(1916-2002)

Мутал (Мутаваккил) Музаинович Бурҳонов бастакорлик ижоди карвонбошилардан бири, мустақил Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасининг муаллифи, Ўзбекистон халқ артисти, Ҳамза ва Бердақ номли Давлат мукофотлари совриндори, «Эл юрт ҳурмати» ва «Буюк хизматлари учун» орденлари соҳиби, ўзбек халқининг севимли бастакори. М.Бурхонов 1916 йил 5 майда Бухоро шаҳрида таваллуд топган.

Мусиқа сабоқларини Самарқанд мусиқа ва хореография институтида, Москва консерваториясида олиб, 1949 йилда композиция ва дирижёрлик факультетларини битирди.

М.Бурхонов ижодий фалияти давомида турли жанрларда ижод қилиб бадиий етук асарлар яратди. Ижодининг асосий қисмини вокал мусиқа ташкил этади. Композиторнинг «Эй булбул», «Бути нозанинам», «Ишқ ўти», «Ишқида», «Табассум қилмадинг», «Сени соғиндим», «Келса ногоҳ» каби қўшиқ ва романслари, жўрсиз хор учун қайта ишланган «Гуле гандум», «Дамкўл-дамкўл», «Айрилиқ» каби шарқ халқлари куйлари, вокал-симфоник асарлари, сухандон, солист, хор ва оркестр учун «Алишер Навоийга қасида», «Номаълум аскарга эпитафия», «Абадий хотира» реквиеми, «Алишер Навоий» операси ва бошқа асарлари мусиқа санъатимизнинг «олтин хазинаси»дан ўрин олган.

«Намедонам чи ном дорад» романс-поэмаси, «Сари кўҳи баланд», тожик халқ куйи обработкаси композитор ижодининг нафақат ўзбек, балки тожик халқ оҳангларига хос хусусиятларини ҳам намоён этади. «Бой ила хизматчи», «Абу Али ибн Сино», «Сурайё», «Тарк этилган келин» кинофильмларига ёзган мусиқаси, М.Левиев ва И.Акбаров билан ҳамкорликда «Мафтунингман» ва «Орол балиқчалари» кинофильмларига яратган дилбар қўшиқлари мусиқа маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирди.