Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Ўзбекистон халқ артисти, созанда ва бастакор Абдуҳошим Исмоилов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига 1991 йили қабул қилинган. Унинг яратган қўшиқ, ашула ва куйлари ўзининг сержило оҳанглари, ранго-ранг хусусиятлари, ноёблиги билан ажралиб туради.

Абдуҳошим Исмоилов 1952 йилнинг 9 июнида Фарғона вилояти Қува туманида туғилган. 1959 йилдан умумтаълим мактабида ўқийди. Болалигидан мусиқага қизиқади ва санъаткор бўлишни орзу қилади, ҳаваскорлик тўгарагига қатнайди. Мактабнинг 8-синфини битириб, 1967 йили Фарғона мусиқа билим юрти ўзбек халқ чолғулари бўлимининг ғижжак синфига ўқишга киради. 1975 йилда Тошкент давлат консерваториясининг анъанавий ижрочилик факультетига ўқишга кирди. Айни вақтдан бошлаб телерадио ҳузуридаги мақом ансамблида созанда бўлиб ишлади. У 1980 йили консерваторияни ғижжак синфи бўйича битириб, мақом ансамблида ишини давом эттирди. 1983 йили илк бор ўтказилган Республика мақом ижрочиларининг танловида у биринчи ўрин совриндори бўлди. Ёрқин истеъдод соҳиби, моҳир ижрочи А.Исмоилов бастакорлик санъати анъаналарини давом эттириб, ижодкор сифатида ҳам кенг танилди. Унинг ўтган йиллар давомида яратган қўшиқ, ялла, ашула, чолғу ва рақс куйлари замон руҳи билан ҳамоҳангдир. Шуни айтиб ўтиш жоизки, у яратган мусиқий асарларда анаънавий услуб ва замонавий мусиқа воситалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ўзига хос оҳанг ва усуллар кашф этган ҳолда таъсирчан. Унинг яратган ҳар хил овозли ёки чолғу мусиқаси ўзининг сержило оҳанглари, ранг-баранглиги ва жозибали руҳи билан ҳам ажралиб туради. Шу сабабли бастакорнинг ҳар бир асари мухлислар томонидан иштиёқ ва мунтазирлик билан кутиб олинади. Масалан: «Ўзбекистон», «Тошкентим», «Бўлмас», «Ноз», «Юлдузим», «Мажнунтол», «Тоғ қизи», «Сен ўзинг», «Сенинг кулишларинг», «Ёримга айтинг», «Учрашув», «Кетай» қўшиқ, ашула ва яллалари ҳамда «Ҳолим сўрма», «Гуллола», «Тонг», «Нафосат», «Зилола» каби бир қатор чолғу ва рақс куйлари мусиқа мухлисларининг дилларидан жой олган. Шунинг учун яратган асарлари хонанда ва созандаларнинг ижро дастуридан кенг ўрин олган. Мисол сифатида радио тасмаларида машҳур хонандалар ижросида ёзилган қуйидаги қўшиқлар айниқса машҳур: Матлуба Дадабоева ижросида «Қўлда созим» (Э.Охунова сўзи); «Омон кўнгил» (Р.Ризо сўзи); Маҳмуджон Азимов ижросида «Ўшалар дейсан» (О.Матчон сўзи); «Етай деб» (Ш.Ҳакимий сўзи); «Гулшанда ёр кўринди» ва «Бебаҳо дурдонасан» (Уйғун сўзлари); Комила Аминова ижросида «Сендан кетаман» (Ў.Холдоров сўзи); Ҳожиакбар Раҳматов ижросида «Шодлик ато этсин» (Ў.Холдоров сўзи); «Сочингни майда ўрдинг» (Ш.Ҳакимий сўзи); «Сиз мунча ширинсиз» ва «Осон бўлмади» (И.Тўхтамишев сўзлари); «Раққоса» (Ж.Субҳон сўзи); «Бир елка соч» (Н.Қобилов сўзи); Абдулло Раҳимжонов ижросида «Ром этар» (М.Ҳакимов сўзи); Эркин Рўзиматов ижросида «Сендан» (Э.Самандаров сўзи); Насиба Сатторова ижросида «Иккимиз дунёдан ўтганда» (Ҳ.Худойбердиева сўзи); Маҳмуджон Йўлдошев ижросида «Ёрим айтинг» (Огаҳий ғазали); «Осмонда ҳам йўқ», «Дилимга ғамзадан» (Ҳофиз Шерозий ғазаллари); «Жонон кўзингга» (Чустий шеъри); «Бўлмагай», «Минг зардан аъло» ва «Ўзингдан бўлак» (Ш.Ҳакимий сўзлари); «Муҳаббат лайлоси» (Т.Тўла сўзи); «Қайдасан» (В.Абдурашидов сўзи), «Эски қўшиқ» (А.Суюн сўзи); Равшан Комилов ижросида «Келинчакка» (Қ.Деҳқонов сўзи); Зулайҳо Бойхонова ва Ҳамид Тўхтаевлар ижросида Бобур спектаклидан «Етолмасман» (Ҳ.Муҳаммад шеъри) дуэти ва бошқалар. Ўзбекистон халқ артисти, Ю.Ражабий номидаги «Мақом ансамбли» бадиий раҳбари, моҳир созанда ва бастакор Абдуҳошим Исмоилов кўп қиррали фаолияти билан замонавий ўзбек мусиқа санъатининг ривожланиш жараёнига катта ҳисса қўшиб, баракали ижод қилмоқда.

А.Исмоилов “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.