УЮШМА ҲАҚИДА
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

(1946)

Замонавий ўзбек профессионал мусиқа санъатининг намояндаларидан бири, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор Ҳабибулла Раҳимов 1970-йилларнинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси сафига кириб келди. У турли мавзу, шакл ва жанрларда хилма-хил, баркамол асарлар яратиб, мусиқа шинавандаларини хушнуд этиб келмоқда.

Раҳимов Ҳабибулла Ғайбуллаевич Тожикистон Рсспубликаси Хўжанд вилоятининг Нов туманида 1946 йилнинг 31 октябрида таниқли созанда Ғайбулла Раҳимов оиласида дунёга келди. Ҳ.Раҳимов Содирхон Ҳофиз номидаги Хўжанд давлат мусиқа билим юртида ўқиди. Ғижжак чалиш билан бир қаторда, унда мусиқа басталашга иштиёқ туғилади. Мусиқа билим юртини битиргач, 1964 йили Тошкент давлат консерваторияси композиторлик факультетининг тайёрлов бўлимига ўқишга кириб, Б.Ф.Гиенко синфида таҳсил олади. 1974 йили Давлат имтиҳонига шоир Тўлқин сўзига бадиий сўз устаси, яккахонлар, хор ва симфоник оркестр учун «Освенцим» номли ораториясини тақдим этди. 1974-1976 йилларда консерваторияда ассистент-стажерлик бўйича профессор Б.И.Зейдман синфида касб малакасини оширди.

Ҳ.Раҳимов консерваторияда ўқиш билан бир пайтда 1969-1974 йилларда Республика дамли чолғулар мактаб интернатида мусиқа назарияси фанидан ўқитувчилик қилди. 1977-1989 йилларда А.Қодирий номидаги Тошкент давлат маданият институтида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, 1989 -2018 йиллар мобайнида Ўзбекистон Давлат консерваторияда доцент, профессор лавозимларида фаолият юритди. Консерваторияда ишлаш билан бир қаторда Ҳ.Раҳимов 1992 йилдан буён Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг раис ўринбосари лавозимида ишламоқда.

Ҳ.Раҳимов яратган симфоник ва вокал-симфоник асарлар Ўзбекистон миллий симфоник оркестри репертуарини янада бойитди. «Симфоник поэма» (1974), альт ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1975), овоз (яккахон) ва симфоник оркестр учун «Концерт» (1977), Ибн Сино шеърларига «Бешта рубоий» (1980), Увайсий ғазалларига «Бешта романс» (1983), симфоник оркестр учун тўртта симфония — № 1 «Сегоҳ» (1978), № 2 (1984), № 3 (1991), №4 (корейс оҳанглари асосида-2007); корейс халқ куйларига «Фантазия» (1992), «Сайил» (1984), “Қутлов” (2000), “Хоразм жилолари” (2006) увертюралари, “Дўстлик садолари” вариациялари, “Мавриги” пьесаси, “Ёшлик орзуси” увертюраси (2018), фортепиано ва симфоник оркестр учун «Концертино» (1996), флейта ва симфоник оркестр учун “Туркча фантазия” (2008) шулар жумласидан. Камер оркестр учун «Раст» (1996), «Рақс» ва «Тонг» (1998), “Фидайда-1, -2” (2000) куйлари, уд ва камер оркестр учун «Фантазия» (1997), флейта ва камер оркестр учун «Оқшом қўшиғи» (1999), дутор ва камер оркестр учун «Қўштор» (2000), «Термалар» фантазияси (2001), қашқар рубоби ва оркестр учун «Арабча концерт- поэма» (2000). Ҳ.Раҳимов ўзбек композиторларидан биринчи бўлиб орган чолғуси, арфа, торли ва зарбли чолғулар учун «Концерт-фантазия» (1976) яратди.

