МАКСИМ КОВБАС

(1921-1995) 

Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси аъзолари сафига 1959 йилда қўшилган, санъатшунослик фанлари номзоди, доцент, мусиқашунос Максим Ковбас халқ мусиқа меросининг замонавий жараёни муаммолари, санъат арбобларининг ҳаёти ва ижодий фаолиятларига оид илмий оммабоп мақолалари, китоблари билан ўзбек мусиқашунослиги ва мусиқа таълимида ёрқин из қолдирди.

Ковбас Максим Степанович 1921 йил 29 апрелда Украина Республикаси Черкас вилоятида туғилди. 1937 йилда Максим Тошкентга келади. 1937-1938 йилларда почтачи ва қурувчи бўлиб ишлади. 1939 йилда Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртининг халқ чолғулари бўлимига ўқишга кирди. 3-курсдан бошлаб назария бўлимига ўтди. 1942 - 1946 йилларда Иккинчи Жаҳон урушида қатнашди. Урушдан қайтгач Тошкент консерваторияси мусиқашунослик факультетига ўқишга кирди. 1950 йилда Т.С.Визго раҳбарлигида «Эпический симфонизм в русской музыке» мавзусида диплом ишини ҳимоя қилиб ўқишни битирди. Мусиқашунос М.С.Ковбаснинг ихтисослик бўйича меҳнат фаолияти, 1940 йилда Республика ўқувчилар саройи қошидаги 7 йиллик мусиқа мактабида ўқитувчиликдан бошлади.

Талабалик даврида Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа билим юртида мусиқа назарияси ва сольфеджиодан дарс берди. 1950 йилда консерваторияни битиргач, йўлланма билан Ҳамза номидаги санъатшунослик илмий тадқиқот институтида илмий ходим лавозимида ва Р.М.Глиэр номидаги Республика давлат мусиқа мактаб-интернатида 1990 йилга қадар гармония ва сольфеджиодан дарс берди. 1958 йил у консерваторияга таклиф қилинди ва олий даргоҳда умрининг охиригача ишлади.

М.Ковбас илк илмий ишини 1953-1955 йилларда Тошкент, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари қишлоқларида ўтказилган фольклор экспедицияда қатнашишдан бошлади. Улар ижрочилардан кўплаб халқ қўшиғи, лапар ва яллаларини тасмаларга ёзиб олиб, кейинчалик уларни нотага кўчириб, қуйидаги номларда чоп этишган: «Узбекская домбровая музыка», «Узбекская народная инструментальная музыка», «Музыкальное наследие узбекского народа» (1 - қисми) ва бошқа нота тўпламларида берилган. Москвада 1965-1967 йилларда илмий иш билан шуғулланди ва натижада «Е.Е.Романовская как исследователь узбекской народной музыки» мавзуида профессор Ю.В.Келдиш раҳбарлигида ёзилган диссертациясини ёқлаб, санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлди. 1952 йилда бадиий ҳаваскорлар раҳбарлари учун «Самодеятельные оркестры узбекских народных инструментов» ва ўзбек тилида «Қайта ишланган ўзбек халқ чолғу асбобларидан тузилган ҳаваскорлар оркестри» номли қўлланмаси  1961 йилда «Мусиқа оламида» китоби, 1963 йил “Ташкентская народная филармония” рисоласи, 1982 йилда «Е.Е.Романовская ҳаёти ва ижодий фаолияти» номли китоби Ғ.Ғулом номидаги нашриётда чоп этилди.

М.Ковбаснинг илмий тадқиқий мақолалари турли тўпламларда берилган. Булар: «В.В.Лейсек в Узбекистане» («Вопросы музыкальной культуры Узбекистана» Выпуск 2 изд., «Фан» 1969 й.) «Просветительная деятельность Чешских музыкантов в Узбекистане» (Кн: «Вопросы музыковедения» выпуск 2, изд. «Фан» 1971 й.); «Узбекские варианты мелодии Персидского хора М.И.Глинки» (в кн. «Проблемы музыкальной науки в Узбекистане» изд. «Фан», 1973 й.) «Музыкалное искусство Узбекистана в годы Великой Отечественной Войны» (журн. «Звезда Востока» 1975 й. №6); «Некоторые Вопросы развития музыкального образования в Узбекистане» (в кн. «Вопросы истории и теории узбекской музыки» изд. «Фан», 1976г.); «Музыкальная самодеятельность» (в кн. «Очерки Музыкальной культуры Узбекистана» изд. Худож.лит-ры, 1956 г.); «Народная опера в Ташкенте» (журнал «Сов.музыка» 1, 1961 йил); «Опера Хамза» (С.Бабаева, журнал «Сов.Музыка» 4,1961 й.) «Музыкальные связи Узбекистана и Украины» (в кн. «Вопросы музыковедения Узбекистана» изд. ТашГу, 1982 й.) Бу илмий мақолалардан ташқари у рус ва ўзбек тилларида 100 га яқин мақола, тақриз ва буклетлар ёзди. Консерваторияда битирувчи 30 та талабанинг дипломларига раҳбарлик қилди.

Мусиқашунос М.С.Ковбас қатор жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган.