Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                          ХОЛМИРЗА АЗИМОВ

(1925-1992)

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, моҳир педагог, созанда ва композитор Холмирза Азимов санъаткор бўлиш истагида болалигидан мусиқага қизиқди, шу соҳада машаққатли ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтиб, ўзбек йигитлари орасида илк олий маълумотли пианиночи, кейинчалик композитор сифатида танилди.

Холмирза Файзуллаевич Азимов Наманган шаҳрида дунёга келди. Холмирза беш ёшида отасидан етим қолди. У 1934 йилда ўрта таълим мактабига, икки йилдан сўнг Наманган мусиқа техникум интернати қошидаги мусиқа мактабининг фортепиано синфига ўқишга кирди. Бу даргоҳда Ленинграддан келган моҳир пианиночи Александр Германович Энгельд билан танишди. 1943-1945 йилларда армия сафига чақирилиб аввал Самарқанд шаҳрида, кейинчалик Харьков пиёдалар ҳарбий ўқув юртида хизмат қилди, лейтенант 1944-1945 йилларда урушда қатнашди. 1946-1949 йилларда мусиқа ўқув юртида ўқишини давом эттирди. 1949-1954 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг фортепиано факультетида профессор Н.М.Яблоновский синфида таълим олди.

Ўқишни битириб консерваторияда умумий фортепиано кафедрасида педагоглик ишини давом эттириб, умрининг охиригача катта ўқитувчи, доцент ва профессор илмий унвонларида фаолият юритди. 1961-1967 йилларда кафедра мудири ва сиртқи бўлими декани, 1967-1969 йилларда кундузги ижрочилар факультети декани, 1969-1971 йилларда илмий ишлар проректори, 1978-1987 йилларда кафедра мудири лавозимларида ишлади.

Нозик табиатли, юксак дидли, катта истеъдод соҳиби, моҳир фортепиано педагоги Х.Азимов мусиқа басталашга уринди ва профессор Г.А.Мушелдан маслаҳатлар олиб, ўзининг бастакорлик маҳоратини оширди. Севимли фортепиано учун куйлар яратди, ўзбек ва бошқа халқлар куйларини фортепиано учун қайта ишлади. Композитор кўп йиллик ўқитувчилик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мусиқа мактаблари учун педагогик репертуарни миллий асарлари билан бойитиш мақсадида қуйидаги мусиқий намуналар ва тўпламларни нашр эттирди: «Хрестоматия по общему курсу фортепиано» («Ўқитувчи». Ташкент, 1965 г.); «Фортепианные пьесы композиторов Средней Азии и Казахстана» (Алма-Ата, 1982 г.); «Фортепиано дарслиги» («Ўқитувчи». Ташкент 1971 г.); «Баллада, поэма для фортепиано» («Гафур Гулям», 1978 г.) «Хрестоматия по курсу фортепиано» («Ўқитувчи», Ташкент, 1979 г.); «Рапсодия для фортепиано» (изд. «Г.Гулям», 1980 г.); «Сборник детских пьес композиторов Узбекистана» («Сов. композитор», Москва, 1985г.); «Три пьесы из цикла «Невольница» для фортепиано («Г.Гулям», 1987 г.).

1971 йилда биринчи бўлиб ўзбек мусиқаси асосида ўзи яратган «Фортепиано дарслиги»ни чоп этди. Талабчан устоз бу дарсликни умрининг охиригача тўлдириб борди, қайта ишлади ва нашрга тайёрлади. Р.Юнусов композитор Х.Азимов хотирасини ёд этиб, у нашрга тайёрлаган «Фортепиано дарслиги»ни 1998 йилда чоп эттирди.

Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг 1989 йилдан аъзоси Х.Азимов композиторлик ижодида миллий руҳ билан суғорилган фортепиано учун “24 та пьеса”, Сонатина, “Пьесалар тўплами”, Поэма, баллада, рапсодия, 4 қисмли пьесалар туркуми, ноктюрн, 12 пьесадан иборат ўзбек куйлари асосида басталанган полифоник тўплам, баркаролла, учта прелюдия, 2 та фортепиано учун тўрт қўлда ижро этиладиган 12 та пьеса; скрипка, виолончель ва фортепиано учун Трио, виолончель учун иккита пьеса, скрипка ва фортепиано учун 12 та пьеса; альт скрипка ва фортепиано учун «Хаёллар», виолончель ва фортепиано учун поэма, овоз ва фортепиано учун «Баллада» (Б.Бойқобилов сўзи); «Эй гўзал» (Назармат сўзи), «Ўқилмаган хат» (О.Матжон сўзи), «Илтижо» (А.Орипов сўзи) романслари, «Интизор» (М.Қориев сўзи) балладаси, «Тошкент гуллари» қўшиғи (М.Қориев сўзи) ва ўзбек халқ чолғулари учун пьесалар яратди. 

Устоз санъаткор X.Азимовнинг миллий кадрлар тайёрлаш ва ижодий ютуқлари Ҳукумат томонидан муносиб баҳоланган. У 1986 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, орденлар ва медаллар билан тақдирланган.