Ҳ.Раҳимов ўзбек халқ чолғулари оркестри учун ҳам бир қатор асарлар яратди. Жумладан, қашқар рубоби ва оркестр учун «Қўшиқ ва рақс» (1981), най ва оркестр учун «Армуғон» (1990), рубоб - прима ва оркестр учун «Нақш ва тарона» (1990), қонун ва оркестр учун «Тарона ва уфор» (1992), дутор ва оркестр учун “Шарқона наво”, “Ариранг жозибалари” (2004) асарлари, туркман куйлари асосида “Фантазия” (2000), оркестр учун Сюита (1983), «Муборакбод», “Тасанно” увертюралари “Тасниф” ва “Уфор” асарлари, фортепиано ва оркестр учун «Ёшлик байрами» (1985) концертиноси, овоз ва оркестр учун М.Али сўзига «Номаълум солдат хотираси»га (1986) поэмаси, оркестр учун «Концерт» (1990), рубоб ва оркестр учун «Концерт» (1991), фортепиано ва оркестр учун «Фантазия» (1993), «Арабча рақс», «Японча рақс», «Ойдин кеча» (хитой куйлари асосида) (2001), “Сирли тун” (2004), “Тўй ҳангомаси” (2005), “Байрамона” (2006), “Тошкент фасллари” (2010), “Шаҳризода ҳикоялари” (2009), япон куйи асосида “Сакура” (2012), овоз ва оркестр учун Навоий ғазалига «Поэма» (1990), хонанда, хор ва оркестр учун Й.Муқимов сўзига «Баҳоуддин Балогардон» (1993), Ж.Жабборов сўзига «Соҳибқирон абадияти» (1996) ва Т.Ниёз сўзига «Истиқлол» (1998), Й.Муқимов сўзига “Хожаи Жаҳон” (2007) ораторияларини ёзди. Бу асарлар оркестр репертуарларини бойитиш билан бир қаторда олий ва ўрта махсус ўқув юртлари репертуарларига киритилган.

Ҳ.Рахимов дамли чолғулар хусусиятларини, чолғулаштириш йўлларини пухта ўрганиб, бу борада ҳам катта муваффақиятларга эришди. Композитор дамли чолғулар оркестри учун «Шодиёна» (1982), «Тонг» (1987) увертюраларини, «Юмореска» (1985), «Скерцо» (1986), «Рақс» (1987), «Ёшлик» (1987) пьесаларини, 2 та сюита (1989, 1990), 3 та марш (1993-95) яратди. 1988 йили дамли чолғулар оркестри партитурасини ўқиш учун «Мажмуа» (Хрестоматия) тузди.

Ҳ.Рахимов 1975 йили Уйғун билан ҳамкорликда «Парвона» номли илк мусиқали драмасини ёзди. Композиторнинг «Она қалби» деб номланган биринчи операси шоир Жамол Камолнинг «Армон» достони асосида яратилган. Унинг либреттоси машҳур режиссёр Ф.Сафаров қаламига мансуб. Ушбу операнинг премьераси Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрининг кичик саҳнасида 1987 йили бўлиб ўтди. Композитор яратган «Мушкул савдо» (М.Бобоев пьесаси) мусиқали драмаси 1989 йили, «Келин танлов» (Р.Азизхўжаев) мусиқали комедияси 1997 йили саҳна юзини кўрди. 1999 йили эса Ҳ.Раҳимов У.Азимов либреттосига «Алпомиш ва Ойбарчин» операсини, 2012 йилда “Фарход ва Соннё” балетини яратди.  

Ҳ.Раҳимов қўшиқ ва романс жанрларида ҳам ижод қилди. Муаллифнинг «Соғинганда» (1984) номли тўпламига Ибн Сино рубоийлари туркуми, Ҳамид Олимжоннинг «Соғинганда», Рамз Бобожоннинг «Узоқда», «Юлдузлар», «Бўрон», «Менинг севгим» каби романслари киритилган. «Меҳрим гули» тўпламида «Ўзбекистон» (Ойбек шеъри), «Тошкент қасидаси» (М.Жаббор шеъри), «Қалбим дунёси» (Гулрухсор шеъри), «Дўстлик мадҳи» (Назармат шеъри), «Тошкент-Душанбе» (Назармат шеъри) қўшиқлари ва «Фаввора», «Висол» (Б.Бойқобилов шеъри), «Боқишларинг» (Назармат шеъри), «Орзу» (Увайсий ғазали) романслари ўрин олган.

Ҳ.Раҳимовнинг ватанпарварлик мавзуида басталаган «Ғалаба бонги», «Аскарлар қўшиғи» (Назармат шеърлари), «Туркистон марши» (Ж.Камол сўзи) каби қўшиқлари Республика қўшиқ танловларида ғолиб чиққан.

Композитор болалар учун ҳам бир қатор қўшиқлар яратди. Улар орасида «Дўмбоқчалар қўшиғи», «Боғча опам», «Ой боламиз — той бўламиз», «Бухоро», «Самарқанд» (С.Барноев сўзлари) алоҳида ажралиб туради. Шунингдек, фортепиано учун «Альбом»ига 16 та асар, фортениано учун 18 та халқ куйларини мослаштирди, қашқар рубоби тароналари, дутор, ғижжак ва фортепиано учун пьесалар, кларнет ва труба учун сонаталар ёзди.

Ҳ.Раҳимовнинг сара асарлари нафақат Ўзбекистон ва Марказий Осиё республикаларида, балки чет элларда - Россия, Туркия, Миср, Болгария, Франция, Японияда ҳам муваффақиятли ижро этилган.

Ҳ.Раҳимов 1997 йили «Шуҳрат» медали билан мукофотланди, 2001 йили «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» унвонига сазовор бўлди.