Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

                            КАРИМ АБДУЛЛАЕВ

(1901-1977)

      

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, композитор ва жамоат арбоби Карим Абдуллаев ижодий фаолияти билан республика мусиқа маданиятининг ривожига муносиб ҳисса қўшди. У XX асрда бошланган янгича мусиқий йўналиш жараёнида биринчилардан бўлиб кўп овозли шакл ва жанрларда ижод қилди, янги-янги мусиқий асарлар яратди.

К.Абдуллаев 1901 йилда Тошкент шаҳрида дунёга келди. Болалигида янги «жадид» мактабларида таълим олди. Мусиқага бўлган қизиқиш уни 1921 йили Тошкент халқ консерваториясига чорлади. Бу ўқув даргоҳида у трубада чалишни ўзлаштирди ва тез орада консерваториянинг дамли чолғулар оркестрида иштирок этди. 1925-1929 йилларда Москва мусиқачи-педагоглар тайёрлаш институти қошида ташкил топган мусиқа-этнография курсларида, 1929-1933 йилларда П.И.Чайковский номидаги Москва давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетида таълим олди, талабалар симфоник оркестрида қатнашди ва мусиқа басталашда изланди. Бу даврда «Шарқ марши», «Чўпонча», «Гўзал Фарғона» каби фортепиано учун пьесалар, «Мухайяр», «Муножот» ва «Савти муножот» куйлари асосида торли квартет учун Сюита, Машраб сўзига «Келдилар» ва «Жонон қиз» қўшиқларини яратди.

1933 йилда К.Абдуллаев Тошкентга қайтиб, Санъат бош бошқармаси мусиқа бўлимига раҳбар этиб тайинланади. 1937 йилда Москвада ўтадиган «Ўзбек адабиёти ва санъати» декадасига тайёргарлик ишларини амалга оширишда фаоллик кўрсатади.

К.Абдуллаев 1938-1948 йилларда Ўзбекистон Радио қўмитаси мусиқий таҳририятининг бош муҳаррири, Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юрти директори, Ўзбекистон Маориф вазирлиги мусиқа бўлимининг бош назоратчиси вазифасида меҳнат қилди. 1948-1971 йилларда у Ўзбекистон Маданият вазирлиги қошидаги республика халқ ижодий уйида мусиқа бўлимини бошқарди.

Композитор К.Абдуллаев қўшиқ жанрининг ривожланишига самарали ҳисса қўшди. «Баҳор», «Алла», «Жонона қиз», «Пиллачи аёл», «Муҳаббат ўти», «Дўстлик диёри», «Қуёшли ўлкам», «Менинг ёрим» жўрли ва жўрсиз хор учун «Юксал, Ватаним», «Оналар имзоси», «Ўзбекистон ёшлари», «Ўзбекистон қизлари», «Тинчлик қўшиғи», «Янгича ёр-ёр», «Ҳамкорим», «Аскарлар қўшиғи», «Чўл кўксида боғ ўстирдим», «Деҳқонга таъзим», «Далада байрам», «Давр-даврона» каби қўшиқлари муаллифга шуҳрат келтирди.

Композиторнинг ижодий меросида болалар учун қўшиқлар алоҳида ўрин тутади. «Биз — Ўзбекистон болалари», «Биз янги ҳаёт қурамиз»,  «Ватан қўшиғи», «Арча қўшиғи», «Ўлкам», «Қўғирчоғим», «Арғамчи-арғимчим», «Оқ теракми, кўк терак», «Менинг боғчам», «Менинг машинам», «Кичик аскар», «Баҳор келди», «Мактабим» тароналари болаларнинг севимли қўшиқларига айланган.

Композитор ўзбек халқ чолғу оркестри учун бир нечта рақс, марш, пьеса ва сюиталар яратди. Бир қатор халқ куйларини хор ва оркестрга қайта ишлади. К.Абдуллаев ўзига хос мусиқий тили билан катталар учун ҳам, болалар учун ҳам яратган қўшиқлари ёки оркестрга ёзган асарлари ихчамлиги, оддийлиги, миллий руҳ билан суғорилганлиги ва жозибадорлиги билан тингловчини ўзига жалб қилади.

К.Абдуллаев самарали меҳнати учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» фахрий унвони, орден ва медаллар билан тақдирланди.