Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30

РАВШАН ЮНУСОВ

(1949)
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, санъатшунослик фанлари номзоди, Ўзбекистон давлат консерваториясининг мақом тарихи ва назарияси кафедраси профессори Равшан Юсупович Юнусов кекса авлод мусиқашуносларидан биридир. У муаллимлик, илмий-ижодий ва ташкилотчилик фаолияти билан юртимиз мусиқа маданиятини юксалтириш, ёш мутахассисларни тарбиялаш, миллий мусиқий қадриятларимизни тиклаш ва эзгу ниятларимизни рўёбга чиқаришда ҳормай-толмай хизмат қилиб келмоқда.

Юнусов Равшан Юсупович 1949 йилнинг 20 июлида Тошкент шаҳрида туғилди. 1964 йили Ҳамза номидаги пойтахт мусиқа билим юртининг мусиқа назарияси бўлимига ўқишга кирди. 1969 йили мусиқа билим юртини битириб, Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетига қабул қилинди. Умидли мутахассис 1974 йили консерваториянинг аспирантурасига киради. Мақом санъатининг билимдони, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Исҳоқ Ражабов илмий раҳбарлигида илмий изланишларини давом эттиради. Устози бошчилигида мумтоз мақом санъати асосларини ўрганди ва ўқишни битиргач, шу масалада изланишларини янада кенгайтирди. “Черты общности и различий в макомах и мугамах” номли ўзбек ва озарбайжон халқларининг мумтоз мусиқа жанрларининг қиёсий таҳлилига бағишланган номзодлик диссертациясини ёзиб, 1983 йили уни муваффақиятли ҳимоя қилди.

Р.Юнусов меҳнат фаолиятини 23-сонли болалар мусиқа мактабида дарс беришдан бошлади. У 1969-1974 йиллари назарий фанлар ва фортепиано ўқитувчиси, 1978-1981 йилларда консерваториянинг Халқ мусиқа кабинети мудири. 1979-1983 йилларда консерваториянинг Шарқ мусиқаси кафедраси ўқитувчиси, 1983-1987 йиллари композиторлик-мусиқашунослик факультети декани, 1989-1992 йиллари мусиқа тарихи кафедраси мудири, 1992-1996 йиллари илмий ишлар бўйича проректор, 1996-1997  йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирининг ўринбосари, 1997-2002 йилларда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваторияси ректори, 2002-2008 йилларда мусиқий шарқшунослик кафедраси мудири, 2008-йилдан кафедра профессори лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. 1995 йилда Ўзбекистон Бастакорлар уюшмасининг Х-қурултойида ҳайъат аъзоси ва жамоатчилик асосида раис ўринбосари вазифасига сайланган.

Р.Юнусовнинг ишлари турли мавзуларда, ўзбек ва рус тилларида ёзилган монография, рисола, ўқув қўлланма, хрестоматия, 150 дан ортиқ мақола, маъруза матнлари, ўқув дастурлар, тақризлардан иборат. Улардан айримларининг номларини эслатиб ўтамиз: “К проблеме узбекско-азербайжанских музыкальных связей» («Элм», Боку, 1977 й.), «Озарбайжон муғомлари» («Сов.Ўзбекистони санъати» журн. № 10,1978 й.) «Некоторые черты цикличности в макомах и мугамах» («Мецниереба», Тбилиси, 1979 й.), «Структурные особенности макомов и мугамов» («Вопросы музыки и эстетики», сб. 639, Ташкент, 1980 г.), «О сравнительном изучении макомов и мугамов» (изд. Г.Гуляма, 1981г.), «Мақомлар хусусида» («Билим» жамияти, Т. 1982 й.), «О параллелях в макомате и мугамате» («Вопросы музыковедения Узбекистана», № 692, Ташкент, 1982 г.) «Мақом асослари» курси дастури (А.Кушаев билан ҳаммуаллифликда педагогика институтлари мусиқа факультетлари учун Тошкент, 1982 й.), «Нодир санъат кўриги» («Тошкент ҳақиқати» газетаси 01.02.1983 й.), «Черты общности и различий в макомах и мугамах» (автореферат кандидатской диссертации, Ташкент, 1983г.), «К изучению макомно-мугамных жанровых соотношений» («Вопросы теории истории и исполнительства в музыке Узбекистана», Ташкент, 1984 г.), «Халқ бойлиги» («Ўзбекистон маданияти» газ. 1979 й.), «Очиқ хат» («Сов. Ўзбекистони санъати» журн. № 5,1985 й.) «Мусиқавий тил билан», мақола («Тошкент ҳақиқати» газ. 1987 й. 2 сентябр), «Фаттоҳхон Мамадалиев куйлайди» («Тошкент ҳақиқати» газ. 1988 й. 3 январ), «Новая жизнь макомных традиций» («Мелодия» № 2, журн. Москва, 1988 г.), «Мусиқа, давр, тингловчи» («Тошкент ҳақиқати», газ. 1988 й., 2 декабр), «Нафосат маскани» (газ. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1988 й. 16 декабр), «Навқиронлик» композитор Ҳабибулло Рахимов ижодий қиёфасига бир назар, («Санъат» журн. № 9,1990 й.), “Макомы и мугамы. К типологии жанров узбекской и азербайжанской профессиональной мелодии” монографияси (изд. «Фан», 1992 г.), «Навоий ғазаллари Ф.Мамадалиевнинг мусиқий талқинида» («Гулистон» журн. № 5, 1996 й.), «Қўшиқми ё ашула», мақола («Гулистон» № 2, жур. 1997 й.), «Мирсодиқ Тожиев ва ўзбек симфонияси» (Мусиқа ижодиёти масалалари, Т. 1997й.), А.Назаров билан ҳаммуаллифликда «Бухоро-Шарқ дурдонаси» (мусиқа мақоласи—ўзбек, инглиз ва рус тилларида. Т. 1997 й.), «Исҳоқ Ражабов — XX аср мақом алломаси» (Санъатшунослик масалалари. Илмий мақолалар тўплами, Т. 1998 й.), «Шашмақом тароналари хусусида» (Мусиқа ижрочилиги ва педагогикаси масалалари, тўплам № 1, 1999 й.), «Жаҳон андозаларидаги мусиқий қадриятларимиз» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газ. 18.09.1998 й.), «Ўзбек халқ мусиқа ижоди» ўқув қўлланмаси, иккинчи қисм («Зиё чашмаси», Т., 2000), «Миллий истиқлол мафкураси ва мусиқий жараён» («Мусиқа ижодиёти масалалари, 2 - тўплам. Т., «Янги аср авлоди», 2002), О.Иброҳимов ва Ф.Кароматли билан ҳаммуаллифликда «Халқ мусиқа ижодиёти», «Мумтоз анъанавий касбий мусиқа» мақолалари («Ўзбекистон санъати» 1991-2001 йиллар, Тошкент, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти, 2001 й.). Шунингдек, Х.Азимовнинг «Фортепиано дарслиги» (Тошкент, «Ўқитувчи» нашриёти, 1998 й.); Ф.Мамадалиевнинг «Миллий мусиқа ижрочилиги масалалари» (Т., «Янги аср авлоди», 2001 й.) қўлёзмаларини нашрга тайёрлаб чоп эттирган. «Шашмақом чолғу йўллари» — 5 та альбомга аннотациялар (т., 1987-1994), «Шашмақом ашула йўллари: Бузрук мақоми альбомига аннотация (1992 й.), “Фахриддин Содиқов” монографияси (Т.,2005), Миллий энциклопедияда “Мақом”, “Мақом ансамбли” мақолалари, Мақом ва муқом жанрлари қиёсига доир (Санъатшунослик масалалари. II, Т.,2005), Фаттоҳхон Мамадалиев ижодида мақом анъаналари (Шашмақом анъаналари ва замонавийлик (Т., 2005), О жанрово-стилевых особенностях научного симпозиума «Мир мугама» (Озарбайжон, инглиз, рус ва араб тилларида. Баку. 2009), Ўзбек халқ мусиқа ижоди. II қисм. (Т., 2000), Сольфеджио дарслиги (О.Иброҳимов билан ҳаммуаллифликда, Т., 2004) ўқув қўлланмаси, “О танцевальном в циклической структуре макома”//Материалы научного симпозиума на тему “Наука о мугаме в Азербайджане: реалии и перспективы” (7-9.03.2018), проведенный в рамках V Международного фестиваля «Мир мугама» (Баку, 2018), «Композитор Мирсодиқ Тожиев» илмий монографияси (Т., 2018) ва б.

Р.Юнусов бир қатор ҳужжатли фильмлар сценарийси муаллифидир. “Композитор Мирсодиқ Тожиев” (реж.А.Фатхулин, 2000), “Ризқи Ражабий. Мангулик ҳақида ўйлар” видеофильми (реж.Д.Шамс, 2001), “Исҳоқ Ражабий. Сўнмас юлдуз шуъласи” видеофильми (реж.Д.Шамс, 2002), “Турғун Алиматов” 2 қисмли ҳужжатли ўқув фильми (реж.А.Фатхулин, 2012) шулар жумласидан.

У Ўзбекистон композиторларининг ижодига бағишланган аннотациялар, буклетлар ҳамда номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилувчиларга оппонент, тақризлар муаллифидир. Шу жумладан Абдулазиз Ҳошимов, Оқилхон Иброҳимов, Салоҳиддин Муҳаммад Ҳасан, З.Зафарова, С.Райимбергенова, Е.Алкон каби олимларнинг камолотга етишишида ҳиссаси катта. Айниқса, унинг ўзбек мусиқа мероси, мақом, бастакорлик ижодига бағишланган радио ва телевизион туркумлари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинган.

Р.Юнусов 1999 йилда «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланган.