадҳияси (У.Азим шеъри, 1997й.), Президент ҳузуридаги Давлат ва Қурилиш Академияси Мадҳияси (Н.Комилов шеъри, 1998й.) Миллий театр Мадҳияси (У.Азимов шеърлари, 2001й.), «Тошкент Мадҳияси» (И.Жиянов шеъри, 2002), Байналминал маданият маркази Мадҳияси (Н.Нарзуллаев шеъри, 2004 й.), Кураш ассоциацияси Мадҳияси (И.Жиянов шеъри, 2003), Ёш лауреатларнинг “Тасанно” Мадҳияси (Н.Нарзуллаев шеъри, 2006 й.) композиторнинг бу соҳада етук ва профессионал ижодкор сифатида гавдаланганлигидан далолат беради. Айниқса, «Шарқ тароналари», «Тошкент Мадҳияси» ва “Байналминал маданият маркази Мадҳияси” ўзининг ёрқин миллийлиги, оригиналлиги, замонавийлиги ва кўтаринки руҳда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Шунинг қаторида композиторнинг ватанпарварлик мавзусида яратилган “Онт” (А.Суюн шеъри), “Яккадир Тошкент” (У.Қўчқор шеъри), “Тошкентим ягонадир”, “Тинчлик нашидаси” (Н.Нарзуллаев шеърлари), “Ватан” (З.Мўминова шеъри), «Зарралари зар ватан», «Туғилган кунинг муборак бўлсин» (Ж.Жабборов шеърлари); «Бир-бирингни асра, Ўзбегим» (С.Тўйчиева шеъри), «Сен менинг ватанимсан» (X.Даврон шеъри), «Тўйларинг муборак» (Н.Нарзуллаев шеъри), «Ўзбекистон» (М.Омон), «Азиз бўстон — Ўзбекистон» (М.Мирзо), «Ҳумо қушим» (П.Мўмин), «Наврўзим» (Ш.Қурбон), «Ўзбекистон ватаним маним» (М.Жабборов) каби 70 дан ортиқ қўшиқлари Республика танловларида, давлат тадбирларида кенг ижро этиб келинмоқда.

           Ўзбекистон давлат консерваториясининг “Эстрада хонандалиги” кафедрасидаги ишлаш жараёнида композитор талабаларнинг мутахассислик фанидан ўқиш жараёнида муҳим бўлган ижро дастурларини яратди: овоз ва фортепиано учун “25та жаз ва эстрада вокализлари” (2002-2013), Жаз-рок, соул, Босса-нова, Баллада, жаз йўналишларида янги вокал асарлари, жумладан “Ўзгача” (А.Навоий шеъри), “Элегия” (Г.Муродалиева шеъри), “Бошим эгиб қўйма, дунё”, “Бир кам дунё” (З.Ражабова шеърлари), “Дунёларга алишмасман, “Бу дунё сендан ҳам, мендан ҳам қолар” (З.Мўминова шеъри), ”Сени ташлаб кетолмайман” (Р.Ярашева шеъри), “Сен эдинг”, “Сен кетарсан” (Ш.Туроб шеърлари). Ушбу 100га яқин асарлар Д.Амануллаева муаллифлигида яратилган “Эстрада хонандалиги” таълим йўналишининг 6та  ўқув адабиётларига киритилган.

         Д.Амануллаева  яратган мадҳия ва қўшиқларини ўзи ҳам  муваффақиятли ижро этган: “Шарқ тароналари” Халқаро мусиқа фестивалида, йирик давлат концертларида, телерадио эфирларида, ўзининг талабалари билан ўтказган “Устоз-шогирд” концертларида.

            Айтиш лозимки, композитор Д.Амануллаева яратган фортепиано ва вокал асарлари нафақат Республикамида, балки кўплаб чет эллардаги танловлар ва концертларда муваффақиятли ижро этиб келинмоқда, консерватория, коллеж, лицей ва болалар мусиқа ва санъат мактабларининг фортепиано, вокал, хор дирижёрлиги, дамли чолғулар таълим йўналишининг ўқув дастурларига киритилиб, ёшларнинг профессионал ва эстетик тарбиясига мунтазам хизмат қилиб келмоқда.

Дилором Амануллаева синфида таълим олган шогирдлар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонларига (Севара Назархон, Дилноза Исмияминова, Лола Аҳмедова, Зоя Цой), “Ниҳол” давлат мукофотларига (Суғдиёна, Диана Зияддинова, Мадина Мумтоз ва бш.) сазовор бўлганлар, Халқаро танловлар лауреатлари бўлганлар.

Дилором Амануллаева Ўзбекистон мусиқа маданияти ривожига қўшиб келаётган ҳиссалари Ҳукумат томонидан муносиб тақдирланган. 1996 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», 2006 йилда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвонлари, 1998 йили «Дўстлик» ордени билан тақдирланган. У «Офарин» мукофоти соҳиби, «Ўзбекистон — Ватаним маним» ва бошқа танловлар совриндори.