Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

 Композитор Муҳаммад Отажонов 1959 йил 16 сентябрда Урганч шаҳрида туғилган. 1982 йилда Тошкент давлат консерваториясини фортепиано, 1989 йилда бастакорлик ихтисосликлари бўйича тугатган. Ўзбекистон давлат консерваторияси бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси доценти. М.Отажонов Республика қўшиқлар ва Республика пианиночилар танловлари совриндори.

М.Отажоновнинг асарлари профессионал даражада яратилганлиги, ўзининг миллийлиги, сержилолиги билан ажралиб туради. Композитор ижодий фаолияти жараёнида бир қатор жанрларга мурожаат этган. Фортепиано ва оркестр учун №1, №2 Концертлари, чанг ва халқ чолғу оркестри учун Концерт, симфоник оркестр учун сюиталар, камер чолғу асарлари, «Бобур», «Чироғимни ким ёқади», «Дилбар юраклар» мусиқали дарамалари, «Гуноҳ» фильмига яратилган мусиқа композитор ижодининг ёрқин намуналарини ташкил этади. «Ширин хотира», «Яшнаган ўлкамга боқ», «Ўзинг ягона», «Она юртим» каби 50 дан ортиқ қўшиқлари, «Қарашларинг», «Ширин хотира», «Соғиндим», «Яшнаган ўлкамга боқ», «Гулчеҳра қиз ўйнасин», «Тўй бўлсин», «Она юртим»  эстрада қўшиқлари тингловчилар томонидан юқори баҳоланган.

Болалар қўшиқчилиги ва ижрочилиги борасида ҳам композитор бир қатор самарали ютуқларга эришди. 2000 йилда композиторнинг болалар учун «Гулдаста» номли фортепиано пьесалари тўплами нашр этилди. «Шўх чумчуқ», «Болаларнинг кўзлари», «Онажон Ўзбекистон», «Юрт диёри» каби 50 га яқин болалар учун яратган қўшиқлари жажжи ва ўсмир болажонлар томонидан севиб куйланиб келинмоқда.

М.Отажонов Республикамиз бўйлаб кўпгина мусиқа мактаблари, коллежлар ва лицейларда мунтазам концерт учрашувлар ташкил этиб, ўқувчиларнинг маънавий дунёсини янада кенгайишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Композиторнинг асарлари «Мустақиллик» ва «Наврўз» давлат тантаналарида ҳам мунтазам ижро этиб келинмоқда. Хусусан, композитор қаламига мансуб «Жажжи гўзал» қўшиғи «Булбулча» болалар хор жамоаси томонидан 2001 йил Наврўз давлат байрами концертида муваффақиятли янгради.

1996 йилдан буён ўтказиб келинаётган Халқ таълими тизимидаги «Ўзбекистон Ватаним маним» Республика қўшиқлар кўрик танловининг доимий қатнашчиси, ғолиби, ҳайъат раиси ва аъзоси. 2003 йилда Тошкент шаҳар тизимидаги қўшиқ байрами кўрик танловида ҳакамлар ҳайъати раиси сифатида қатнашди. Композиторнинг «Қашқадарё», «Урганч», «Навоий» номли қўшиқлари Шаҳрисабз, Хива, Навоий шаҳарларида болалар томонидан гала концертларда муваффақиятли ижро этиб келинмоқда.