Ташкилий тузилмаси
ЎЗБЕКИСТОН КОМПОЗИТОРЛАРИ ВА БАСТАКОРЛАРИ УЮШМАСИ

 

АНОНС

Дш Сш Чш Пш Ж Ш Як
1
2
3
4
5
6
7
8
9
10
11
12
13
14
15
16
17
18
19
20
21
22
23
24
25
26
27
28
29
30
31

Ўзбекистон халқ ҳофизи, таниқли бастакор, хонанда Эркинбой Рўзматов бастакорлик санъати анъаналарини давом этиб келаётган устоз санъаткорлардан. Унинг ижоди ўзининг ранг-баранглиги, сержилолиги билан диққатни жалб этади.

Эркинбой Рўзматов 1961 йилнинг 3-сентябрида Фарғона вилоятининг Қува туманида деҳқон оиласида таваллуд топди. Уларнинг оиласида мусиқа садолари мунтазам янграб турган. Отаси Орзимат ота қўшиққа ихлосманд бўлиб, ўзи ҳам хиргойи қилиб турган. Онаси Офтобойим яхши ижроларни фарқлай оладиган зукко аёл бўлган. Оилада беш фарзанднинг кенжаси бўлган Эркинбой эсини танигандан санъатга ошуфта бўлган. Болалигидан зўр ҳофиз бўлиб етишишни орзу қилган.

Э.Рўзматов дастлаб мактаб тўгаракларида, сўнгра туман марказидаги мусиқа мактабида ва ўқувчилар саройида мусиқа саводини чиқара бошлади. У ерда рубоб ва доира чалишни, куйлашни завқ билан ўргана бошлади. 1976  йили Фарғона билим юртига ўқишга кириб, ғижжак сози бўйича Ортиғали Турсуновдан таҳсил олади, Рахмиддин Қипчақов, Мухторжон Тешабоев, Абдувохид Межидовлардан доира, ашула айтиш сирларини ўрганади.

1980 йилда тумандаги машҳур “Анор” халқ ансамблида созанда ва хонанда бўлиб ўз иш фаолиятини бошлайди. У ерда устозлардан Ёқубжон Хошимов, Мухторжон Тешабоев, Бахтиёр Эргашев, акаси Озодбек Рўзиметовлардан сабоқ олиб, туман, аста – секин вилоят саҳналарида кўрина бошлади. 1981 йили Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга кириб, Ўзбекистон халқ артистлари Орифхон Алимаҳсумов, Саодат Қобулова, Фаттоҳхон Мамадалиев, ёш устозлар Маҳмуджон Тожибоев ва Раҳматжон Қурбоновлардан мақом ижро йўлларини ўрганади. Ўқиш даврида бастакорлик санъатига ҳам қизиқиб, Чустий ғазалига “Сайёра бўлма дейди”, Муқумий ғазалига “На бўлди”, Олимжон Холдор шеърига “Кел ёр соғинибман” ашулаларини басталайди. Ўз ижод намуналарини, халқ меросини, “Ёввойи тановар”, Навоий ғазалларига Комилжон Жабборов мусиқаси билан “Мубтало бўлдим санга”, Орифхон Хотамовнинг “Қоши ёсинму дейин” ашулаларини маромида ижро этиб, радио ва телевиденияларда тарғиб қилди ва тез орада мухлислар орттирди.

1986 йилда Э.Рўзматов ўқишни тугатиб, Юнус Ражабий номидаги мақомчилар ансамблига ишга қабул қилинди. Бу даргоҳ Э.Рўзиматов учун ҳаёт ва ижод мактабига айланди. Бу ер ҳақиқий мақомдон ҳофизу - ҳофизалар, хассос созандалар даргоҳи эди. Устозлардан ижро услубларини янада мукаммал ўрганди, мақом туркумларини стереога ёзиб олишда фаол иштирок этди. Ўзи басталаган “Гулзор эрур”, “Сендан уялармиш”, “Зор этиб” каби ўнлаб ашулаларини радио ва телевидение “Олтин фонди”га ёзди.

1990 йилда Э.Рўзматовни Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” ансамблига ишга таклиф қилинади. Бу ансамблда ажойиб устозлар Қахрамон Дадаев, Хайрулла Лутфуллаев, Т.Сайфуллаев, Рушаной Шарипова, Маъмура Эргашевалар билан ҳамкорликда ишлади. Бу даврда Навоий, Бобур, Саккокий, Лутфий, Амирий, Машраб, Чустий ғазалларига, М.Юсуф, О.Ҳакимов, П.Мўмин, А.Суюн шеърларига қатор ашулалар басталади. “Сурмага муҳтож эмас”, “Дарё тошқин”, “Бебаҳолардан”, “Унутдиларму”, “Илтижо”, “Айламиш”, “Лаҳза-лаҳза”, “Ниҳон ўлди”, “Ғунчадек кўнглим менинг”, “Саждагоҳимсан Ватан”, “Ўзбек она”, “Кўнглимни бердим”, “Битта осмон остида”, “Ҳам шукур қил, ҳам фикр қил”, “Бу жаҳон”, “Маҳлиқолар”, “Раънолигича”, “Енгиб ўтса”, “Уйқудадур” ашулалари шулар жумласидан.

Э.Рўзматов 2012 йилдан буён Ўзбекистон давлат консерваториясининг анъанавий хонандалик кафедрасида ёш авлодга хонандалик сирларини ўргатиб келмоқда. Талабалардан тузган ансамбли билан мақом туркумларини, халқ ашулаларини, бастакорлар асарларини ижро этиб, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Олтин фонди”га ёзмоқда.

 

Э.Рўзматов Фарғона-Тошкент ижро йўлига хос бўлган “Сегоҳ” ашуласини туркумлаштириб, “Сегоҳ” туркумини яратиб, мақом дурдоналари сафини кенгайишига ўз ҳиссасини қўшди.   

Э.Рузматов миллий мусиқамиз намуналарини нафақат Республикамиз, балки Франция, Германия, Бельгия, Голландия, Корея, Япония, Туркия каби кўплаб хорижий давлатларда тарғиб қилишда ҳам ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда.

Э.Рўзиметов 2000 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 2013 йилда “Ўзбекистон халқ ҳофизи” фахрий унвонлари билан тақдирланди.