Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

                            АДАМБОЕВА ТОЖИГУЛ

(1934-2008)

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, санъатшунослик фанлари номзоди Тожигул Адамбоева қорақалпоқ аёлларидан чиққан биринчи олима-мусиқашунослардан. У халқ мусиқа мероси, бахшилар ижоди ҳамда замондош санъаткорлар фаолиятини ўрганиш ва тарғиб қилиши билан республика мусиқа маданияти ривожига катта ҳисса қўшди.

Адамбоева Тожигул 1931 йил 20 май куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳрида дунёга келди. Болалигидан ота-онасидан айрилиб болалар уйида тарбияланди. 1940-1943 йилларда мусиқа мактабининг фортепиано синфида ўқиди. 1943-1950 йилларда Р.Глиэр номидаги Республика мусиқа мактаб-интернатида ўқиди. 1950-1955 йилларда Тошкент давлат консерваториясининг мусиқашунослик факультетида профессор Я.Б.Пеккер раҳбарлигида таҳсил олиб, «Қорақалпоқ халқ мусиқаси тарихи» мавзуида диплом ишини ёқлади.

Т.Адамбоева 1955 йилдан Нукус шаҳри мусиқа мактабида фортепиано ва мусиқа назариясидан дарс берди, Республика радио қўмитасининг бадиий раҳбари сифатида фаолият юритди.

1959 йили Ўзбекистон фанлар академиясининг Қорақалпоғистон филиали Нукус шаҳрида очилиши билан Т.Адамбоева институтнинг санъатшунослик бўлимига ишга таклиф этилди. Мазкур даргоҳда у илмий ходим ва бўлим мудири вазифаларида узоқ йиллар давомида ишлади. Шу сабабли унинг ижодий-илмий фаолияти шу даргоҳ ва Қорақалпоғистон Бастакорлар уюшмаси билан (1966й.) боғлиқ. Т.Адамбоева Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси аъзолигига 1968 йилда қабул қилинган. Шу йили «Музыкальная культура каракалпакского народа» мавзусида диссертациясини ёқлади ва санъатшунослик фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди.

Мусиқашунос Т.Адамбоева халқ мусиқа меросини ўрганиш мақсадида фольклор экспедицияларида қатнашиб машҳур бахшилардан куй, қўшиқ ва достонларни магнит тасмаларига ёзиб олди, уларни нотага тушириб тўпламлар тузди. Т.Адамбоева «XIX аср охири ва XX асрнинг биринчи ярмида қорақалпоқларнинг мусиқий маданияти», XIX асрда яшаб ижод этган машҳур бахши «Мусо Турумов ҳаёти ва ижодий фаолияти», Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари, бастакор Ж.Шомуротов ва композитор О.Ҳалимовларга бағишланган йирик монографияларни яратди. Узоқ йиллар давомида Т.Адамбоева илмий ишлардан ташқари Қорақалпоғистон Бастакорлар уюшмаси ишларида фаол иштирок этиб келди. Бир неча йил уюшма ҳайъати раиси ҳам бўлди. Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳайъати аъзоси этиб сайланди.

Т.Адамбоева серғайрат илмий-ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан мусиқа маданиятига, қорақалпоқ санъатшунослик фанига катта ҳисса қўшди.