САРВАР ЮСУПОВ

(1983-2020)

Истеъдодли бастакор Сарвар Мухамадсалиевич Юсупов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолари сафига 2011 йилда қабул қилинган. У 1983 йилнинг 5 октябрида Фарғона вилоятининг Фарғона шаҳрида таваллуд топган. 2002 йилда Фарғона давлат санъат билим юртининг фортепиано мутахассислигини, 2006 йилда Ўзбекистон давлат консерваторияси бастакорлик бўлимининг бакалавр босқичини,   2008-йилда магистратура босқичини тамомлаган. 2003-2005- йилларда профессор Ф.Алимов синфида, 2006-2008 - йилларда М.Бафоев қўлида таҳсил олди. 2004-2007-йилларда Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрида оркестр созандаси, 2008-2010 йилларда А.Навоий номидаги Давлат академик катта театрида стажёр-режиссёр, 2010 йилдан Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театрда оркестр созандаси вазифасида ишлаб келмоқда.

С.Юсупов талабалик йилларидаёқ ўзини илмга чанқоқ, янгиликларга ва ижод қилишга интилувчан шахс сифатида намоён этди. Унинг асарларида ўзбек миллий мусиқасининг барча хусусиятлари яққол намоён бўлиб туради. Талабалик даврида ёзган торли квартет (2003), фортепиано учун “Баллада” (2004), “Баҳром ва Дилором” симфоник поэмаси ва гобой учун “Сароб” пьесаси (2006), диплом иши сифатида тақдим этилган “Нажот кемаси” симфонияси ва овоз учун “Тановор” поэмаси (2008) асарлари С.Юсуповни композитор сифатида шаклланганлигини ва ўз овозига эгалигини исботлади.

Мустақил ижодий фаолияти давомида турли жанрларга мурожаат қилиб ўсмир болалар учун “Бахтиёр ёшлар қўшиғи” (2012), ватанпарварлик мавзуида “Аскар қўшиғи” (Ҳ.Зиё, 2013), “Ватан мардлари” (З.Юсупова, 2013) “Севинч қизинг куйлайди” (2015) каби асарларни яратди.

С.Юсуповнинг ижод марказини саҳна асарлари ташкил этади. Композиторнинг “Отабек ва Кумушбиби” (А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида, Ж.Жабборов инсценировкаси, 2006), “Матонат” (О.Хошимов асари, 2010), “Африка гўзали” (П.Меримэ асари, 2012), “Меъмор” (Э.Хушвақтов асари, 2013) “Уйғониш” (М.Муродов асари, 2017), “Дилдаги доғ” (Қ.Норқобил асари), “Қобил ва Хобил” (2018)  мусиқали драмалари, “Хасис бой ва хизматкор” (З.Солиева асари) мусиқий эртаги Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали театри репертуаридан, “Бошқача одамлар” (Охунжон Хошимов асари, 2010) мусиқали драмаси Фарғона давлат театри, “Яраланган оққуш ноласи” (Х.Рустамова асари, 2011) мусиқали драмаси Қарши театри, болалар учун ёзган “Қулоқсиз хўтикча” мусиқали эртаги Жиззах қўғирчоқ театри ва Республика театрлари репертуарларидан кенг ўрин олди. Гогольнинг “Шинель” асари асосида пантомимаси (2011) ҳам ўзининг мусиқий тили билан эътиборни жалб этади.

2011 йилда “Замон қаҳрамони” мавзусидаги Республика театрлари фестивалида С.Юсуповнинг “Матонат” ва “Бошқача одамлар” спектаклларига ёзган мусиқалари “Энг яхши мусиқий безак” номинацияси бўйича ғолиб деб топилган.

2017 йилда Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган “Ордо” театр фестивалида “Дилдаги доғ” спектакли “Энг яхши спектакль” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.