Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Ўзбекистон халқ артисти, моҳир созанда, хонанда, мураббий, бастакор Султонали Маннопов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1999 йили қабул қилинган. Бастакорнинг ўнлаб қўшиқ ва ашулалари, ялла-рақс сюиталари ва чолғу асарлари вилоят ҳамда республика миқёсидаги Концерт дастурларида, кўрик-танловларида, фестивалларда жарангламоқда. Айниқса, унинг истиқлол мавзуларидаги жозибали қўшиқлари «Мустақиллик баҳори», «Мустақиллик таронаси», «Гулла, Ўзбекистон», «Ўзбекистон менинг ватаним», «Дўстлик таронаси», «Фарғонадан ассалом» кабилар машҳур бўлиб кетди.

Султонали Маннопов Фарғона вилояти Қува тумани Султонобод қишлоғида 1948 йилнинг 1 январида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онаси Султоналини болалигидан мусиқага қизиққанини сезиб, таълим-тарбиясига эътибор бердилар. 12 ёшида у машҳур хонанда Таваккал Қодировга шогирд тушди. 1954-1964 йилларда умумтаълим мактабда ўқиди, устози билан концертларда иштирок этди. 1964-1968 йиллари Фарғона мусиқа билим юртининг халқ чолғулари бўлимида таҳсил кўрди. 1968-1969 йиллари Фарғона ҳарбий гарнизонининг оркестрида ҳарбий хизматни бажо этди. Меҳнат фаолиятини 1969 йили болалар мусиқа мактабидан бошлади. Унинг орзу-ниятлари 1970 йили Фарғона педагогика институтининг мусиқа факультетига чорлади. У 1974 йили ўқишни муваффақиятли битирди ва университетнинг мусиқа факультетида ўқитувчиликни бошлади. 1978 йилдан Фарғона вилоят ўзбек мусиқали драма ва комедия театрида концертмейстер, хормейстер, бош дирижёр вазифаларида фаолият кўрсатди. 1982 йилдан Фарғона вилоят филармониясининг бадиий раҳбари, 1986-1988 йилларда вилоят ўзбек театрининг директори вазифасида ишлади. Ҳозирда Фарғона давлат университети профессори сифатида ёш авлодни тарбиялаб келмоқда. 2013 йилда Турон Фанлар Академияси академиги унвонига сазовор бўлди.

Бастакор ва хонанда С.Маннопов ижодий фаолиятида қўшиқ жанри устувор туради. У замондош шоирлар сўзларига 150 дан ортиқ ранг-баранг қўшиқлар яратди. Уларнинг айримларини эслатиб ўтамиз: «Ўзбекистонда бугун ҳамма пахтакор», «Муборак» (А.Каримов сўзлари); «Истиқлол мадҳияси» (М.Исломов сўзи, катта ашула); «Хиром этсанг» (Б.Исмоилов сўзи); «Турналар», «Сайранг, қушлар», «Фарғоний бобом» (И.Турсунов сўзи); «Чарх урар дилраболар», «Дунёлар сеҳри», «Гулзорга қарасам» (Ҳ.Муҳаммад сўзлари); «Узма дўстлик торини» (П.Мўмин сўзи); лапар «Менга гапи бормикан» (О.Ҳакимов сўзлари); «Қаландар ишқи» (Чўлпон шеъри); «Беқиёс» (Н.Андижонов сўзи); «Мурувват бирла» (Чархий ғазали); «Келса санамим» (Ш.Ҳакимий сўзи); яллалар «Фарғонажон» (И.Сулаймон сўзи); «Ассалом» (Т.Тўла сўзи); «Фарғона ёр-ёри» (А.Рустамов сўзи) ва бошқалар.

Бастакорнинг 1982 йили «Яшнайвер, жонажон республикам», 1985 йили «Мангулик», 1986 йили «Созимда васлинг», 1989 йили «Водий таронаси», 1992 йили “Мустақиллик баҳори», 1997 йили «Фарғонадан ассалом», 1998 йили «Наврўз таронаси» ва бошқа асарларини Фарғона вилоят «Ўзбекнаво» жамоалари ижро этганлар. Якка чолғу ва ансамбллар учун куйлар яратди. У 1994 йили «Олий ва ўрта махсус билим юртларининг санъат бўлимлари учун миллий-анъанавий қўшиқчилик ихтисослигидан қўлланма-дастур»; 1994 йили «Таваккал Қодиров»нинг ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида монографик очерк ва 1996 йили «Қўшиқ олами юлдузлари» китобида машҳур ҳофизлар Мадалибек Рахматилло ўғли, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқовларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятлари тўғрисида илмий-оммабоп рисола яратди ва нашрдан чиқарди. «Сўнмас наволар» илмий-бадиий рисоласида 20 нафар устоз ҳофиз, созандаларнинг ҳаёти ва ижодлари қаламга олинган.

Бастакор С.Маннопов Ўзбекистон дўстлик делегациялари билан Куба, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Афғонистон, Туркия, Сурия каби мамлакатларда ижодий сафарда бўлди. Қозоғистонда ўтган Ўзбекистон маданияти кунларида қатнашди.