ФАЙЗУЛЛА ТЎРАЕВ

(1940-2020)

Таниқли санъатшунос олим, профессор Файзулла Жўраевич Тўраев 1940 йилнинг 18 майида Бухоро вилоятида таваллуд топди. 1958-1963 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг халқ чолғулари бўлимида таҳсил олди. 1963-2014-йилларда Бухоро давлат университетининг “Мусиқа” кафедрасида ёш авлодга таълим берди. 1989 йилдан педагогика фанлари номзоди.

Ф.Тўраевнинг илмий ишлари санъатшунослик ва мусиқа таълими муаммоларига бағишланган. У Бухоро мусиқа фольклори ва Бухоро Шашмақоми тарихи тадқиқотига бағишланган 3 та монография, 2 та илмий рисола ва 170 га яқин илмий, илмий-публицистик, илмий-тарихий ва педагогик мақолалар муаллифидир. Жумладан, олимнинг 2005 йилда “Мақом асослари”, 2009 йилда “Ўзбек чолғу асбоблари учун миллий куйлар” (С.Дўстов ва О.Файзиев билан ҳамкорликда) ўқув қўлланмалари, 1996 йилда “Санъаткор хонандаси”, 2008 йилда “Бухоро муғаннийлари”, 2005 йилда О.Сафаров ва О.Атоев билан ҳамкорликда ёзган “Бухорча” ва “Мавриги” тароналари” монографиялари нашр юзини кўрди.

Илмий изланишлар билан бирга Файзулла Тўраев бастакорлик билан ҳам шуғулланиб бир қатор сара куй ва қўшиқлар яратди. Халқ чолғулари ансамбли учун “Гулдаста”, қашқар рубоби учун “Насими субҳ” куйлари, “Гулга ошиқ” (М.Халил сўзи), “Онажон” (М.Дадабоев сўзи) ашулалари, болалар учун “Баҳор” (Д.Каримова), “Қор” (халқ сўзи), “Баҳоржон” (С.Барноев сўзи), “Баҳор келди” (Н.Комилов сўзи), “Боғча ялласи” (О.Сафаров сўзи) каби қўшиқлари жамоатчилик томонидан эътироф этилган.