АБДУЛАЗИЗ ҲОШИМОВ

(1939-2003)

Санъатшунослик фанлари доктори, мусиқашунос ва композитор Абдулазиз Ҳошимов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасига 1981 йили қабул қилинган. Мусиқашунос сифатида уйғур муқомлари ҳақидаги илмий тадқиқий мақолалари, композитор сифатида яратган асарлари билан замонавий мусиқашунослик фани ва композиторлик ижодиётини бойитди.

Абдулазиз Сатторович Ҳошимов Хитой Халқ Республикаси Шинжон уйғур автоном районининг Ғўлжа шаҳрида 1939 йилнинг 14 мартида таваллуд топди. 1946-1956 йиллари Ғўлжа шаҳрининг умумтаълим мактабида ўқиди. Болалигидан мусиқага бўлган қизиқиши ва мазкур мактабдаги машҳур созандалардан мумтоз мусиқа сирларини ўрганди. Уйғур халқ мусиқа меросини ўз қалбида сингдира борди ва уйғур муқомларини ўргана бошлади. 1956-1959 йиллари Абдулазиз Урумчи шаҳридаги тиббиёт институтида ўқийди. Лекин мусиқага бўлган иштиёқи туфайли 1959 йили Ғўлжа шаҳридаги маданият уйи ансамблида ишлай бошлайди. 1960 йили Абдулазиз Ҳошимов Тошкент шаҳрига оиласи билан бутунлай кўчиб келади. 1961-1965 йиллари Йўлдош Охунбобоев номидаги Тошкент шаҳар Маданият уйидаги уйғур ашула ва рақс ансамблида созанда бўлиб ишлайди. 1965-1969 йилларда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимида ўқийди. Сўнгра Тошкент давлат консерваториясининг композиторлик факультети тайёрлов бўлимига ўқишга қабул қилинади. 1971 йили консерваториянинг асосий босқичига ўтказилиб, профессор Г.А.Мушель синфида композиторлик мутахассислигидан сабоқ ола бошлади. 1972 йилдан Шарқ мусиқаси кафедрасида профессор И.Р.Ражабов раҳбарлигида мақом асосларидан сабоқ олади. 1976 йили мусиқашунослик, 1977 йили эса композиторлик мутахассисликлари бўйича консерваторияни муваффақиятли тугатади.

Мусиқашунос-композитор А.Ҳошимов талабалик даврида 1967-1972 йиллари ўзбек радиоси қошида тузилган уйғур мусиқаси ансамблида чангчи, 1974-1976 йилларда Тошкент шаҳар 23-болалар мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. Консерваторияни тамомлагач, умрининг охиригача Санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим бўлиб ишлади. 1994-2003 йилларда консерваториянинг мусиқий шарқшунослик кафедрасида ўқитувчи, сўнгги йили эса профессор вазифасида фаолият олиб борди. Ўн иккита уйғур муқомлари устида илмий ишлар ёзди, уларни ноталаштирди, 1988 йили уйғур муқомлари мавзуида номзодлик ва 2001 йили уйғур касбий мусиқа мероси бўйича докторлик диссертацияларини ёқлади.

 

Мусиқашунос А.Ҳошимов йиллар давомида ўзининг илмий мақолалари ва изланишлари билан халқаро анжуманларда фаол қатнашди. «О структуре уйгурских мукамов в условиях их бытования» («Макомы, мугамы и современное композиторское творчество» Ташкент, 1978), «Уйғур ўн икки муқоми» («Парвоз» Олмаота, 1979 й.), «Уйғур муқомлари» («Сов Ўзбекистони санъати» журнали, 1978, №6), «О некоторых проблемах изучения двенадцати уйгурских мукамов» (Актуальные проблемы уйгуроведения, Алма-Ата, 1983), «Локальные разновидности двенадцати уйгурских мукамов» («Музыка народов Азии и Африки» М. 1984), «Уйгурский санам» («Традиции музыкальных культур народов Ближнего, Среднего Востока и современность» М. 1987), «Двенадцать уйгурских мукамов в условиях современности» Борбад и художественные традиции народов Передней и Центральной Азии, Душанбе, 1990), «Двенадцать мукамов и их локальные особенности (на примере илийских строений, илийских мукамов)» (Маком, Берлин, 1992), «Уйғур ўн икки муқоми системаси ҳақида» (Уйғур он икки муқоми тадқиқоти, Пекин, 1992), «Уйғур халқининг ўн икки ноғора муқомлари» (Ражабийхонлик, Тошкент, 1993), «Уйғур ўн икки муқоми тадқиқотидаги бир қанча масалалар» (Уйғур Осиё тадқиқоти, Урумчи, 1989, №1) «Муқом» (Таджикская энциклопедия, 7 том. Т.,1978), «Доланские мукамы» (тезисы III Международного музыкального симпозиума, Самарканд, 1988), «Ноғора муқомлари» (тезис Истамбул, 1989), қўлёзма: «Двенадцать уйгурских мукамов» (нотные и поэтические тексты) 1 -2 том; «Нохшо жанри ва унинг алоҳидаликлари» (1989) каби илмий мақолаларни ёзди.

А.Ҳошимов композитор сифатида турли жанр ва шаклларда асарлар басталади. Торли оркестр учун «Адажио» (1970 й.), фортепиано учун «Тўртта пьеса», «Вариациялар» (1971 й.), виолончель, гобой, қўшнай ва фортепиано учун пьесалар (1973 й.), торли квартет учун «Икки пьеса», торли квартет, флейта ва фортепиано учун «Сонатина» (1974 й.), торли оркестр учун «Пассакалия» (1975й.), «Симфоник поэма» (1977й.), катта симфоник оркестр, аралаш хор, хонанда ва сухандон учун «Халқ қаҳрамони Содир полвон хотирасига» кантатаси (1977 й.), жўрсиз хор учун «Элим бор» (И.Искандар сўзи) асарлари, «Гулдаста» (Т.Наматов сўзи), «Булоқ қўшиғи» (Х.Ҳамроев сўзи) романслари, «Ғунчам» мусиқали драмаси (З.Қодирий асари) ва бошқалар шулар жумласидан.

Уйғур ва ўзбек халқлари маданияти намояндаси, олим ва ижодкор Абдулазиз Ҳошимов ўзининг кўпқиррали ижодий фаолияти билан кўп миллатли республикамиз мусиқа санъати ва мусиқашунослик фанининг ривожланишига катта ҳисса қўшди.